http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/07/30/feature-02
| Иқтисодиёт

Қозоғистон савдо ва хавфсизлик соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда

Айдар Ашимов


Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин (чапда) 11 июль куни Душанбеда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан қўл сиқишмоқда. (Тожикистон президенти матбуот хизмати)

Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин (чапда) 11 июль куни Душанбеда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан қўл сиқишмоқда. (Тожикистон президенти матбуот хизмати)

НУР-СУЛТОН – Яқинда Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар билан юқори даражаги учрашувлари ўзаро муносабатларнинг илиқлашуви бўйича узоқ муддатли тенденциянинг бир қисми бўлиб, минтақада савдо ва хавфсизликни кучайтиришга хизмат қилади, дейди кузатувчилар.

Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин 11 июль куни Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва бош вазири Қоҳир Расулзода билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш борасида музокара ўтказди, деб хабар берди Маминнинг матбуот хизмати.

«Қозоғистон Тожикистон билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали шерикликни кенгайтириш ниятида», деб айтган Мамин учрашувда.


Қирғизистон бош вазири Мухаммедкали Абилғозиев (чапда) ва Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин 12 июль куни Бишкекда фахрий қоровул олдидан ўтмоқдалар. (Қирғизистон президенти матбуот хизмати)

Қирғизистон бош вазири Мухаммедкали Абилғозиев (чапда) ва Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин 12 июль куни Бишкекда фахрий қоровул олдидан ўтмоқдалар. (Қирғизистон президенти матбуот хизмати)

Қозоғистон маҳсулот айланмаси бўйича Тожикистоннинг иккинчи энг йирик савдо ҳамкоридир, деди Расулзода. Унинг қўшимча қилишича, икки мамлакат келгуси уч-тўрт йил ичида йиллик савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга ҳаракат қилмоқда.

Қозоғистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2018 йилда Тожикистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми 8,2 фоизга ошиб, 900 миллион долларни ташкил этган.

Маминнинг расмий ташрифи асносида икки мамлакат қозоқ-тожик ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган умумий қиймати 80 миллион доллардан ортиқ 11 та битимни имзолаганлар.

«Тожикистон қозоғистонлик инвесторларга қатор истиқболли лойиҳалар, жумладан, агросаноат тармоқлари ва энергетика, енгил саноат, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш, транспорт ва коммуникация соҳаларига оид лойиҳаларни таклиф қилишга тайёр», деди Раҳмон ўз баёнотида.

Қозоғистон ва Қирғизистон

Душанбедаги музокаралардан бир кун ўтиб, Мамин Қозоғистон - Қирғизистон ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида иштирок этиш ва Қирғизистон бош вазири Мухаммедкали Абилғозиев ва президент Сооронбай Жеенбеков билан музокаралар ўтказиш учун Бишкекка йўл олди.

Кенгаш 12 июль куни савдо, инвестициялар, саноат, транспорт, нефть ва газ, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, гидроэнергетика, божхона ва чегара соҳасидаги ҳамкорликка тааллуқли 18 та масалани кўриб чиқди.

Мамин қишлоқ хўжалиги, иммиграция ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид меморандумларни имзолаган.

«Қозоғистон асосий савдо ҳамкорларимиздан бири. Бу йил президентларимиз иккита учрашув ўтказди ва унда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш ҳамда дўстлик, биродарлик ва қардошликнинг анъанавий тамойилларини мустаҳкамлаш борасида қатъиятли эканликларини тасдиқладилар», деди Абилғозиев.

2018 йилда Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 843 миллион АҚШ долларига етиб, 2017 йилги кўрсаткичга нисбатан 7 фоизга ошган, дейилади ҳукумат маълумотларида.

Жорий йилнинг январь ва апрель ойларида савдо ҳажми 284 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Давлатлар ўртасида савдо ҳажми ўсган бўлса-да, «икки томонлама савдони кенгайтириш имконияти ундан-да юқори», деди Мамин.

«Ҳукуматнинг мақсади тез орада йиллик савдо ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш. Мен бунга эришиш мумкинлигига ишонаман», деди Мамин.

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик

«Қўшнилар билан дўстона муносабатда бўлиш фойдали эканлиги ҳаммага аён», дейди Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи Болатбек Исаев.

«Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида муваффақиятли ҳамкорликнинг шоҳиди бўляпмиз», деди Исаев. «Бу ҳамкорлик энг аввало, савдо ва хавфсизлик йўналишларига тааллуқли бўлмоқда.»

Бу орада Қозоғистоннинг Хитой ва Россия билан иш олиб бориши «кўплаб саволлар ва хавотирларни келтириб чиқармоқда, чунки бу давлатлар минтақада кенг қамровли манфаатларни кўзлаётгани аниқ», деди у.

«Май ойида Олмаотада ўтган Евроосиё медиа форумида украиналик журналист ва жамоат арбоби Дмитрий Гордон: «Огоҳ бўлинг, Путин сизнинг ерларингизга ҳам бостириб келиши мумкин» дея қозоғистонликларни ҳақли равишда огоҳлантирган эди.Буни ёддан чиқармаслик керак», деди Исаев Россия президенти Владимир Путин ва унинг 2014 йилда Қримни ноқонуний равишда босиб олиши каби ирредентистик хатти-ҳаракатларини назарда тутиб.

Исаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка таяниши лозим.

«Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг қардош халқлари ўртасидаги ҳамкорлик (Россия билан ҳамкорликдан фарқли ўлароқ) ҳалол асосга эга», деди у.

«Биз бир-биримизга сиёсий қарашларни сингдиришга ҳаракат қилмаймиз. Қўшни давлатларнинг ерларига нисбатан манфаатларимиз йўқ», деди у. «Биз учун ҳамкорлик қилиб, тинч-тотувликда яшаш маъқулроқ.»

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha