Карвонсарой
Таҳлил

Хитойнинг Тожикистондаги ҳарбий ҳозирлиги Россияни хавотирга солмоқда

Канат Алтинбаев

Сентябр ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо бошқа давлатлар билан машғулотлар ўтказаётган Хитой ҳарбийлари. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Сентябр ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо бошқа давлатлар билан машғулотлар ўтказаётган Хитой ҳарбийлари. [Хитой мудофаа вазирлиги]

ОЛМАОТА – Хитойнинг Тожикистондаги ҳарбий ҳозирлигини жадаллик билан кучайтираётгани Россияни жиддий ташвишга сола бошлаган, дейди мутахассислар.

Октябр ойи охирида Тожикистон парламенти мамлакат ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида Марказий Осиё республикасида база қуриш ҳақидаги келишувни ратификация қилган эди.

Келишувга асосан, Хитой ИИВнинг Махсус тезкор бўлинмаси учун 3500 гектар майдонда 12 та бино, жумладан тураржой ва ўқув иншоотларидан иборат хавфсизлик мажмуасини қуриш мажбуриятини олган.

Парламентдаги манбаларга кўра, база Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг (ТБМВ) Ишкошим туманида жойлашади.

Марказий ҳарбий округ аскарлари ноябр ойида Тожикистонда бўлиб ўтган «КОБАЛЬТ-2021» машғулотларида иштирок этмоқдалар. [Россия мудофаа вазирлиги]

Марказий ҳарбий округ аскарлари ноябр ойида Тожикистонда бўлиб ўтган «КОБАЛЬТ-2021» машғулотларида иштирок этмоқдалар. [Россия мудофаа вазирлиги]

Ноябр ойида олинган сурат: Тожикистонда ўтказилган «КОБАЛЬТ-2021» ўқув машғулотларида Марказий ҳарбий округ аскарлари шартли душманни йўқ қилмоқда. [Россия мудофаа вазирлиги]

Ноябр ойида олинган сурат: Тожикистонда ўтказилган «КОБАЛЬТ-2021» ўқув машғулотларида Марказий ҳарбий округ аскарлари шартли душманни йўқ қилмоқда. [Россия мудофаа вазирлиги]

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган парламент вакили AFPга маълум қилишича, хитойликлар қурилишнинг барча харажатларни қоплайди ва ёрдам тариқасида 8,5 миллион доллар ажратади.

Хитой сўнгги йилларда, шунингдек Тожикистондаги Помирда тўртта чегара блокпости, битта ҳарбий ўқув маркази, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши кураш маркази ва Душанбедаги офицерлар клубини қуриб берган.

Таҳлилчиларга кўра, бундай ёрдам катта эҳтимол билан, маълум шартлар асосида тақдим этилади.

«Ҳарбий ҳозирликка рухсат бериш билан Тожикистон базанинг қурилиш ҳақини тўлаётган бўлиши мумкин», деган эди сиёсатшунос Андрей Захватов ноябр ойида.

«Хитой битта ўқ билан иккита қуённи ўлдириш ниятида – ўзини Воҳан йўлаги орқали уйғур айирмачилари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоя қилиб, Афғонистон ва Тожикистондан қимматбаҳо металларни ўз ичига олган қазилма бойликларни олиб кетиш учун энг қулай транспорт йўлларини қурмоқчи», дейди Захватов.

Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти ҳарбий таҳлилчиси, Нур-Султонлик Георгий Дубовцевнинг фикрича, Пекиннинг Тожикистондаги ҳарбий чоралари минтақавий хавфсизликни таъминлашга эмас, балки ўз ҳудуди, хусусан, Шинжонни экстремизм таҳдидларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

«Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг ҳарбий имкониятларидан ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланишга уринмоқда, чунки уларнинг ўз ресурслари етарли эмас», деди Дубовцев.

Хитой режалари Россиянинг таъсирига путур етказади

Тожикистон ва Хитой ўртасидаги бундай муносабатлар бошқа бир куч – Россия манфаатларига тажовуз қилиши мумкин.

Вашингтондаги Кеннан институти таҳлил маркази томонидан май ойи охирида эълон қилинган ҳисоботда Хитой ва Россиянинг минтақада ўз таъсирини кучайтиришга уриниши фонида Марказий Осиё муҳим геосиёсий ўзгаришларни бошдан кечираётгани қайд этилган.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Пекин ривожланишда давом этар экан, Москванинг Марказий Осиёдаги иқтисодий яккаҳокимлиги сусайди, бироқ ҳали-ҳамон Россия минтақадаги хавфсизликнинг асосий кафолати бўлиб қолмоқда.

Сўнгги беш йил ичида минтақа мамлакатларига етказиб берилган қурол-яроғнинг 62 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Бундан ташқари, Москва мунтазам равишда Марказий Осиё, хусусан, Тожикистон билан чегарадош стратегик ҳудудларда ҳарбий машғулотлар ўтказиб келади. Кеннан институти ҳисоботига кўра, 2018 йилда Россия «1989 йилдан бери илк марта Тожикистондан туриб Афғонистонга ҳалокатли зарба берган».

Шундай бўлса-да, Хитой минтақага сезиларли даражада кириб бормоқда.

Ҳисоботда айтилишича, сўнгги беш йил ичида минтақадаги қурол-яроғ таъминотининг 18 фоизи Пекин ҳиссасига тўғри келган, бу кўрсаткич 2010-2014-йилларда 1,5 фоизни ташкил этган.

Хитой Марказий Осиёдаги илк ҳарбий объектларини 2016 йилда Тожикистоннинг Помир тоғларида барпо этган. Сўнгги йилларда эса Пекин «минтақадаги ҳарбий бўлинмаларининг операцион имкониятларини лойиҳалашни бошлаган».

«Москва Пекинга нисбатан стратегик устунликни сақлаб қолаётган бўлса-да, ўртадаги тафовут камайиб бормоқда. Ҳолат шу зайлда давом этадиган бўлса, яқин ўн йилликда Москванинг [Марказий Осиёдаги] таъсирини сусайиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Унга кўра, Марказий Осиёда қудратли давлатлар ўртасида рақобат кучайиб бораётган бир даврда Хитой ва Россия ўртасидаги зиддият ҳам кучайиши ва уларнинг ўзаро муносабатлари синовга учраши мумкин.

Тожикистон Пекиннинг диққат марказида

Хавфсизлик бўйича таҳлилчи, бишкеклик Қосибек Жолчуевнинг фикрича, Хитой ўз таъсир кампаниясининг бошланиш нуқтаси сифатида айнан Тожикистонни танлаган.

Жолчуевга кўра, «Душанбе ўзининг асосий кредитори (давлат ташқи қарзининг 40 фоизи шу мамлакатдан) Пекинга хавфли даражада қарам. Тожикистон ўз қарзини тўлашга қодир эмас ва шунинг учун ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида Хитойга ён беришга мажбур», дейди у.

Масалан, бугунги кунда Тожикистондаги олтин конларининг 80 фоиздан ортиғида Хитой компаниялари ишламоқда.

Қозоғистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ, Тожикистон Россия раҳбарлигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилмади, чунки Хитой бунга қарши бўлди, деди Жолчуев.

Бунинг ўрнига, «2016 йилда Душанбе минтақавий барқарорликни таъминлаш бўйича Пекин ташаббуси билан тузилган аксилтеррор коалициясига қўшилди. Коалиция Хитой, Тожикистон, Покистон ва Афғонистондан иборат», деди Жолчуев тўрт томонлама ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш механизмини назарда тутиб.

«Ўшандан бери бу давлатлар хавфсизлик кенгашлари раҳбарлари мунтазам йиғилиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда».

«Тожикистон Россия билан ҳамкорликдан борган сари камроқ манфаатдор бўлиб бормоқда», деб қўшимча қилди у.

Хитой ҳатто маданий жиҳатдан ҳам Россияни Тожикистондан сиқиб чиқармоқда.

Бир неча йилдирки, кўплаб тожик мактабларида хитой тили ўқитиб келинмоқда, бу тил рус тилидан кўра кўпроқ оммалашиб бораётган кўринади. Бундан ташқари, бир неча минг тожикистонлик талаба Хитой университетларида таҳсил олмоқда.

Жолчуев бу тенденцияни Хитойнинг минтақадаги иқтисодий экспансияси ва иштирокчилари хитой тилини билиши шарт бўлган кўплаб хитойлик лойиҳаларнинг ишга туширилиши билан изоҳлаган.

«Хитой фаоллашгани сари Россиянинг Тожикистонга, умуман, Марказий Осиёга таъсири камайиб бормоқда ва бу Москва учун жуда хавотирли», дейди у.

«Россия бир пайтлар ўзи назорат қилган, бироқ ривожланиш учун чинакам жозибадор истиқболларни тақдим эта олмаётган минтақани бой бермоқда», деди Жолчуев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Икки томонлама ўйин, улар Толибон тарафидами?

Жавоб бериш

Россия Марказий Осиёда ўз стратегик вазифаларини ҳал қилиш ҳақида ўйламаяпти. Бунинг ўрнига, Хитойдан келаётган глобал таҳдидларга кўз юмиб, Марказий Осиёлик ишчи мигрантлар ҳаётини мураккаблаштириш ва уларнинг «таҳдидлари»дан ўзини ҳимоя қилиш билан банд. Россиянинг «мудофаа стратегияси» шундай.

Жавоб бериш

Россия қудратли давлат эмас. Таназзул вақти яқинлашмоқда; оз қолди.

Жавоб бериш

Хитой аллақачон Россиянинг Тожикистондаги манфаатларини чеклаяпти. Россия Хитойга миқ этолмайди. Россиянинг барча қаҳрамонлиги ва жасорати бунақа пайт қаергадир ғойиб бўлади ва у жимгина индамай ўтиради.

Жавоб бериш

Россия кичик ва заиф давлатларгагина кучини кўрсата олади. «Курск» ҳодисаси бунга ёрқин мисолдир. Россия айбни тўлиқ бўйнига олди; акс ҳолда америкаликларга очиқ ва баралла овозда гапиришга тўғри келар эди, лекин Россиянинг бунга журъат қилолмади. Дарвоқе, «Аляска бизники» кампанияси қачон бошланади? Ижара муддати аллақачон тугаб бўлган.

Жавоб бериш