http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/01/08/feature-01
| Терроризм

Қозоғистонда Сурия ва Ироқдан қайтган ёш болалар реабилитация қилинмоқда

Ксения Бондал

Қозоғистон ҳукумати оилалари билан уруш ҳудудларидан қайтган болаларни реабилитация қилиш ва қисқа муддатда жамиятга қайта мослаштиришга ҳаракат қилмоқда. Суратда: 2018 йилнинг 25 сентябрь куни Остонадаги 76-сонли мактабда дарслар орасидаги танаффус пайтида ўйнаётган қозоғистонлик болалар. (Станислав ФИЛИППОВ / AFP)

ОЛМАОТА – Сурия ва Ироқдан оилалари билан Қозоғистонга қайтган ўнлаб болалар мамлакатдаги қўллаб-қувватлаш марказларида махсус реабилитация ва таълим олмоқдалар, деб хабар берган фуқаролик жамияти фаоллари.

Ўтган икки йил давомида 39 оила, жумладан 91 нафар бола Қозоғистонга қайтган, деб хабар берди Bnews.kz нашри 19 декабрь куни.

«Улар бошқа давлатда туғилган бўлса ҳам, Қозоғистон фуқаролари ҳисобланади», деди «Право» («Ҳуқуқ») нодавлат ташкилоти раисаси Ольга Рил Олмаотада террорчилик ҳаракатлари олиб борилаётган ҳудудлардан қайтган вояга етмаган ёшларни дерадикализация ва реабилитация қилишга бағишланган семинар чоғида.

Видеотасвирдан олинган кадрда «Ислом давлати» (ИД) лагерида машғулотар ўтаётган, қозоқ миллатига мансуб экани айтилган ёш болалар акс этган. Видеолавҳа судланган қозоғистонлик жангари Нурхан Сейткали томонидан 2014 йилда интернетга жойланган эди. (Файл)

Қозоғистонда уруш ҳудудларидан қайтган фуқароларни дерадикализация ва реабилитация қилиш билан шуғулланадиган 13 та марказ мавжуд, деган у Bnews.kz нашрига кўра. Бу марказлар Қарағанда, Жамбул ва Ақтўбе вилоятларида, шунингдек, Кўкчатов, Атирау, Жезқозғон ва Қаскелен шаҳарларида ҳам бор.

Марказлар икки мақсадга хизмат қилади, деди Рил. Оилалар қайтган заҳоти уй-жой билан таъминланади ва уларга юридик ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, бу марказларда аёлларга касб-ҳунар ҳам ўргатилади.

Баъзан болаларнинг отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ва уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам йўқолган болади, бундай ҳолатларда уларнинг Қозоғистон фуқароси эканлигини исботлаш талаб этилади, деди терроризм ва хавфсизлик бўйича олмаоталик таҳлилчи Леся Каратаева.

Айрим ҳолларда эса қозоғистонлик аёл турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан Сурияга кетади, у ерда эри ҳалок бўлганидан кейин бошқа мамлакатдан келган жангарига турмушга чиқиши мумкин, деди у.

«Энди у аёл бошқа эркакдан фарзанд кўради ва у одам Қозоғистон фуқароси бўлмаслиги мумкин», деди у Карвонсарой нашрига. «Биз оилани буза олмаймиз, айни вақтда, оталари Қозоғистон фуқароси бўлмагани учун болаларни Сурияда ҳам қолдира олмаймиз.»

«Шу сабабли Сурия ҳукумати уларнинг терроризмга алоқадорлигини текширмоқда», деди у. «Агар Сурия томонида уларга нисбатан ҳеч қандай айблов бўлмаса, бу шахслар бизга қайтарилади.»

«90 та болани қайтариш ҳам бу жараёнда иштирок этган ҳукумат идоралари, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги учун жуда катта ютуқ», деди Каратаева.

Муваффақиятга эришиш

Талаб этиладиган ҳуқуқий ёрдам ва реабилитацияга қараб аёллар ва болалар реабилитация марказларида олти ойдан бир йилгача қолишлари мумкин, деди Рил.

«Ҳужжатларни тиклаш учун анча вақт талаб этилади», деди у, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун камида уч ой кетиши мумкинлигини қўшимча қилар экан.

Шунга қарамай, реабилитация марказлари фаолиятида олға силжиш кузатилмоқда.

Қозоғистонга қайтган биринчи бола реабилитациядан муваффақиятли ўтиб, ҳозирда 7-синфда ўқимоқда, деди Рил.

Қозоғистонга қайтган 40 та ота-онадан 13 нафари айни дамда иш билан таъминланган, деди у. Яна 13 таси уч ёшга етмаган фарзандлари борлиги сабабли ҳали ишламайди. Қолган 14 таси эса иш қидиряпти, олтитаси касб-ҳунар курсларида таълим олмоқда.

