Карвонсарой
Хавфсизлик

Сурилиб тур Россия: Хитой очиқдан-очиқ Марказий Осиёга кириб бормоқда

Канат Алтинбаев

(Чапдан ўнгга) Хитой президенти Си Цзинпин, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 19 май куни Сианда бўлиб ўтган «Хитой–Марказий Осиё саммити доирасида бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманига етиб келишди. [Флоренс Ло/Pool/AFP]

(Чапдан ўнгга) Хитой президенти Си Цзинпин, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 19 май куни Сианда бўлиб ўтган «Хитой–Марказий Осиё саммити доирасида бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманига етиб келишди. [Флоренс Ло/Pool/AFP]

ОЛМАОТА/ТОШКЕНТ – Агар бир вақтлар Хитой ва Россия Марказий Осиёда таъсир доираларини сўзсиз бўлишиб олган бўлса (Пекин иқтисодиётни бошқарган, Москва эса хавфсизликни ўз зиммасига олган), ҳозир вазият Хитой фойдасига ўзгарган.

Украинага муваффақиятсиз ҳужумидан кейин Кремл минтақада ўз таъсирини йўқотмоқда, Хитой эса унинг ўрнини эгаллашга тайёр.

Россия 2022 йилнинг феврал ойида Украинага асоссиз ҳужум бошлади. Ўшандан бери босқинчи қатор мағлубиятлар ва улкан йўқотишларга учраган.

Ўз навбатида Хитой иттифоқчиси Россиянинг «орқа ҳовлисига» кириб олди ва минтақани ташқи тажовуз, яъни Россиянинг ўзидан ҳимоя қилиш жавобгарлигини самарали ўз зиммасига олди, дейди таҳлилчилар.

Хитой президенти Си Цзинпин (ўнгда) ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сианда бўлиб ўтган «Хитой-Марказий Осиё саммити» доирасида шартномаларни имзолашдан кейин қўл сиқишмоқда, 18 май, Хитой. [Марк Кристино/Pool/AFP]

Хитой президенти Си Цзинпин (ўнгда) ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сианда бўлиб ўтган «Хитой-Марказий Осиё саммити» доирасида шартномаларни имзолашдан кейин қўл сиқишмоқда, 18 май, Хитой. [Марк Кристино/Pool/AFP]

Бу йўналиш 18-19 май кунлари бўлиб ўтган Хитой-Марказий Осиё саммитида Россиянинг иштирок этмаганида ҳам намоён бўлди.

Саммитда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари иштирок этди. Хитой минтақавий тадбирни Буюк ипак йўлидаги Сиан шаҳрида ўтказиш орқали унга рамзий маъно беришга ҳаракат қилган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги ушбу тадбир Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан 31 йил аввал алоқалар ўрнатганидан бери ўтказилаётган биринчи саммит эканлигини айтди. Бу Пекин ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бундай форматдаги биринчи юзма-юз учрашуви эди.

Россиянинг ушбу тадбирдан четда қолиши Москванинг минтақадаги роли сезиларли даражада пасайиб кетганидан ва Хитой ўзининг «дўсти ва иттифоқчиси» бўлган Россияни узоқ йиллик таъсир ҳудудидан очиқчасига сиқиб чиқараётганидан далолат беради, дейди таҳлилчилар.

«Бир неча ўн йиллар, балки бир неча асрлардан бери Марказий Осиёда гегемон бўлган Россиянинг илк бор четлатилиши», деб айтган Швециядаги Уппсала университетининг Россия ва Шарқий Европа бўйича тадқиқотлари профессори Стефан Хедлунд 19 май куни Euronews нашрига.

«Бу Россия минтақа бўйлаб ўз дўстларидан айрила бошлагани ва Хитой янги гегемон бўлиш имкониятини қўлдан бой бермаётгани ортидан юз бермоқда», деб қўшимча қилди у.

«Сиандаги катта олтилик саммитини иккита сабаб туфайли муҳим воқеа деб аташ мумкин», дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence ташкилоти раҳбари Алишер Илҳомов.

«Биринчидан, Марказий Осиё ва Хитой етакчиларини бирлаштирган минтақавий саммит биринчи марта Россия иштирокисиз бўлиб ўтди. Бу жуда муҳим ва рамзий маънога эга», деб айтган у Карвонсаройга.

«Авваллари Москва бунга йўл қўймаган бўларди, аммо энди Пекин билан муносабатларга путур етказмаслик учун сабр қилишга мажбур», деб айтган у. Россия президенти Владимир Путиннинг тадбирда йўқлиги Россиянинг геоссиёсий ва минтақавий ўйинчи сифатида заифлашганидан далолат беради, деб қўшимча қилди у.

Иккинчидан, саммитда «мисли кўрилмаган» инвестиция шартномалари имзоланган, уларнинг умумий қиймати 50 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, тенг ярми 15 та корхона қуриш учун Ўзбекистон билан имзоланган.

«Нимага Хитой бундай сахийлик қилмоқда? Менимча, асосий мақсад Марказий Осиёни нафақат Россиядан, балки Ғарбдан ҳам тортиб олиш», деб айтган у.

Аммо, бу Марказий Осиё давлатлари «ўзининг кўп векторли сиёсатидан дарҳол воз кечишини» англатмайди, деб қўшимча қилди у.

Хитойга хос молиявий «ёрдам»

Саммит Пекиннинг ўз таъсирини нафақат ўзининг анъанавий соҳаси, яъни иқтисод, балки бошқа соҳаларда, масалан, ҳарбий ва ҳаттоки, ахборот (ёки ташвиқот) ҳамкорлиги каби, ўнлаб йиллар давомида асосан Россияники бўлган соҳаларда ҳам кенгайтириш мақсадини ошкор қилган.

Саммит чоғида Хитой президенти Си Цзинпин ўз давлатининг Марказий Осиё билан муносабатларида «янги давр» бошланганини таъкидлади.

Бироқ иқтисодиёт устуворлигича қолмоқда, чунки Хитой экспорт имкониятларини диверсификация қилиш ва Европага маҳсулот етказиб бериш учун қуруқлик йўналишларини яратиш бўйича ўзининг кенг кўламли режаларини амалга ошириш учун минтақага муҳтож.

Саммида томонлар Россияни чеклаб ўтувчи Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир ва автомобил йўли қурилишини якунлашга келишиб олишди.

Шунингдек Си, минтақада «ҳамкорлик ва тараққиётни рағбатлантиришга» Марказий Осиё давлатлари учун 26 миллиард юан (3,8 миллиард АҚШ доллари) миқдорида кредит ва грант ажратишга ваъда берди.

Кузатувчилар Хитой ваъдаларига ишонишмаяпти.

«Амалда Хитойнинг бундай саховатли ёрдами кўпинча Хитойнинг автомобил ва темир йўллари каби инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш билан якунланади, бу эса якунда Пекиннинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусига ҳисса қўшади», дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева Карвонсарой нашрига.

«Хитой ажратган маблағлар шу йўлларни қурувчи Хитой компанияларига ўтади», деб айтган у.

Марказий Осиё Хитойнинг триллион долларлик «Камар ва йўл» (BRI) номи билан танилган «Бир камар, бир йўл» ташаббуси (OBOR) учун бош элементга айланган бўлиб, бу президент Си Цзинпин учун муҳим геосиёсий лойиҳадир.

Аммо танқидчилар анчадан бери Хитойни улкан ва тўланиши қийин кредитлар таклиф қилиб, даромади паст мамлакатларни қарз тузоғига илинтиришда айблаб келади. BRI лойиҳаси бутун дунёда Хитойнинг кенгайиб бораётган ҳарбий ҳозирлиги учун ниқоб бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Си саммитда Марказий Осиёда фаолият юритаётган Хитой компаниялари «маҳаллий аҳоли учун кўпроқ иш ўринлари яратишга кўмаклашади», деб ваъда берди.

Суранчиева бу каби ҳолатларни «хўжайиннинг дастурхонидаги ушоқлар» деб атади, Пекиннинг умид қилишича, бу Хитой ширкатларининг шаҳар ва қишлоқлардаги фаолиятига норозилик билдирмаслиги учун маҳаллий аҳолини рози қилиши мумкин.

Кўп йиллардан бери Қирғизистондаги ушбу қишлоқ аҳолиси Хитой компаниялари уларнинг тоғли, сўлим ерларида кон қазишига қарши чиқиб, маҳаллий экологияни муҳофаза қилишга интилиб келмоқда.

«Минтақамиздаги давлатлар Хитойдан йирик кредитлар олиб, қарз сиртмоғига тушиб қолишди ва бу қарзларни ўзларининг қимматли табиий ресурслари билан узишга мажбур бўлмоқдалар. Масалан, Тожикистон билан шундай бўлди», дейди у.

Жумладан, 2019 йилда Тожикистоннинг ўз кумуш конига эгалик ҳуқуқини Хитойга бериши баҳсларга сабаб бўлган эди.

Хитой – хавфсизлик кафолати сифатида

Пекин, шунингдек, минтақада хавфсизликни сақлашга кўмаклашишни ваъда қилди – бу доим минтақа «ҳимоячиси» бўлиб келган Россиянинг юзига урилган «шапалоқ» бўлди.

«Хитой ва Марказий Осиё давлатлари суверенитет, мустақиллик, хавфсизлик ва ҳудудий яхлитлик каби асосий манфаатлари билан боғлиқ масалаларда бир-бирини қатъиян қўллаб-қувватлайди», деди Си Цзинпин 19 май куни Сиан шаҳрида бўлиб ўтган саммитдан кейинги матбуот анжуманида.

Озод Европа/Озодлик радиоси қозоқ хизматининг қайд этишича, Пекин аввалроқ Марказий Осиё хавфсизлик кучларини тайёрлаш учун минтақавий аксилтеррор марказини ташкил этиш устида иш олиб бораётганини маълум қилган эди.

Си ўзининг Марказий Осиёдаги хавфсизлик амбицияларига оид илк жиддий баёнотини сентябр ойида Остонага ташрифи чоғида баён қилган – ўшанда қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаевга «Қозоғистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда қатъий қўллаб-қувватлаш» ваъдаcини берган эди.

Таҳлилчилар буни Пекиннинг Москвага берган қатъий огоҳлантириши, шунингдек, Украинада ўзи яратган ботқоққа чуқурроқ ботиб бораётган Кремл учун исталмаган воқеалар ривожи сифатида баҳоладилар.

Украинадаги ҳарбий муваффақиятсизликлар фонида Москванинг Марказий Осиёдаги хавфсизлик кафолати сифатидаги нуфузи кескин пасайиб кетди, дейди Хатарларни баҳолаш гуруҳи раҳбари, олмаоталик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

«Бунинг устига, КХШТ [Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти] аъзоларининг ҳарбий блокдан ҳафсаласи пир бўлган», деди у Россия томонидан асос солинган ва бошқариладиган ташкилотни назарда тутиб.

«Уларнинг аксарияти, жумладан, Россиянинг ўзи ҳам турли ҳарбий можароларга аралашиб қолган ва уларнинг блокка аъзолиги... бу можароларни ҳал қилишга ёрдам бермаган», деди Сатпаев.

КХШТга қатор собиқ совет республикалари, жумладан Марказий Осиёдаги уч давлат – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради.

Пекин юзага келган вазиятдан фойдаланиб, постсовет мамлакатларни Россия таъсир доирасидан олиб чиқиб, Хитой орбитасига олиб киришга ҳаракат қилмоқда, деди Россия-Евроосиё Карнеги маркази ходими Темур Умаров «Сибирь.Реалии» ахборот агентлигига берган интервьюсида.

«Хитой яқин орада Марказий Осиё давлатлари билан (жумладан, Хитой ички қўшинлари иштирокидаги) қўшма ҳарбий машғулотларни қайта бошлаш ниятида», деди у фақат ички тартибсизликларни бостириш учун мўлжалланган қўшинларни назарда тутиб.

Хитой ва Россия ташвиқоти

Афтидан, Пекин Марказий Осиёда фаол тарзда ўзининг «юмшоқ куч» сиёсатини юрита бошлайди, бу борада шу пайтга қадар Кремл назоратидаги телеканаллар ва янгиликлар сайтлари каби ташвиқот воситалари билан Россия ҳукмронлик қилиб келаётган эди.

Март ойида Хитойнинг CCTV+ медиакорпорацияси ва Business Kazakhstan сайти DKNEWS.KZ халқаро ахборот агентлиги билан биргаликда ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди.

Миссияси «Хитой тарихини бутун дунёга баён қилиш» бўлган CCTV+ ўз контентини ёйинлаш учун Business Kazakhstan нашрига тақдим этади.

Пекин Марказий Осиёдаги ОАВ билан ҳамкорликдан Хитойнинг ижобий ва «жамоавий Ғарб»нинг салбий қиёфасини шакллантириш, шунингдек Пекиннинг ташқи сиёсатга оид бошқа вазифаларини амалга ошириш учун фойдаланади.

Хитойнинг минтақадаги «юмшоқ куч» сиёсати фақат кучаяди, деди Сатпаев ва Хитойнинг кенг қамровли таъсири остида қолмаслик учун Марказий Осиё давлатларини фақат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

«Хитой Марказий Осиёга ҳеч қандай яхшилик олиб келмайди – бу минтақамиз учун мустамлака ва қулликдан бошқа нарса эмас», дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов.

Пекин «элиталар ўртасида янада кўпроқ коррупция ва бузилишни қўллаб-қувватлайди, бу эса минтақанинг ривожланишига тўсқинлик қилади ва Хитойга қарамликни оширади», деди у.

Швециялик профессор Хедлунднинг фикрича, Хитой Марказий Осиёни Россиянинг чангалидан тортиб олаётган бир пайтда, Москва бунга томошабин бўлиб туришдан бошқасига ярамаяпти.

«Хитойликлар илтифот кўрсатишмайди», деди Хедлунд Euronews телеканалига берган интервьюсида. «Агар Россия Хитой унинг учун эвазсиз нимадир қилиши мумкинлигига ишонган бўлса, у адашаётганини англаб етди.»

[Ушбу мақолани тайёрлашга Ўзбекистондан Рустам Темиров кўмаклашди.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитойда пул, тараққиёт, технология, маданият ва қадимий тарих бор, руслар эса ўз тарихини ўйлаб топиб, маданиятни бир шиша ароққа алмаштирдилар. Бунақанги бечора мамлакат кимга керак?

Жавоб бериш

МО давлатлари учун «ура-ура» саммити. Қиийинчилик билан пул топиш учун ношукур руслар учун жанг қилишдан яхшироқ.

Жавоб бериш