Карвонсарой
Дипломатия

Толибонларнинг ҳокимиятга келиши Эрон билан муносабатларга путур етказмоқда

Карвонсарой

Кобулдаги Занбақ майдони яқинида қўриқчилик қилаётган Толибон жангариси, 23 сентябр. [Вакил Кохсар/AFP]

Кобулдаги Занбақ майдони яқинида қўриқчилик қилаётган Толибон жангариси, 23 сентябр. [Вакил Кохсар/AFP]

Йиллар давомида Теҳрон Толибонни молиявий ва бошқа томондан қўллаб-қувватлаб келганига қарамай, Эрон етакчилари жангарилар билан муносабатида чекланишга ҳаракат қилаётганга ўхшайди.

Афғонистон билан 900 км чегара ҳудудига эга Эрон 1996-2001 йилларда Толибон ҳукмронлигини тан олмаган.

Аммо сўнгги йилларда Теҳрон прагматизм йўлида сунний жангариларга нисбатан ўз позициясини юмшатган, собиқ афғон ҳукуматига путур етказиш мақсадида уларни мунтазам равишда ҳарбий томондан қўллаб-қувватлаб келган.

Ҳатто июн ойида Эрон режими Толибонга кенг кўламли ҳарбий ёрдам кўрсатгани, эронлик аскарлар ғарбий Афғонистонда Толибон сафларида жангларда иштирок этгани кузатилган.

Толибоннинг музокара гуруҳи аъзолари Теҳрондаги ахборот анжуманида, 1 феврал. [Fars News]

Толибоннинг музокара гуруҳи аъзолари Теҳрондаги ахборот анжуманида, 1 феврал. [Fars News]

Собиқ афғон ҳукумати расмийлари мунтазам равишда Эрон режимини Эронга сув оқимини таъминлаши керак бўлган Афғонистоннинг ғарбий ҳудудидаги тўғон қурилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Толибонни қўллаб-қувватлашда айблаб келган.

Шунингдек, Толибон ва Теҳрон сиёсий томондан ҳам яқин муносабатда эканлиги айтилади.

Бир неча ой аввал бир гуруҳ Толибон етакчилари Теҳронда зиёфатда бўлишган, бунда ўша вақтдаги ташқи ишлар вазири Жавод Зариф уларни «биродарлар» деб атаган ва улар учун Эронда жой борлигини айтиб ўтган.

Аммо, август ойида Толибон ҳукуматни қўлга олганидан кейин бу муносабат ёмонлашганга ўхшайди.

Бир неча ҳафта давомида сукут сақлаган Эрон ташқи ишлар вазири сентябр ойи бошида Толибоннинг Панжшерга – сўнгги қаршилик таянчига ҳужумини қоралаган.

Яна бир ҳолатда, Эрон кучлари афғон ҳарбий техникасини қўлга киритган ва Эронга олиб кетган.

Эрон Толибон ҳукуматини ҳамон тан олмаган ва уларнинг иқтидорда эканлигидан мамнун эмас кўринади.

Жангарилар фақат толибонлардан ва бутунлай пуштун этник гуруҳидан иборат ҳокимиятни шакллантирганидан кейин Эрон президенти Иброҳим Раисий, «ягона этник ёки сиёсий гуруҳдан иборат ҳукумат Афғонистон муаммосини ҳал қила олмайди», деб айтган 18 сентябр куни.

Раисий барча афғон гуруҳларидан, жумладан Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) вакили ҳам кирадиган ҳукумат шакллантиришга чақирган.

Норозилик

Гуруҳ ўтган ой Кобулни қўлга олганидан кейин Эрон режими Толибондан хавсираётгандек, дейди айрим таҳлилчилар.

«Сўнгги кунларда Эрон етакчилари ўтмишдан фарқли ўлароқ, гуруҳга қарши фикр билдирмоқда», дейди Нимрўз вилоятидаги халқаро муносабатлар бўйча мутахассис Муҳаммад Надам Сарварий.

«Бу ўзгариш мамлакатнинг Толибондан норозилигини кўрсатади», дейди Сарварий.

«Эрон ҳукумати Толибонни ўз талабларига ижобий жавоб беришга мажбур қилади. Толиблар Эрон режими назоратида бўлиши ёки мустақил ҳаракат қилиши энди толибларга боғлиқ», дейди у.

Эрон режимининг ғазаби ва Толибондан узоқлашуви Афғонистондаги янги аралашувнинг юзага келишига олиб келади, деб башорат қилмоқда айрим афғонлар.

«Эрон ҳукумати ҳеч қачон Афғонистонга дўст бўлмаган, бунинг ўрнига мамлакатни заифлаштиришга ҳаракат қилган», дейди Бодғис вилояти, Қаъала-ан-Навда яшовчи Ниёз Муҳаммад Ниёзий.

«Эрон ҳукуматидан давлатимиз ишларига аралашишни тўхтатишни талаб қиламиз», дейди Ниёзий.

«Ўтган 20 йил ичида Эрон етакчилари мамлакатимиз ривожланиши ва барқарорлигига тўсқинлик қилгани етади, яна уруш ва бегуноҳ одамлар ўлимига сабабчи бўлманг», дейди у.

Янги низо

«Сўнгги йилларда Эрон ҳукумати Толибонни молиявий ва ҳарбий қўллаб-қувватлаб келганига қарамай, Толибоннинг қарашлари ва манфаатлари Эрон режимидан фарқ қилади», дейди Ғор вилоятидаги фуқаролик жамияти фаоли Ҳасан Ҳакимий Salaam Times нашрига.

«Эрон режими ва Толибон ўртасидаги келишмовчилик ва норозиликлар келажакда улар орасида янги низога сабаб бўлиши мумкин», дейди у.

«Сўнгги йилларда Эрон ҳукумати Афғонистонда тўғон ва инфратузилма қурилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Толибон ҳамда бошқа қуролланган гуруҳларга катта суммада маблағ ва бошқа кўринишда ёрдам бериб келган», дейди Нимрўз вилоятининг Заранж шаҳридаги сиёсий таҳлилчи Ҳамза Балуж.

«Агар Толибон тўғон қуришда давом этса, Эрон уларга қарши бошқа гуруҳларни қуроллантиради», дейди Балуж.

Эрон ва Россия каби минтақавий кучлар ўз манфаатлари йўлида воситачи гуруҳларни молиялаштиришга қайтиши мумкин, дейди Австралиядаги La Trobe университетининг афғонистонлик олими Неъматуллоҳ Иброҳимий AFP нашрига.

Унга кўра, бу «бошқалар томонидан зўравонлик низоси ёки қаршилиги учун тайёр вазият».

Инклюзив ҳукуматнинг шакллантирилмагани «Толибондан рози бўлмагагн минтақавий қудратли давлатлар томонидан эксплуатация учун йўл очади».

[Мақолани тайёрлашга Ҳиротдан Имрон ҳисса қўшди.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500