Карвонсарой

Қирғизистондаги ёшлар етакчилари зўравонлик экстремизми ва терроризмга қарши кураш бўйича ЕХҲТ тренингида иштирок этдилар

Карвонсарой

ИССИҚ-КЎЛ, Қирғизистон – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) томонидан Иссиқ-кўл шаҳрида терроризмга олиб борадиган зўравонлик экстремизми ва радикаллашувга қарши курашга бағишланган уч кунлик семинар ўтказилди. Бу ҳақда сешанба (18 июнь) куни ташкилот расмий сайтида хабар берилган.

Қирғизистоннинг барча етти вилоятидан келган 30 га яқин ёшлар фаоллари сешанба куни ниҳоясига етган интенсив ўқув машғулотларида қатнашди.

Тренинг машғулотлари Ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши кураш хизматининг 3 нафар мутахассиси томонидан олиб борилди.

«Иштирокчиларнинг тегишли қонунчилик базаси, бағрикенглик ва хилма-хилликнинг асосий шартлари, концепциялари ва тамойиллари, интернетда зўравонлик экстремизмининг олдини олиш, шунингдек, терроризмга олиб борадиган зўравонлик экстремизми ва радикализмни ҳаракатлантирувчи омиллар ва уларнинг олдини олиш усуллари борасидаги хабардорлиги оширилди», дейилади сайтда.

«Ўқув курслари Қирғизистондаги ёшлар етакчиларининг бир ёқадан бош чиқариши, уларнинг терроризмга олиб борадиган зўравонлик экстремизми ва радикаллашув ҳақидаги билимларини ошириш, шунингдек, нафақат Қирғизистон, балки бутун минтақадаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун яхши платформа бўлиб хизмат қилади», дейди Бишкекдаги ЕХҲТ дастурлари идорасининг полиция билан ҳамкорлик бўйича ходими Сергей Сизов.

Иштирокчилар гуруҳда ва индивидуал тарздаги интерактив машғулотларда, жумладан тақдимотлар, мунозаралар, мавзули тадқиқотлар ва амалий машқлар, шунингдек, бадиий саҳна кўринишларида иштирок этдилар.

ЕХҲТ маълумотларига кўра, бу каби тадбирлар ёшлар етакчиларига терроризмга олиб борадиган зўравонлик экстремизми ва радикаллашувга қарши жамоавий миқёсда курашиш бўйича ўз чораларини ишлаб чиқишга имкон берди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500