Карвонсарой
Терроризм

Россиянинг АҚШ аскарлари ўлими учун мукофот эълон қилгани ҳақидаги хабарлар Марказий Осиёда маломатга учради

Жумагули Аннаев

АҚШ махсус қўшинлари Афғонистон жануби-шарқидаги «Қатъий қўллов» операцияси доирасида жанговар амалиётларда иштирок этмоқда, 2019 йил, апрель. (CENTCOM)

АҚШ махсус қўшинлари Афғонистон жануби-шарқидаги «Қатъий қўллов» операцияси доирасида жанговар амалиётларда иштирок этмоқда, 2019 йил, апрель. (CENTCOM)

АШХОБОД – Россия разведка бўлинмасининг Афғонистондаги АҚШ ва коалиция аскарларини ўлдириш учун Толибонга махфий тарзда мукофот таклиф этгани ҳақидаги иддаолар Марказий Осиёда жиддий эътирозларга сабаб бўлди.

АҚШ Толибон ва афғон ҳукумати ўртасидаги урушга барҳам бериш юзасидан музокара олиб бораётган бир пайтда, Россиянинг 29155-cонли бўлинма деб номланган гуруҳи ўтган йили Афғонистонда коалиция қўшинларига қарши муваффақиятли ҳужумлар учун махфий равишда мукофотлар таклиф қилган, деб ёзади The New York Times 26 июнь куни.

«Толибон» жангарилари ёки улар билан яқин алоқадаги қуролланган жиноий тўдалар мўмай пул ишлаб олгани тахмин қилинмоқда, деб хабар берган нашр айрим мансабдорларга таяниб.

2019 йилда Афғонистондаги жангларда АҚШнинг йигирма нафар ҳарбийси ҳалок бўлди, аммо улардан қайсилари учун мукофот берилгани маълум эмас.

Жанговар тайёргарлик курсидан ўтган Толибон аъзолари, Афғонистон, 2020 йил, май. (Файл)

Жанговар тайёргарлик курсидан ўтган Толибон аъзолари, Афғонистон, 2020 йил, май. (Файл)

Ашхободлик IT-мутахассис Андрейнинг фикрича, кўплаб мамлакатлар Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва барқарорликни таъминлаш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар олиб бораётган бир пайтда, Толибонга мукофотлар тўлангани ҳақидаги маълумотлар туркманистонликларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлган.

«Туркманистонлик дўстларимга интернетда ўқиганларимни айтиб берар эканман, улар Россия ҳарбий разведкасининг Афғонистондаги ишларидан ғазабга келдилар», дейди Андрей.

«Дўстларимдан бири... бу хатти-ҳаракатлар жангариларни Афғон диёридаги хунрезликларни давом эттиришга ундаш эканлигини айтди», деб қўшимча қилди у.

Ғаразли манфаатлар – барча нарсадан устун

Бу маълумотлар Россия ҳарбий кучларининг терроризмни молиялаштириш билан бевосита алоқадор эканидан далолат беради, дейди Ашхобод яқинида истиқомат қилувчи 62 яшар совет-aфғон уруши фахрийси Оғажума (исми ўзгартирилган).

Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, жумладан Афғонистон билан 740 км дан ортиқ умумий чегарага эга Туркманистон ҳам афғонларга тинчлик ўрнатиш ва электр узатиш линиялари, темирйўллар ва газ қувурлари барпо этишга ёрдам бераётган бир пайтда, Россия қотилликлар ва террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун жангариларга пул тўламоқда, дейди совет даврига оид ГРУнинг (Россия бош разведка бошқармаси) истеъфодаги зобити Оғажума.

«Туркманистон, Ўзбекистон ва тожикистонликлар қўшнилари (Афғонистон) тинч бўлишини истайдилар, Россия эса уруш давом этишини хоҳлаётган кўринади», дейди у.

Оғажуманинг айтишича, жангариларни пул эвазига ёллаб, уларни радикал ҳаракатларга ундаётган Москва ўзининг геосиёсий ва ғаразли манфаатларини ушбу жафокаш мамлакат тинчлигидан устун қўймоқда.

«Россиянинг мақсади аниқ. У Марказий Осиё давлатларининг Афғонистондан доимий равишда хавфсирашини ва Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) каби минтақавий ташкилотларда унинг оталиғидан чиқмаслигини хоҳлайди», деди Оғажума.

Аммо, Туркманистонга келганда бундай чоралар самарасиз, деди у. Афғонистондаги низони авж олдириш ва афғон жангарилари хавфини қўзғаш билан Кремль хато қилмоқда.

«Биринчидан, ўтган чорак аср давомида Туркманистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияси билан тан олинган доимий бетарафлик мақомини сақлаб келган, шу боис унинг Россия бошчилигидаги ҳарбий блокка қўшилиши имконсиз», деди у.

Мустақиллик йилларида ўз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаган Туркманистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари жангариларнинг ҳар қандай зўравонликларига қарши тура олади, деб қўшимча қилди у.

«Яна шуни унутмангки, Туркманистон Афғонистонга доим яхшилик қилиб келган: улар учун шифохона, туғруқхона ва мактаб барпо этган, инсонпарварлик юклари юборган», дейди Оғажума. «Афғонистонликлар, жумладан Толибон сафидагилар ҳам буни билади. Шу сабаб улар бизнинг ерларимиз ва бойликларимизга кўз олайтирмайди.»

Россия-Толибон алоқалари

Россия Афғонистонда аянчли тарихни бошдан кечирган – Собиқ Совет иттифоқи ўзининг сўнгги йилларида исломий партизанларга қарши вайронкор урушга ботиб қолган эди.

Охирги йилларда қатор ҳукуматлар ва расмий ташкилотлар Россияни Толибонларга махфий тарзда ўқотар қуроллар етказиб беришда айблаган эдилар.

Москванинг Толибонлар билан ўзига хос муносабатлари ўтган йилдаёқ юзага чиққан, ўшанда Толибон расмийлари ва Россия ташқи ишлар вазири Қўшма Штатлар билан олиб борилаётган музокараларни муҳокама қилган эди.

New York Times нашри Россия нима учун Толибон ҳужумларини қўллаб-қувватлаши борасида турли назариялар борлигини, улардан бири Қўшма Штатларни уруш исканжасида қолдириш эканлигини таъкидлаб ўтган.

Times нашрининг ёзишича, Россиянинг мазкур бўлинмаси Москва президент Башар ал-Асадни дастаклаётган Сурияда 2018 йилда россиялик ёлланма аскарларни ўлдиргани учун АҚШдан қасос олаётган бўлиши мумкин.

Толибон ҳеч қандай разведка идораси билан алоқадор эмаслигини иддао қилса-да, ташқи ўйинчилар, жумладан Россия, Ал-Қоида ва Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусидан (ИИПК) молиявий, қурол-аслаҳа, дастак ва ҳарбий тайёргарлик кўринишида ёрдам олгани маълум.

Шунингдек, Кремль ҳам бундай мукофотлаш дастури борлигини инкор этган.

«Гибрид урушлар» тарихи

29155-сонли бўлинма Россия ҳарбий разведка бошқармаси қўмондонлиги остида фаолият юритади. Ушбу агентлик 2010 йилда ўз номини Бош бошқарма (ГУ) деб ўзгартирган бўлса-да, ҳалигача ўзининг собиқ қисқартмаси – ГРУ (Бош разведка бошқармаси) номи билан билан машҳур.

Ушбу бўлинма Кремлнинг Европа ва ундан ташқаридаги гибрид урушлари, жумладан, Молдовада тартибсизликлар келтириб чиқариш кампанияси, Болгарияда қуролфурушнинг заҳарланиши, Черногориядаги муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтариши ва Британиянинг Солсбери шаҳрида россиялик собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизига қилинган суиқасд ва қотилликка жалб этилган.

29155-сонли бўлинма гуруҳ бўлиб ёки алоҳида-алоҳида – портлашлар, қотилликлар каби «қўпорувчилик» миссияларини бажаришга ихтисослашган», деган эди жамоа билан яхши таниш бўлган ГРУнинг истеъфодаги зобити ўтган йил октябр ойида Times нашри билан суҳбатда.

29155-бўлинма зобитлари Россиянинг энг қонли урушлари, жумладан Афғонистон, Чеченистон ва Украинадаги урушларда қатнашган ва кўплаб унвонлар олган фахрийлар эканлиги айтилади.

Кремлнинг гибрид урушлар стратегияси – киберҳужумлар, сохта хабарлар тарқатиш, яширин ва тан олинмаган ҳарбий операциялар олиб бориш орқали душманларни беқарорлаштиришга қаратилган.

Times нашрининг ёзишича, АҚШ аскарларининг ўлимига олиб келадиган Толибонлар билан ҳар қандай алоқа Россиянинг Қўшма Штатларга қарши гибрид урушини авж олдиради.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баракалла. Ҳаммасини очиқ-ойдин ва ҳамма ҳақиқатни ёзибсизлар. Одамлар манқуртга ўхшаб Россия телевидениесининг гипнозини томоша қилишади, у ерда эса Россия қилаётган барча нарса тўғри деб уқтирилади. Буларнинг бари бизга қарши қаратилган, Марказий Осиё мамлакатлари бирлашмаслиги учун. Улар илгаригидек бизга ҳукмрон бўлишни истайдилар. Орамизда адоват қўзғаб, қирғиз-ўзбек, тожик-қирғиз каби можаро ўчоқларии юзага келтириши мумкин. КГБ ишлаяпти. Огоҳ ва ҳушёр бўлинг.

Жавоб бериш

Ҳаммаси мутлақо тўғри. Негадир Россиядан кимдир суверен давлатга буйруқ бериб туриши керак...

Жавоб бериш

Россия бутун дунёда терроризмга ҳомийлик қилаётганининг яна бир исботи.

Жавоб бериш