Марказлар оловли нуқталардан қайтган ёшларни дерадикализация қилиш устида ишлаётганига қарамай, уларнинг экстремистик ташкилотларга қайта жалб қилиниши хавфи сақланиб қолмоқда, деб хабар берган «Евросиё» телеканали 19 декабрь куни.

Телеканалга кўра, ушбу хавфни бартараф этиш учун Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ижтимоий ривожланиш вазирлиги жорий йилда уруш ҳудудларидан қайтган болалар билан ишлайдиган диний мутахассисларни тайёрлаш дастурини амалга оширишни режалаштирган.

«Бу болалар Қозоғистонга келганлари заҳоти тинч ва оддий ҳаётга қайтишлари биз учун жуда муҳим», деди таълим вазири Ерлан Сагадиев телеканал мухбири билан суҳбатда. «Ижтимоий муаммолар ва чуқур руҳий жароҳатларни бартараф этиш учун руҳшунослар, ижтимоий хизмат ходимлари ва ҳукумат идораларининг мувофиқлашган ҳаракати талаб этилади.»

Бахтли болаликни таъминлаш

Болаларни реабилитация қилиш катталарни дерадикализация қилишдан фарқланади, деди Остона геосиёсий тадқиқотлар институти директори Асилбек Избаиров.

Болалар мураккаб илоҳиёт терминологиясига муҳтож эмас, деди у Карвонсаройга. Улардаги эмоционал жароҳатларни даволаш учун бахтли болаликни таъминлашнинг ўзи кифоя.

«Катталарда эса ундай эмас», дейди Избаиров. «Агар улар экстремистик мафкура таъсирига тушиб қолган бўлса, уларни тўғри йўлга қайтариш учун жиддий равишда диний тарбия ишларини олиб бориш керак бўлади».

«Аёл террорчилик ҳаракатини амалга оширгунига қадар шахс сифатида синдирилган бўлиши мумкин, кейин ўша ҳолатдан чиқиш учун кучли психологик ёрдамга муҳтож бўлади, бироқ 10 ёшгача бўлган бола бу мафкура таъсирига тушмаган бўлади», деди у. «Болалар қандайдир ноқонуний хатти-ҳаракат қилсалар ҳам, улар буни онгсиз равишда, кимнингдир буйруғи билан содир этадилар.»

Избаировнинг айтишича, видеолавҳаларда қурол ушлаб тургани кўрсатилган болалар ўз ихтиёрлари билан қўлларига қурол олишмаган. Бунда улар ё ота-оналаридан ўрнак олаётган, ёки уларнинг кўрсатмасига биноан иш тутаётган бўладилар.

Тавба қилиб, йўлдан адашганликларини тан олган ота-оналар ўз фарзандларини реабилитация қилишда муҳим роль ўйнайдилар.

Жамиятга қайта мослаштириш

Жанговар ҳаракатлар ҳудудларидан қайтган фуқароларни дерадикализация ва реабилитация қилиш Қозоғистон учун янгилик эмас, дейди Олмаотада яшовчи хавфсизлик бўйича таҳлилчи Леся Каратаева.

Унинг сўзларига кўра, террорчилик жиноятларини содир этишда айбланган шахсларни реабилитация қилишга қаратилган давлат дастури бир неча йилдан бери амалда. Ўқитувчи ва дин арбоблари радикаллашувни камайтириш ва Сурияга боришга уринишларнинг олдини олиш учун уларнинг турмуш ўртоқлари билан ишламоқда.

Шундай бўлса-да, бунгача мамлакатда болаларнинг хориждаги уруш ҳудудларидан оммавий равишда қайтиши кузатилмаган эди, деди Каратаева.

Кўп ҳолларда, реабилитация жараёнини бошлаш олдидан болалар қозоқ ёки рус тилини қайта ўрганишлари керак, сабаби улар Яқин Шарқда яшаб тилни унутган бўладилар.

«Мақсад, уларни қозоқ жамиятига қайта интеграция қилиш. Яъни, болалар оддий мактаблар ва болалар боғчаларига бориб, у ерда жамиятга мослашишлари ва ўзларини одамлардан ажралгандек ҳис қилмасликлари лозим», деди у. «Оналар ҳам давлатнинг қўллаб-қувватловига муҳтож, улар иш топиши, саломатлигини тиклаши керак».

«Биз болаларнинг имкон қадар тезроқ жамиятга қайта мослашувини таъминлашимиз зарур, улар тўсиқларга дуч келмаслиги ва одамлардан ажралиб қолмаслиги учун бу жараённи эҳтиёткорлик билан амалга ошириш керак бўлади», деди Каратаева.

«Таълим вазирлиги шу мақсадда янги дастурларни ишлаб чиқмоқда», деди у. «Жамиятнинг ўзи бу одамларни қабул қилиш ва уларга нормал ҳаётда қайтиш имкониятини беришга тайёр бўлиши керак».

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha