Карвонсарой

Путин АҚШ билан тузилган ядровий ракеталар битимини расман тўхтатди

Карвонсарой ва AFP

МОСКВА – Россия президенти Владимир Путин чоршанба (3 июль) куни АҚШ собиқ президенти Рональд Рейган ва совет етакчиси Михаил Горбачев ўртасида имзоланган қуролланиш назорати бўйича муҳим битимни тўхтатиб турувчи ҳужжатни имзолади.

Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги (INF) шартномаси 1987 йилда Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида имзоланган.

Қўшма Штатлар шартноманинг Россия томонидан бузилиши сабабли ундан воз кечишини эълон қилганидан сўнг, март ойида Москва INF шартномасидаги иштирокини тўхтатган эди.

Бир неча йил давом этган расмий шикоятлар ва муаммони дипломатик йўл билан ҳал этиш уринишларидан сўнг, АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчилари Россия Совуқ уруш даврининг муҳим шартномасини «очиқдан-очиқ бузмоқда» деган хулосага келишди.

Вашингтон 2013 йилдан бери Кремлнинг INF битими талабларини бузиб келаётганини таъкидлаган. Бу АҚШ Давлат департаментининг 2014-2018 йиллар давомида чиқарилган йиллик ҳисоботларида ўз аксини топган.

Чоршанба куни Путин шартномани янгилаш ҳақидаги ҳар қандай қарор Россия президенти томонидан қабул қилинишини кўзда тутувчи ҳужжатни имзолаб, битимни расман тўхтатган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500