http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/30/feature-01
| Терроризм

Қозоғистонда наша плантацияларини йўқ қилишга қаратилган аксилгиёҳвандлик операцияси ўтказилди

Айдар Ашимов

Шимолий Қозоғистон вилоятидаги уй гиёҳванд моддаларни топишга ўргатилган ит – Айка ёрдамида тинтув қилинмоқда, 16 сентябрь куни олган сурат. (Қозоғистон ИИВ)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон хавфсизлик кучлари ҳар йили ўтказиладиган «Кўкнор» операцияси ёрдамида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиб келмоқда.

Операция ҳар йили июнь ойидан то октябрга қадар ўтказилади, айнан шу вақтда ёввойи наша ўсиб етилади. Қозоғистон ички ишлар вазирлиги (ИИВ) хабарига кўра, бу йилги операциядан кўзланган мақсад – Чуй вилоятида наркотрафик йўналишларини аниқлаш ҳамда нашани териш, қайта ишлаш ва тарқатилишининг олдини олишдир.

«Наркофурушларни қўлга олиш учун гиёҳвандлик фаолияти юқори бўлган Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари полиция бўлинмаларига қўшни вилоятлардан қўшимча куч ва воситалар етказиб берилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Туркистон вилоятидаги «Жибек Жоли» назорат-ўтказиш пункти чегарачилари автомобилга яширилган героинни мусодара қилдилар, 20 сентябрь куни олинган сурат. (Қозоғистон ДХҚ)

«Шунингдек, Қизилўрда вилоятида махсус «Сункар» (Лочин) вертолёт бўлинмаси ёрдамида ноқонуний равишда наша етиштирилаётган ҳудудларни аниқлаш мақсадида етиб бориш қийин бўлган ва олис ҳудудлар узра парвозлар амалга оширилмоқда».

ИИВ маълумотларига кўра, операция бошланганидан бери гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 676 та жиноят фош этилди. Шунингдек, 16,7 тонна гиёҳвандлик воситаларини мусодара этилиб, 23 та наша плантациясини йўқ қилинган.

«Наркофурушларга қарши асосий кураш Чуй водийсида олиб борилмоқда, бу ерда таркибида юқори даражадаги тетрагидроканнабинол (ТГК) наркотик моддаси бўлган наша ўсади», дейди Чуйда истиқомат қилувчи жамоатчилик фаоли Еркин Култаев.

«Водийда 140 минг гектар майдонда ҳар йили бир неча минг тонна психофаол наша ўсади», деди Култаев.

2018 йилда «Кўкнор» операцияси давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 1000 дан ортиқ жиноят фош этилди. Турли хилдаги 22 тонна наркотиклар мусодара қилиниб, таркибида қорадори бўлган жами 10 тонна ўсимлик йўқ қилинган.

Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси кўп ҳолларда минтақадаги террорчилик фаолиятига алоқадордир.

Бугунги кунда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосидан олинган пуллар катта эҳтимол билан терроризмни молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин, дейди Нур-султонлик сиёсатшунос Болатбек Исаев.

«Жиноятчилик, гиёҳвандлик ва терроризм кўпинча битта тугунга бирлашади. Террорчилар ўз жиноий ҳаракатларини қуролли жиҳод деб атаб, уларни оқлашга уринадилар, бу йўлда талончилик ва гиёҳванд моддалар савдосидан ҳам тап тортмайдилар», деди у.

Исаевга кўра, гиёҳванд моддалар савдосидан тушган маблағ терроризмни молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин. Бу ерда гап «афғон гиёҳванд моддалари ва Чуй водийси қорадорисини Марказий Осиё мамлакатларининг чегаралари орқали олиб ўтиш» ҳақида гап кетмоқда.

Наркотикларга қарши кураш чоралари

Яқинда ўтказилган операция гиёҳванд моддаларга қарши бошқа чора-тадбирлар ва наркотиклар савдосида гумонланганларнинг ҳибсга олиниши билан бир вақтга тўғри келди.

Масалан, 20 сентябрь куни Туркистон вилоятининг Сариоғоч туманидаги «Жибек Жоли» назорат-ўтказиш пунктида Қозоғистон давлат хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари томонидан 25 ёшли тожикистонлик фуқаронинг машинасида 12 кг героин аниқланган.

Август ойида ҳуқуқ-тартибот органлари Россиядан Қозоғистонга синтетик гиёҳванд моддалар етказиб берилган йўлни тўсишга муваффақ бўлганлар.

Шу билан бирга, 25 сентябрь куни ИИВнинг Гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш департаменти WhatsApp иловасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳодисалар тўғрисида хабар бериш мумкин бўлган «қайноқ линия» ишга туширилганини маълум қилди.

5 июль куни Қозоғистонда назорат қилинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг янги рўйхати тасдиқланди. Янгиланган рўйхатга 89 та янги модда киритилган.

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha