Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия Украинадаги йўқотишлар фонида жасадларни сақлашга миллиардлаб рубл сарфламоқчи

Ольга Чепил

3 январ куни Россиянинг Самара шаҳрида олинган суратда Россия назорати остидаги ҳудудда Украина зарбаси натижасида ҳалок бўлган 60 дан ортиқ аскар хотирасига қўйилган мангу олов ва гуллар акс этган. [Арден Аркман/AFP]

3 январ куни Россиянинг Самара шаҳрида олинган суратда Россия назорати остидаги ҳудудда Украина зарбаси натижасида ҳалок бўлган 60 дан ортиқ аскар хотирасига қўйилган мангу олов ва гуллар акс этган. [Арден Аркман/AFP]

КИЕВ – Украина разведкаси маълумотларига кўра, Кремл ҳалок бўлган аскарларининг жасадларини сақлаш учун йирик марказлар қурмоқда.

Бу эҳтиёж Россия Украинага бостириб кириб, катта талофатларга учрай бошлаганидан сўнг пайдо бўлди.

Жасадларни сақлаш иншоотлари Курск ва Ростов-Дон шаҳарларида қурилади, дейилган 31 май куни Украина ҳарбий разведкасининг Телеграмдаги баёнотида.

Бошқарма маълумотларига кўра, ҳар бири 4000 квадрат метрга тенг ва 1000 та жасадни сиғдира оладиган совуткичларни ўз ичига олувчи объектларда жасадлар сараланади ва таҳлил қилинади.

Украиналик ҳарбий хизматчилар Харков вилоятининг Купянск шаҳри яқинида озод қилинган Петропавловка қишлоғида ҳалок бўлган россиялик аскарларнинг жасадлари солинган полиэтилен халталарни туширмоқда, 15 декабр. [Сергей Бобок/AFP]

Украиналик ҳарбий хизматчилар Харков вилоятининг Купянск шаҳри яқинида озод қилинган Петропавловка қишлоғида ҳалок бўлган россиялик аскарларнинг жасадлари солинган полиэтилен халталарни туширмоқда, 15 декабр. [Сергей Бобок/AFP]

2022 йилнинг 30 март куни Украина қўшинлари Харков шарқидаги Малая Роган қишлоғини қайтариб олганидан кейин ерда ётган рус аскарлари жасадлари олдидан ўтаётган украиналик аскар. [Фадел Сенна/AFP]

2022 йилнинг 30 март куни Украина қўшинлари Харков шарқидаги Малая Роган қишлоғини қайтариб олганидан кейин ерда ётган рус аскарлари жасадлари олдидан ўтаётган украиналик аскар. [Фадел Сенна/AFP]

«Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бош бошқармаси қайд этганидек, эндиликда Россия Украинага қарши урушда ўзининг шахсий таркибдаги йўқотишлари кўламини яшира олмаяпти», дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, Россия Ростов-Дондаги объектга 600 миллион рубл (тахминан 7 миллион доллар), Курскдагисига эса 800 миллион рубл (тахминан 10 миллион доллар) сарфлашни режалаштирмоқда.

Совутиш ускуналарининг ўзи Кремлга қўшимча 1 миллиард рублга (тахминан 12 миллион доллар) тушади.

«Москвадаги бу мажмуаларнинг қурилиши [Владимир] Путин режимининг ўз истилочи армиясини ҳалокатли конвейерга жўнатаётганини, лекин ўлганлар оқимини назорат қила олмаётганини тасдиқлайди», дейилади баёнотда.

Бошқарманинг таъкидлашича, ҳозирча Россия аскарларида танлов бор.

«Уруш жиноятларини содир этмаган ҳар қандай россиялик аскар таслим бўлиш ҳуқуқига эга. Акс ҳолда уни Россиядаги жасадларни саралаш базаларидан биридаги музлатгич кутмоқда».

Исталмаган

Кремл эндиликда инкор этиш мушкул бўлган воқелик билан тўқнаш келди.

АҚШ расмийларининг 1 май кунги тахминларига кўра, Украина шарқидаги беш ойлик жангларда 20 мингдан ортиқ Россия аскари ҳалок бўлган, 80 минг нафари яраланган.

Украинанинг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг февралида Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россиянинг 216 мингдан ортиқ аскари ҳалок бўлган, бу эса Кремлнинг «махсус операция»да минимал қурбонлар бергани ҳақидаги даъволарига зиддир.

«Ўлган аскарларнинг жасадлари бу нарративни инкор қилади, шу сабабли бу бинолар ҳақиқатни яшириш мақсадида қурилмоқда... Қурбонлар ҳақидаги хабарлар эса Россия аҳолиси орасида ишончсизлик ва ваҳима уйғотади», дейди Киевдаги дезинформацияга қарши кураш бўйича Украина марказининг Ахборот тўплаш ва мониторинг департаменти директори Алина Бондарчук.

«Бизнингча, бу бинолар катта, аммо кўзга ташланмайдиган ва ортиқча эътибор жалб қилмайдиган омборлар бўлади», деди у.

«Аввалроқ Кремл ўз йўқотишлари ҳақидаги ҳақиқатни яшириш учун фронтда кўчма крематорийдан фойдаланган. Ўлдирилган босқинчиларнинг жасадлари ёқиб юборилган, уларнинг яқинларига товон пули тўланмаган, чунки бу одамлар «бедарак йўқолган» деб ҳисобланган», деб қўшимча қилди у.

Кузатувчиларга кўра, Россия қўшинларининг жасадларига муносабат янги чақирилувчилар оқими фонида янада ёмонлашган.

«Ўлдирилган аскарлар билан боғлиқ вазият жуда расво», дейди Херсондаги Қора денгиз сиёсий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Володимир Молчанов Карвонсарой нашрига.

Россия қўшинлари «кўпинча [ярадор сафдошларини] ўзлари отиб ўлдирадилар, ярадорларни ёрдамсиз ташлаб кетишади ёки жасадларни ўғирлашади», деб қўшимча қилди у.

«Менимча бу ҳукумат тузуми билан эмас, балки янги чақирилган ҳарбий хизматчиларнинг характери билан боғлиқ», деди Молчанов.

«Бунинг устига, жангга бормоқчи бўлган эркаклар унчалик кўп эмас. Ҳозирда мудофаа вазирлиги ҳам Вагнер гуруҳининг тактикасига ўтиб, асирларни ёллай бошлади», деди у Украинага босқинда ёрдам бераётган ёлланма жангарилар гуруҳини назарда тутиб. «Аскарлар ўртасида жанжаллар келиб чиқмоқда. Бу ҳам вазиятга таъсир қилади.»

Молчановнинг сўзларига кўра, ушбу мудҳиш омборларнинг яна бир мақсади ўлганларнинг шахсини аниқлашдир.

«Улардаги ҳарбий қисмларда аскарларни рўйхатга олиш яхши йўлга қўйилмаган, фронтга жўнатилаётган аскарлардан генетик материаллар олинмаган, жетонлар ҳам йўқ. Чақирилувчилар урушга қай тарзда жўнатилиши ҳам номаълум», деди у.

Ҳалок бўлган яқинларини қидираётган россияликлардан кўп шикоятлар тушар экан, ана шундай сақлаш марказлари ёрдамида «ҳукумат бу жараённи маданиятли тарзда ташкил қилишга уринмоқда, чунки ҳарбий қисмлар командирлари буни эплай олмайди».

Мақсадга йўналтирилган сиёсат

Ўтган йили Украина президенти Владимир Зеленский ҳатто россиялик ҳарбий хизматчиларга мурожаат қилган ва украиналиклар уларнинг шахсини аниқлаши ва қариндошлари билан боғлана олиши учун ҳеч бўлмаганда баданларига ўз исмларини татуировка қилдиришни сўраган эди.

«Россия ҳукумати атайин шундай сиёсат юритмоқда: ўз талафотларини яшириш. Бу сиёсат моҳиятан аҳолини асабийлаштирмасликка асосланган, чунки уруш режадагидек кетмаётгани аллақачон аён бўлган», дейди «Бирлашган Украина» таҳлил маркази эксперти, киевлик сиёсатшунос Дмитрий Левус Карвонсаройга.

Бундан ташқари, русларга украиналикларнинг ўз қурбонларига муносабати таъсир қилган бўлиши мумкин, дейди Левус.

«Улар ҳеч қачон ўз йўқотишларига ва ҳалок бўлганларга нисбатан муносабатига эътибор бермаган бўлиши мумкин, аммо Украина ўзини бошқача тутмоқда», деди у.

«Украина ҳар доим ўз жангчиларининг жасадларини олиб келишга ҳаракат қилади ва руслар буни кўряпти. Бу улар учун ҳам муҳим экани маълум бўлмоқда. Менимча... руслар украиналикларга тақлид қилишга уринмоқдалар».

«Умуман олганда, бу рус халқи учун унчалик муҳим бўлмаслиги мумкин, лекин Россияда мусулмон аҳоли ҳам борки, уларни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Улар жасадларнинг қандай кўмилиши ҳақида қайғурадилар – улар учун дафн маросимини ўтказиш муҳим», дейди Левус.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар кўп йўқотишларни бошдан кечирдилар, айниқса кичик Бахмут шаҳарчаси учун.

Жавоб бериш

Бу инновацион русча ёндашувнинг намунасидир: агар бизнинг жангчиларимиз учун моргларга миллионлаб пул сарфлаш мумкин бўлган бир вақтда, нега янги мактаблар ва касалхоналар нимага қуриш керак? Кремл ҳар доим ўз устуворликлари ҳақида аниқ тасаввурга эга эканлиги жуда қизиқ.

Жавоб бериш

Уларни тезроқ кўмиб юбориш керак, бўлди. Россия ўзидан европаликларни ясаб олмоқчи бўляптими? :))

Жавоб бериш

Путин Россия генофондини йўқ қилди.

Жавоб бериш