Карвонсарой
Терроризм

Ироқ қамоқхоналарига тушиб қолган қирғизистонлик болаларни қариндошлари кутмоқда

Мунара Боромбаева

16 март куни Бишкекда ватанига қайтарилган қирғиз болаларидан бирини ушлаб турган Қирғизистон «Қизил ярим ой» жамияти ходими. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

16 март куни Бишкекда ватанига қайтарилган қирғиз болаларидан бирини ушлаб турган Қирғизистон «Қизил ярим ой» жамияти ходими. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

БИШКЕК/ЎШ – Ўш вилоятининг Аравон туманида яшовчи Абдумалик Марипов укаларининг фарзандлари қайтишини интиқлик билан кутяпти. Ироқдан ватанига қайтарилган болалар ҳозирда реабилитациядан ўтмоқда.

«10 нафар ўғил-қиз жиянларимизни кутяпмиз», дейди Марипов. «Улар икки укамнинг фарзандлари. Уларни 2014 ва 2013 йилларда оилалари Ироққа олиб кетган эди».

Марипов ва оиланинг Қирғизистондаги бошқа аъзолари дастлаб ака-укалар ва уларнинг фарзандлари қаерда эканлигидан мутлақо бехабар эдилар.

Кейинроқ улар Қизил Хоч орқали укалари бедарак йўқолганини, уларнинг аёллари ва фарзандлари эса Ироқ қамоқхоналарига тушиб қолганини эшитиб, ҳуқуқбон ташкилотлар ёрдамида уларни топишга муваффақ бўлишди, деди у.

18 март куни Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг қариндошлари сақланадиган «Ал-Ҳол» курдлар жамлоғидан яна бир қанча оилалар озод қилинди. Суратда: олиб кетилишини кутиб ўтирган аёллар ва болалар. [Делил СУЛАЙМОН/AFP]

18 март куни Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг қариндошлари сақланадиган «Ал-Ҳол» курдлар жамлоғидан яна бир қанча оилалар озод қилинди. Суратда: олиб кетилишини кутиб ўтирган аёллар ва болалар. [Делил СУЛАЙМОН/AFP]

Ватанига қайтарилган қирғизистонлик болакайлар, 16 март, Бишкек. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

Ватанига қайтарилган қирғизистонлик болакайлар, 16 март, Бишкек. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

«Жиянларимни анчадан бери кутамиз», дейди Марипов.

«Бу болалар мутлақо бегуноҳ, улар ўз ватанида ўсиб-улғайиши керак», деди у. «Менинг оилам уларнинг ҳаммасини қабул қилиб, катта қилишга тайёр».

16 март куни Ироқдан Бишкек яқинидаги Манас халқаро аэропортига олиб келинган 79 нафар қирғизистонлик бола орасида Мариповнинг жиянлари ҳам бор.

Улар Қирғизистон ҳукуматининг «Меерим» («Меҳр») инсонпарварлик операцияси доирасида ватанига қайтарилган бўлиб, бу мамлакатнинг юзлаб фуқаролари Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган экстремистик гуруҳлар сафига қўшилганидан бери амалга оширилган биринчи йирик репатриация ҳисобланади, деб хабар берган Ташқи ишлар вазирлиги.

Вазирлик хабарига кўра, кенг кўламли чора-тадбирлар ва Ироқ ҳукумати билан ўтказилган узундан-узоқ музокаралардан сўнг, Қирғизистон дипломатлари ва расмийларидан иборат ишчи гуруҳ болаларни уйига олиб келиш учун Ироққа борган.

Барча қирғиз болалари оналарининг (уларнинг айримлари умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда) розилиги билан Ироқ қамоқхоналаридан олиб чиқилган, деди Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Ализа Солтонбекова.

«Болани мамлакатга қайтариш ва тегишли давлат идораларига қонуний васийликни ёки бола учун бошқа тартибни белгилашга розилик бериш тўғрисида» оналарининг ёзма аризалари олинган.

Болалар ва оналарнинг мавжуд ҳужжатларига асосланиб, Қирғизистон ҳукумати улар учун зарур ҳужжатларни олиш ва болаларнинг васийлигини қонунийлаштиришни ўз зиммасига олади, деди Солтонбекова.

«Болаларга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома каби ҳужжатларни олиш ёки қайта расмийлаштириш билан тегишли давлат идоралари шуғулланади», деди у.

Реабилитация даври

Солтонбекованинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда болалар психологик баҳолаш ва тўлиқ тиббий кўрикни ўз ичига олувчи реабилитация жараёнидан ўтмоқда.

Бунга одам иммунотанқислиги вируси (ОИВ), вирусли гепатит, вабо ва безгакка текшириш, шу билан бирга COVID-19 учун полимераза занжирли реакция (ПЗР) тестини ўтказиш ҳам киради, деди у.

«Болалар учун маданий тадбирлар, жумладан цирк, қўғирчоқ театри, концертлар, интерактив ўйинлар ва мусобақаларга боришни ташкиллаштириш режалаштирилмоқда», деб қўшимча қилди у.

Қирғизистондаги «Килим Шамий» (Мангу шамчироқ) жамоатчилик бирлашмаси ҳукуматга Ироқ ва Сурия қамоқхоналаридаги қирғиз аёллари ва болаларни ватанига олиб келиш ҳақида биринчилардан бўлиб хат йўллаган ташкилот бўлган.

Ташкилот раҳбари Азиза Абдирасулова реабилитация дастурига юқори баҳо бериб, «у барча талабларга жавоб бериши ва болаларнинг тезроқ мослашишига кўмаклашишини» таъкидлаган.

«Биз Қозоғистон тажрибасини ўрганиб чиқдик, жумладан Қозоғистон ҳукумати ўз фуқароларини ватанига қайтариб олиб келганида атайин Нур-Султонга бордик», дейди у.

«Килим Шами» ватанига қайтарилган болаларнинг қариндошлари билан аввал-бошдан алоқада бўлиб турибди, дейди Абдирасулова.

«Болаларни уйига қайтаришдан аввал, қариндошлари реабилитациядан кейин уларни қабул қилишга розилик берганлар, уларнинг яшаш шароитлари олдиндан текширилган», деди у.

«Болаларнинг қариндошларига васийлик ҳуқуқи берилади», дейди у. «Албатта, келажакда болаларни ҳуқуқбон ташкилотлар ҳам кузатиб боради».

Унинг айтишича, болалар оналари билан ватанига қайтарилганида нур устига аъло нур бўлар эди.

«Айни вақтда бу имконсиз эканлиги маълум, чунки Ироқ ҳукумати оналарни топширмаяпти», дейди у. «Қирғиз ҳукумати бунга ҳаракат қилмаган ёки уларни қайтаришни хоҳламаган, деб бўлмайди.»

Навбат – Сурияга

Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Қирғизистон cоғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги, Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва Қувайтдаги Қирғизистон элчихонаси ҳамкорлиги туфайли болаларни ватанига қайтаришга муваффақ бўлинди.

Унга кўра, UNICEF ҳам сезиларли ёрдам берган.

Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси қирғиз ҳукуматининг болаларни ватанига қайтаришга оид саъй-ҳаракатларини олқишлаган.

«Қирғизистон ҳукуматининг ватанига қайтарилган болаларга ёрдами ва уларнинг барвақт реабилитацияси, жамиятга қайта мослашуви, хавфсиз ва тинч ҳаётга қайтиши учун барча чораларни кўраётгани таҳсинга лойиқ», деб баёнот берган элчихона.

UNICEFнинг Қирғизистондаги идораси бу болаларнинг ўз оиласи ва жамиятга тўлиқ қайта мослашувини қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилган.

Бишкекнинг кейинги устувор мақсади Суриядаги қирғизистонлик болалардир.

Давлат миллий хавфсзлик қўмитасига (ДМХҚ) кўра, 850 та қирғизистонлик Суриядаги жанговар ҳудудларга борган, уларнинг 150 нафари ўша ерда ҳалок бўлган. «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилган қирғизистонликларнинг 140 нафари аёллар бўлган.

10 март куни Қирғизистон парламенти сессиясида адлия вазири ўринбосари Марат Канулкулов ҳукумат Сурияга рейс жўнатишга буйруқ берганини айтган, аммо унинг санасини очиқламаган.

Сурия ва Ироқдаги ҳолатлар бир-биридан мутлақо фарқли, дейди Абдирасулова.

«Ироқдаги қирғизлар қамоқхоналарда, Сурияда эса қочқинлар жамлоқларига жойлаштирилган», дейди у. Сурияда уруш сабабли вазият оғирлашган, шунинг учун ҳам Ироқдаги каби ягона ҳукумат мавжуд эмас, деб таъкидлаган у.

Кўпчилик қирғизлар мамлакатнинг курдлар назоратидаги жамлоқларида яшамоқда.

Шу сабабли «ҳукумат музокаралар учун барча дипломатик каналларни ишга солиш ва молиялаштириш учун халқаро ташкилотларни жалб қилиши керак», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500