Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Расмийлар Россиянинг коронавирусга оид ташвиқоти ҳалокатли оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Юзига шарф ўраган хавфсизлик ходими 19 март куни Москвадаги «Зарядье» паркини қўриқламоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

Юзига шарф ўраган хавфсизлик ходими 19 март куни Москвадаги «Зарядье» паркини қўриқламоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

БРЮССЕЛЬ, Бельгия – Жума (20 март) куни коронавирусдан ўлганлар сони 10 минглик нохуш маррани босиб ўтар экан, Европа Иттифоқи (ЕИ) Москвани ҳалокатли вирус ҳақида ёлғон ёки янглиш маълумот тарқатиш бўйича «йирик кампания» олиб бориш ва бу билан одамлар ҳаётини хавф остига қўйишда айблаб чиққан.

Европа Иттифоқининг ички ҳужжатида айтилишича, «кремлпараст оммавий ахборот воситалари соғлиқни сақлаш тизимларига нисбатан ишончни сўндириш орқали Ғарбдаги инқирозни янада оғирлаштириш мақсадида COVID-19 ҳақида дезинформация тарқатмоқда», дейилади AFP нашри кўздан кечирган ҳужжатда.

Брюсселнинг бу огоҳлантиришидан бир ойча аввал, АҚШ расмийлари ижтимоий тармоқлардаги Россия билан алоқадор минглаб аккаунтлар вирус ҳақида ваҳима тарқатиш учун уюшган хатти-ҳаракатларни амалга оширганини айтган эди.

ЕИнинг Россия дезинформациясига қарши курашувчи Stratcom East ишчи гуруҳи 22 январдан бери коронавирусга оид 80 та дезинформация ҳолати аниқланганини маълум қилган.

18 март куни Москванинг «Шереметьево» аэропортидаги эскалатордан тушаётган ҳимоя кийимидаги тиббиёт ходимлари. Россия президенти Владимир Путин 17 март куни Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият «назорат остида» эканлиги ва инфекция ҳолатлари бартараф этилганини айтди. Мамлакат 18 мартдан бошлаб хорижликлар учун ўз чегараларини ёпиб, маданий ва спорт тадбирларини тўхтатди. [Димитар Дилкофф /AFP]

18 март куни Москванинг «Шереметьево» аэропортидаги эскалатордан тушаётган ҳимоя кийимидаги тиббиёт ходимлари. Россия президенти Владимир Путин 17 март куни Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият «назорат остида» эканлиги ва инфекция ҳолатлари бартараф этилганини айтди. Мамлакат 18 мартдан бошлаб хорижликлар учун ўз чегараларини ёпиб, маданий ва спорт тадбирларини тўхтатди. [Димитар Дилкофф /AFP]

«Кремлнинг дезинформацион хабарлари коронавирус Ғарб учун қурол ўлароқ яратилган инсон маҳсули эканлигини иддао қилмоқда», дейилади ЕИга аъзо барча 27 давлат орасида тарқатилган ҳужжатда.

Россия билан боғлиқ аккаунтлар интернетда коронавирус ҳақидаги маълумотларни инглиз, испан, итальян, немис ва француз тилларида тарқатмоқда, деб хабар берган ишчи гуруҳ.

Стратегия – саросима ва қўрқув пайдо қилишга қаратилган ўнлаб, айрим ҳолларда бир-бирига зид гап-сўзларни тарқатишдан иборат.

«Ушбу саъй-ҳаракатлар Кремлнинг Европа жамоатчилигига ичкаридан зарба беришга қаратилган кенг қамровли стратегиясига мосдир», дейилади ички ҳужжатда.

Бунга «коронавирус Хитой, АҚШ ёки Буюк Британия томонидан ишлаб чиқилган биологик қурол бўлиб, у дастлаб Хитойда эмас, балки АҚШда пайдо бўлган ёки вирус тоталитар ҳукмронлик ўрнатиш воситасидир» деган иддаоларни мисол ўлароқ келтириш мумкин.

Кремлпараст манбалар бу назарияларни ўзи ўйлаб топмаяпти, дейди ишчи гуруҳ билан ишлаётган тадқиқотчилар.

