Карвонсарой
Дипломатия

БМТдаги 50 давлат Хитойнинг Шинжонда инсон ҳуқуқларини бузаётганини қоралади

AFP

2019 йил 4 июн куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилояти Янгисар шаҳридаги бинога ўрнатилган тиконли симлар ортидаги Хитой байроғи акс этган. [Greg Baker/AFP]

2019 йил 4 июн куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилояти Янгисар шаҳридаги бинога ўрнатилган тиконли симлар ортидаги Хитой байроғи акс этган. [Greg Baker/AFP]

НЬЮ-ЙОРК – Душанба (31 октябр) куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги (БМТ) муҳокамалар чоғида Хитойнинг Шинжон минтақасида инсон ҳуқуқларини «жиддий ва тизимли» бузаётганини қораловчи баёнот 50 давлат тарафидан имзоланган.

«Биз Хитой Халқ Республикасидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, айниқса, Шинжондаги уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа озчиликларга нисбатан давом этаётган инсон ҳуқуқлари бузилишидан жиддий хавотирдамиз», дейилади баёнотда.

Баёнот Канада томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи учинчи қўмитасидаги муҳокамалар чоғида ўқиб эшиттирилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (OHCHR) август ойида Шинжон бўйича узоқ кутилган ҳисоботини эълон қилган – унда уйғурлар ва олис ғарбий минтақадаги бошқа мусулмон озчиликларга қарши инсониятга қарши жиноятлар содир этилгани зикр қилинади.

Пекин бу айбловларни рад этиб, терроризмга қарши курашаётганини ва минтақа тараққиётини таъминлаётганини даъво қилмоқда.

«Инсон ҳуқуқларининг бундай жиддий ва тизимли бузилишини терроризмга қарши кураш билан оқлаб бўлмайди. OHCHR баҳосининг нақадар жиддий эканини инобатга олиб, Хитой шу пайтгача ўз хулосаларини муҳокама қилишдан бош тортганидан хавотирдамиз», деб қўшимча қилинган баёнотда.

Ҳужжатни имзолаган 50 давлат орасида АҚШ, Буюк Британия, Япония, Франция, Австралия, Исроил, Туркия, Гватемала ва ҳатто Сомали ҳам бор.

Улар Пекинни «Шинжонда ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум этилган барча шахсларни озод қилиш, бедарак йўқолган оила аъзоларининг тақдири ва қаерда эканини зудлик билан аниқлаштириш ҳамда уларнинг хавфсиз мулоқоти ва бирлашувига кўмаклашиш бўйича тезкор чоралар кўриш»ни ўз ичига олган «OHCHR баҳолаш тавсияларини бажаришга» чақирганлар.

Октябр ойи бошида Хитой БМТнинг Женевада жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ҳисоботининг муҳокамасидан қутулиб қолган, чунки ташкилотга аъзо 47 давлатнинг кўпчилиги мунозара бошланишига қарши чиққан эди.

Душанба куни Human Rights Watch халқаро ташкилоти БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши мунозарасини «имкон қадар тезроқ» ўтказиш учун «қайта уриниб кўришга» чақирди.

«Шубҳасиз, Пекинни инсон ҳуқуқларини бузгани учун жавобгарликка тортишга қаратилган дипломатик жадаллик кучайиб бормоқда», деди БМТдаги Human Rights Watch директори Луи Шарбонно.

«Human Rights Watch Хитой ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини бузиш борасидаги жавобгарлигини тергов қилиш мақсадида кенгаш аъзоларини имкон қадар тезроқ БМТ қўлловидаги механизмни яратиш вариантларини муҳокама қилиш ва кўриб чиқишга уриниб кўриши керак», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бутун дунё 80 йил аввал немис фашизмига қарши бирлашгани каби Хитой фашизмига қарши бирлашиши керак

Жавоб бериш