ХОРУҒ, Тожикистон – 17-22 июнь кунлари Тожикистоннинг Хоруғ шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) тожик чегарачилари учун мўлжалланган 3-босқич тренинглари якунланди, деб хабар берилади душанба (24 июнь) кунги ЕХҲТ баёнотида.
«Тренинг йил бошида Хатлон ва Сўғд вилоятларида олиб борилган шу каби ўқув курсларининг сўнггиси бўлди», дейилади баёнотда. Барча курслар аввалги ЕХҲТ курсларини тамомлаган Тожикистон чегара қўшинлари аъзолари томонидан олиб борилган.
ЕХҲТ баёнотига кўра, учта икки ҳафталик курсларда 100 та чегара ходими қандай қилиб самарали кузатув олиб бориш, биринчи ёрдам ва оператив режалаштириш сабоқларини олди.
Шу билан бирга, курсларда «патруль назорати олиб бориш, минасизлантириш ҳақида маълумот бериш, чегара хизматида гендер муаммолари ҳамда кинологлар хизмати ҳам қамраб олинди», дейилади ҳужжатда.
«Тренинг давомида чуқур профессионал малакага эга мутахассислардан олинган барча билим ва кўникмаларни кундалик фаолиятимизда қўллашимиз биз учун жуда муҳим», деди тренинг иштирокчиси Давлатҳусаинов Авлиёҳусайн.
«Мазкур ўқув курслари Тожикистон миллий чегара стратегияси ижросининг муҳим қисми ҳисобланади. Душанбедаги ЕХҲТ дастурлари идораси чегара қўшинларининг салоҳиятини ошириш ва шу билан давлат хавфсизлиги ва барқарорлигига ҳисса қўшишда Тожикистонни қўллаб-қувватлашда давом этади», деди Душанбедаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари Валериу Чивери.