Бунинг ўрнига улар Хитой, Эрон ва АҚШдаги ультра ўнг гуруҳлардан чиққан фитна назарияларини териб олиб, уларни янада кучайтирмоқда.

Кремль бу айбловларни рад этган.

Одамлар ҳаётини хавф остига қўйиш

ЕИдан ташқаридаги, жумладан «Россиядан, Россияда жойлашган ёки кремлпараст манбаларга қай йўл биландир боғлиқ провайдерлар» томонидан тарқатилаётган дезинформация кучайган, деди ЕИ вакили Питер Стано.

ЕИ дезинформацияни тўхтатиш учун иттифоққа аъзо давлатлар, НАТО ва G7 билан яқиндан ишламоқда, деди Стано.

Одамлар ишончли, асосли ахборот манбаларига мурожаат қилишлари керак, деди Стано, ёлғон миш-мишлар ва ташвиқот одамлар ҳаётини хавф остида қолдираётгани ҳақида огоҳлантириб.

«Дезинформация тарқатаётган ҳар қандай кимса аслида одамларнинг ҳаёти билан ўйнашмоқда», деди у.

Google, Facebook ва Twitter каби йирик онлайн платформалар дезинформация тарқалишига барҳам беришда ҳукумат ва соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамқорликда ишлаяпти.

Аммо, улар «тадқиқотчилар ва бошқалар билан хабарлар ва статистик маълумотларнинг тизимли алмашинуви» учун етарли ҳаракат қилмаяпти, дейилади ҳисоботда.

Хитой коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб тарқалишидаги ролига нисбатан танқидларга қарши курашар экан, вируснинг келиб чиқиши ҳақида фитна назарияларини илгари сурмоқда.

AFP ва Жон Хопкинс университетига кўра, 20 март куни Қозоғистонда 44 та касалланиш ва 3 та ўлим ҳолати тасдиқланиши ортидан вазият кескинлашган. Пайшанба (19 март) куни иккита йирик шаҳар – Олмаота ва Нур-Султонга кириш-чиқиш тўхтатилган.

«Икки шаҳарни секторларга ажратиб, аҳолининг пиёда ва машина орқали ҳаракатини чеклаш ва назорат қилиш мақсадида блокпостлар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда», деб хабар берган Озод Европа/Озодлик радиоси.

Қозоғистонда 15 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Марказий Осиёнинг барча давлатлари COVID-19 коронавируси пандемиясига қарши курашни кучайтирганлар.

Тиббиёт ходимлари учун қўлқоп ва ниқоблар каби шахсий ҳимоя воситаларини (ШҲВ) хайрия қилиш орқали Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларининг янги коронавирус (COVID-19) тарқалишига қарши ҳозирлигига ёрдам бермоқда.

Россияликлар энг оғир вазиятга тайёр

Шу билан бир вақтда, Россияда аҳолининг аксар қисми вирус ҳақидаги расмий даъволарга ишончсизлик билан қарамоқда. Президент Владимир Путин «пандемия назорат остида» деб ишонтиришига қарамай, россияликлар реал ҳолат бундан анча ёмон эканлигидан хавотирда.

Россия ҳукумати январь ойида Хитойда вирус эпидемияси кучайган пайт тезлик билан ҳаракат қилди ва 4200 км узунликдаги Хитой-Россия чегарасини ёпди, кўпчилик хитойлик фуқаролар, жумладан туристларнинг мамлакатга киришини тақиқлади.

6 мартга келиб, Россия ҳудудида вирусга чалиниш билан боғлиқ 10 та ҳолат тасдиқланган эди. Аммо кейинчалик вазият кескин ўзгарган ва 18 мартга келиб бу кўрсаткич 29 фоизга ошган, касалланганлар сони эса 147 тага етган.

Россиядаги «вазият тўлиқ назорат остида», деб айтган Путин 18 март куни Kommersant.ru нашрига кўра.

Москва ва бир қатор бошқа шаҳарларда оммавий тадбирлар ҳажми чекланди ва таълим муассасалари ёпилди. Шунда ҳам кўпчилик россияликлар ўз ҳаётларида кескин ўзгариш сезмадилар.

«Ваҳимага ўрин йўқ. Ҳозирда кўрилаётган чораларнинг бари профилактик чоралардир», деди бош вазирнинг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари Татьяна Голикова.

Шунга қарамай, омманинг хавотири жуда ўринли. Ҳафта бошидан бери ижтимоий тармоқларда супермаркетлардаги бўм-бўш расталар сурати тарқалди, кўпчилик шаҳар четидаги дала ҳовлиларга кўчиб кетди.

«Мен икки қути гречка сотиб олдим. Телевизорда айтилаётган нарсаларга ишонмаслик менталитетимизда бор», дейди 47 яшар Санкт-петербурглик Светлана Андропова.

Россиянинг энг йирик озиқ-овқат ритейлери «X5 Group» хабарига кўра, компания ўз захираларини одатдагидан кўра тўрт баравар тезроқ тўлдирмоқда.

Юз ниқоблари ва антибактериал геллар Москвада топилмас матоҳга айланаёзган.

Бир-бирига зид рақамлар

Кўпчилик тасдиқланган расмий рақамлардан шубҳаланиб, уларни камайтирилган деб ҳисоблаяпти.

Соғлиқни сақлаш органлари касалланиш ҳолатларини пневмония ва нафас йўлларининг оғир инфекцияси сифатида қайд этиш билан уларни яширмоқда, деди «Шифокорлар иттифоқи» мустақил касаба уюшмаси раҳбари Анастасия Васильева.

Расмий рақамлар эса бунинг акси. 2020 йил январь ойида Москвада пневмонияга чалиниш кўрсаткичи ўтган йилгига нисбатан 37 фоизга ошган. Бу ҳақда «Росстат» давлат статистика қўмитаси хабар берган. Москва шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра эса, амбулатор беморлар сони январда 7 фоиз, февраль ойида эса 8 фоизга тушган.

Синов усуллари ҳам савол остида қолмоқда. Давлат соғлиқни сақлаш назорат органи 110 мингта тест ўтказилгани ҳақида хабар берган бўлса, машҳур «Московский Комсомолец» кундалик газетаси бошқа давлатларда олиб борилаётган тестлар билан солиштирганда уларнинг ишончли эканига шубҳа билдирган. Нашрга кўра, фақат оғир ҳолатларгина ижобий натижа кўрсатган.

«Россияда яшар экансан, энг аввало ўз ҳақингда қайғуришга ва турли манбалардаги хабарларни таҳлил қилишга мажбурсан», деб ёзади 29 яшар спорт журналисти Сергей.

Вирус ҳақидаги миш-мишлар тез урчимоқда. Инқирозни кузатиш учун ташкил этилган марказ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган сохта хабарларни аниқлаб уларни ўчирмоқда.

Яқин кунларда Москвада фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, тунги комендантлик соати жорий этилиши ҳақидаги хабар 17 март куни расман рад этилди.

Россияликлар бу воқеага одатий қора юмор билан муносабат билдирган.

«Коронавирус Россия чегарасидан ўтиши билан оддий гриппга айланади» – шундай ҳазиллардан биридир.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нега «Қозоғистонда 20 март ҳолатига коронавирусдан учта одам ўлди» деб ёлғон гапиряпсизлар? Бугунги кунгача, 31 мартгача фақат битта ўлим қайд этилганди, бугун эса яна иккита. Бор гап шу. Аслида сайтингизнинг ўзи ёлғончи, сизлар эса Россия ва Хитойни ёлғончи дейсизлар. Лаънати америкапарастлар! Америкослар ҳам сизларга ўхшаган каззоб. Олдин ҳиндулар билан яхши муомала қилишни ўрганиб олсин, кейин эплай олса бизга гапирсин. Шарманда олчоқлар.

Жавоб бериш

Россиянинг ўзида коронавирус эпидемияси авж олмоқда, деди Лукашенко. Балки Кремль учун шуниси яхшидир, миллионлаб россиялик пенсионерлар ўлиб, ҳеч вақоси қолмаган пенсия жамғармасига камроқ юк тушар.

Жавоб бериш