http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/10/16/feature-01
| Хавфсизлик

АҚШ Қозоғистоннинг Суриядан ўз фуқароларини қайтариш жараёнини юқори баҳоламоқда

Айдар Ашимов

image

7 ва 9 май кунлари ўтказилган «Жусан-2» (Аччиқ шувоқ-2) операцияси давомида Қозоғистон махсус кучлари ҳамроҳлигида Сурияда болалари билан самолётга чиқаётган аёл.

НУР-СУЛТОН – АҚШ Давлат департаменти Қозоғистоннинг бир вақтлар «Ислом давлати» (ИД) назоратида бўлган Ироқ ва Суриядаги ҳудудлардан фуқароларни ўз ватанига қайтариш бўйича халқаро миқёсидаги саъй-ҳаракатларга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

АҚШ Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш бўйича координатори ва элчи Натан А. Сэйлс 7-8 октябрь кунлари Нур-Султонда юқори мартабали ҳукумат амалдорлари билан ўтказган музокаралари чоғида «Қозоғистоннинг қайтарилган фуқароларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта мослаш бўйича саъй-ҳаракатлари ҳамда C5+1 формати ва бошқа кўп томонлама форумлар орқали тажриба алмашиш бўйича конструктив чораларига» юқори баҳо берди.

«Биз бу жараённи диққат билан кузатибгина қолмай, имкон қадар ёрдам ҳам кўрсатдик. Кузатувлар давомида кўрганларимиз кишига ғайрат бағишлайди. Биз нафақат Қозоғистон ҳукумати, балки хусусий сектор, шунингдек, «Ислом давлати» ва унинг сохта ақидаларига қарши тура оладиган диний мутасаддиларнинг ҳам ўз ресурсларидан оқилона фойдаланганига гувоҳ бўлдик», деди Сэйлс 8 октябрь куни Нур-Султондаги АҚШ элчихонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операциясини назарда тутиб.

«Жусан» – ИД парчаланиб кетганидан сўнг Сурияда қолиб кетган радикал фуқароларни ватанига қайтариш бўйича Қозоғистон томонидан 2019 йил давомида ўтказилган операциядир. Ушбу операциялар давомида турли рейслар билан 500 дан ортиқ фуқаро мамлакатга қайтган.

image

8 октябрь куни Нур-Султондаги АҚШ элчихонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзга чиққан АҚШ дипломати Натан А. Сэйлс. [АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси]

image

7 октябрь куни АҚШ дипломати Натан А. Сэйлс Суриядан Қозоғистонга қайтган аёллар ва болалар учун ташкил этилган Қарағанда реабилитация марказига ташриф буюрди. [АҚШ Давлат департаментининг террорга қарши кураш бюроси /Twitter]

Қозоғистон уларнинг айримларини террорчи сифатида жавобгарликка тортиб, қолганларини реабилитация қилиш ҳаракатида.

Сэйлс ватанига қайтарилган қозоқларни Сурияда олинган жароҳатлардан халос қилишда тиббиёт ходимлари ва руҳшуносларнинг ролини алоҳида таъкидлади.

«Бу бутун дунё асос қилиб олиши мумкин бўлган жуда яхлит ёндошувдир», деди Сэйлс.

Ўз ташрифи давомида Сэйлс Қарағандадаги реабилитация марказига ҳам ташриф буюрди.

«Мен бу ерда ҳам дин пешволари, ҳам болалар психологияси бўйича мутахассислар, шунингдек, Таълим ва фан вазирлиги ҳамда бошқа давлат идоралари вакилларининг ишлаётганига гувоҳ бўлдим», деди у. «Бугун бутун дунё Қозоғистондаги воқеаларга эътибор қаратиши лозим, зеро бу ерда олинган сабоқлар бутун дунё учун фойдали бўлади.»

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевда «АҚШ билан, жумладан хавфсизлик соҳасида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш йўлидаги дадил сиёсий иродани кўрмоқдамиз» деб қўшимча қилди у.

«Жусан» операцияси халқаро ҳамжамият ва стратегик шеригимиз АҚШ томонидан ижобий баҳоланганидан жуда мамнунмиз», дейди Нур-султонлик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев. «Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам Қозоғистондан ўрнак олиб, шу каби операцияларини ўтказдилар ёки ўтказишни режаламоқдалар.»

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha