Карвонсарой
Хавфсизлик

Қудратли Россия армияси ҳақидаги афсона жонли эфирда барбод бўлмоқда

Алексей Костенко ва AFP

14 сентябр куни Изюм яқинидаги далада вайрон қилинган Россиянинг «МТ-ЛБ» зирҳли транспортёри ёнмоқда. [Хуан Баррето/AFP]

14 сентябр куни Изюм яқинидаги далада вайрон қилинган Россиянинг «МТ-ЛБ» зирҳли транспортёри ёнмоқда. [Хуан Баррето/AFP]

КИЕВ – Cўнгги бир неча ҳафта давомида Украинанинг шиддатли қарши ҳужуми Россия армиясининг урушдаги нуқсонларини яна бир марта кўрсатиб қўйди.

5 сентябр куни Украина кучлари Херсон вилоятига ҳужумни кутаётган русларни доғда қолдириб, Харков вилоятига бостириб кирди, натижада Россия қўшинлари ваҳима ичида таслим бўлишга ёки омматан ўз позицияларини ташлаб қочишга мажбур бўлди.

Ҳужум асносида Украина стратегик муҳим Изюм шаҳрини қайтариб олди. Чоршанба (14 сентябр) куни бу ерга Украина президенти Владимир Зеленский ташриф буюрди. Рус кучлари Россия билан чегарадош Харков вилоятининг катта қисмидан сиқиб чиқарилган.

«Украиналиклар кўпчилик имконсиз деб ўйлаган ишни яна бир бор уддаладилар», деди Зеленский кечки мурожаатида.

11 сентябр куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг Фейсбукдаги саҳифасида чоп этилган суратларда Россия ҳарбийлари ташлаб кетган машиналар ва ўқ-дори захиралари акс этган. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

11 сентябр куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг Фейсбукдаги саҳифасида чоп этилган суратларда Россия ҳарбийлари ташлаб кетган машиналар ва ўқ-дори захиралари акс этган. [Украина қуролли кучлари бош қўмондони/Facebook]

Икки суд-тиббий эксперти Украина шарқидаги Изюм шаҳри чеккаси жойлашган оммавий қабрда қазиш ишларини олиб бормоқда, 16 сентябр. [Хуан Баррето/AFP]

Икки суд-тиббий эксперти Украина шарқидаги Изюм шаҳри чеккаси жойлашган оммавий қабрда қазиш ишларини олиб бормоқда, 16 сентябр. [Хуан Баррето/AFP]

Бу воқеа деярли етти ой давом этган можаро ёзда боши берк кўчага кириб қолгани, Россия қўшинлари Украина шарқи ва жанубининг катта қисмини ушлаб турса-да, олдинга силжий олмаганидан сўнг юз берган.

2014 йилда Қримнинг Россия томонидан босиб олинишини «фожиа» деб атаган Зеленский охир-оқибат яриморолнинг қайтариб олишинига ваъда берган.

Машъум топилма

Пайшанба куни Зеленский Изюм шаҳрида оммавий қабр топилганини маълум қилар экан, бу воқеани Россия ваҳшийликларининг тимсолига айланган Буча ва Мариупол шаҳарлардаги ўлимларга қиёслаган.

«Россия ишғоли нималарга олиб келганини бутун дунё билишини истаймиз», деди у.

Минтақавий полиция вакили Сергей Ботвиновнинг Sky News телеканалига маълум қилишича, Изюм шаҳрида тахминан 440 та жасад дафн этилган жой топилгани, улардан айримлари отиб ўлдирилган, қолганлари эса ўққа тутиш натижасида ҳалок бўлган одамлар эканини айтди.

Кўп жасадларнинг шахси ҳали аниқланмаган ва тергов давом этмоқда, деди у.

Аянчли топилма Оқ уй Украинага 600 миллион долларгача қўшимча ҳарбий ёрдам, жумладан жиҳозлар ва хизматлар, шунингдек, тайёргарликдан ўтказиш дастурини маъқуллаганини эълон қилган пайтга тўғри келди.

Кейинроқ АҚШ мудофаа вазирлиги ушбу ёрдам 37000 та артиллерия снаряди, шулардан 1000 таси аниқ бошқариладиган ва тўртта артиллерияга қарши радар ҳамда бошқа қурол ва жиҳозларни ўз ичига олиши ҳақида баёнот берди.

HIMARS ракета тизими учун ҳам кўпроқ ўқ-дори берилади, деди Пентагон.

Россиянинг босқини бошланган 24 февралдан бери Қўшма Штатлар Киевга 15 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам тақдим этган.

Россиянинг заифликлари фош бўлмоқда

«Изюм шаҳри Харков вилоятининг жануби, шунингдек, Донецк ва Луганск вилоятларининг шимолий қисмининг калитидир», дейди Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази директори Сергей Кузан.

Россия армиясига инсон ресурслари етишмаётгани унинг яқинда фош бўладиган заифлигидир, деди у.

Март ойида Изюмни эгаллаган россияликлар Харков вилоятидаги муваффақиятини кенгайтиришни режалаган ҳолда у ерга энг жанговар кучларини жойлаштирди. Аммо вақт ўтиши билан Россия қўмондонлиги профессионал аскарлар етишмовчилигини қоплаш учун Изюмдаги контингентнинг бир қисмини бошқа ҳудудларга йўналтирган.

«Жангга қодир бўлган барча, жумладан Шарқий ҳарбий округ ҳам феврал ойидан бери Украинага жалб қилинган», деди Кузан.

«[Россиянинг ҳарбий жасорати ҳақидаги] барча афсоналар жонли эфирда йўққа чиқди», деди у. «20 йил давомида сингдириб келинган, «бу жаҳондаги иккинчи энг қудратли армия, қудратли давлат» эканига халқни ишонтириш учун миллионлаб, юзлаб миллион доллар сарфланган ҳамма нарса барбод бўлди.»

««Россияни тўхтатиш мумкин, лекин уни мағлуб этиб бўлмайди», «Россия жанг майдонида ютқазмайди». Биз ҳозир бу гапларнинг барчасини шунчаки йўққа чиқардик. Бутун рус мифологияси йўқ қилинди», дейди Кузан.

«Бизда Ғарб танклари, Ғарбнинг авиацияси йўқ. Узоқ масофага учадиган ракеталаримиз ҳам йўқ. Қўлимизда бор воситалар билан шундай муваффақиятларга эришдик».

Улкан муваффақиятсизлик

Россия расмийлари очиқ-ойдин мағлубиятни инкор этишга мажбур бўлган.

Якшанба куни Россия мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков Россия шунчаки «махсус ҳарбий операция» мақсадларига эришиш учун ўз кучларини қайта гуруҳлаётганини таъкидлади.

Босқинни «уруш» деб аташ Россияда 15 йилгача қамоқ билан жазоланади.

Бироқ ўтган ҳафта Россия қўшинларининг танклар, зирҳли машиналар ва ўқ-дориларни ташлаб, қочиб кетаётгани акс этган сурат ва видеоёзувлар тарқаган.

Айрим аскарлар ўзларини маҳаллий фуқаролардек кўрсатиб, ўғирланган велосипедларда қочишган.

7-11 сентябр кунлари Киев кучлари Россиянинг 388 та техникасини қўлга олди, деб хабар беради Украинанинг TSN ахборот агентлиги Oryx очиқ манбадан олинган разведка маълумотлари сайтига таяниб. Улардан 200 таси «яхши ҳолатда».

Худди шу даврда Россия кучлари 49 танк, 24 зирҳли транспорт воситаси, 32 артиллерия машинаси, бир нечта ракета тизимлари ва иккита самолёт йўқотган.

6 сентябрдан бери Харковдаги Украина кучлари 150 мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи қарийб 8,5 минг квадрат километр келадиган ҳудудларни қайтариб олди, деди Украина мудофаа вазири ўринбосари Ганна Маляр чоршанба куни.

Кремлнинг ўз кучларини қайта гуруҳлаётгани ҳақидаги даъволари «Россия жамоатчилиги учун ўйлаб топилган уйдирма», дейди киевлик ҳарбий таҳлилчи Олег Жданов.

«Украина аскарлари (июл ойида) русларни Илон оролидан чиқариб юборганини эслайсизми? Ўшанда руслар нима дейишганди? Бу «яхши ният ишораси» эди», деди Жданов Карвонсаройга.

Аслида, рус аскарлари Харковда ҳам, Илон оролида ҳам Украинанинг пухта режалаштирилган ва муваффақиятли амалга оширилган қарши ҳужумлари қурбони бўлди, деди у.

«Украина Бош штаби Россия қўмондонлигини асосий зарба Херсонга берилишига ишонтирди. «Руслар у ерга қўшин жойлаштирди, бироқ украиналик аскарлар бошқа томондан, Харков вилоятидан ҳужум қилдилар».

Бу ҳийла шунчалик кутилмаган бўлдики, украиналик қўшинлар сон жиҳатидан устун бўлган россияликлар устидан муваффақият қозонди, деб қўшимча қилди у.

Вашингтон яқинидаги Ҳарбий-денгиз таҳлиллари марказининг катта тадқиқотчиси Майкл Кофманнинг AFPга айтишича, «бу шундай ҳолатни олдиндан кўра билмаган Россия ҳарбий разведкасининг улкан муваффақиятсизлигидир».

«Россия ҳарбий разведкаси ишни расво қилди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия армияси озроқ ўтириб қўйди

Жавоб бериш

Россия заиф ва қолоқ давлат бўлиб чиқди.

Жавоб бериш