Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қозоғистон буғдойининг асосий импортчисига айланган Ўзбекистон минтақага фойда келтирмоқда

Рустам Темиров

Диаграммада Ўзбекистоннинг 2018–2022 йиллардаги буғдой ва буғдой маҳсулотлари экспорти ва импорти (млн долларда) акс этган. [Карвонсарой]

Диаграммада Ўзбекистоннинг 2018–2022 йиллардаги буғдой ва буғдой маҳсулотлари экспорти ва импорти (млн долларда) акс этган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистоннинг Қозоғистон буғдойининг асосий импортчиси ва дон маҳсулотлари экспортчисига айлангани Марказий Осиё давлатлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган алоқалардан дарак бермоқда.

2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Қозоғистондан 624,7 минг тонна буғдой импорт қилди.

Ўтган йили Ўзбекистон Қозоғистондан 2,99 миллион тонна буғдой ва меслин (буғдой ва жавдар аралашмаси) импорт қилган бўлиб, бу 2021 йилдагидан 8,3 фоизга кўп.

Бу ҳозирда Қозоғистон дон экспортининг 47,3 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келаётганини англатади.

Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида буғдой ҳосилини йиғиштираётган фермер, 24 июн. [Шокрух Кенжаев]

Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида буғдой ҳосилини йиғиштираётган фермер, 24 июн. [Шокрух Кенжаев]

Ўзбекистон 2009 йилдан буён ун экспортини оширмоқда. Диаграммада 2009-2022 йиллардаги Ўзбекистон ун экспорти (минг тоннада) кўрсатилган. [Карвонсарой]

Ўзбекистон 2009 йилдан буён ун экспортини оширмоқда. Диаграммада 2009-2022 йиллардаги Ўзбекистон ун экспорти (минг тоннада) кўрсатилган. [Карвонсарой]

Ўзбекистоннинг ўзида ҳам буғдой етиштирилади – ёзда 2,5 миллион тоннадан ортиқ дон йиғиб олиниши кутилмоқда.

Қозоғистоннинг Caravan.kz нашри хабарига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон дон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқда – донни қайта ишлаш қуввати йилига 2,5-3 миллион тоннага ошиб боряпти.

Масалан, 2008 йилда Ўзбекистон барча унни четдан олиб келган бўлса, кейинги йилларда уни экспорт қилишни йўлга қўйишга эришди ва ҳар йили экспорт ҳажмини ошириб бормоқда, дейилади ҳисоботда.

Тошкентлик иқтисодчи Азиз Мелибоевга кўра, Ўзбекистоннинг ун экспорт қилувчи давлатга айлангани ҳайратланарли эмас.

«Ўзбекистон географик жиҳатдан Россия ва Қозоғистондан товарлар етказиш учун транзит мамлакат эканлиги инобатга олинса, жаҳон савдосида бу нормал ҳолат ҳисобланади», деди у.

«Ўзбекистон компанияларининг қозоқ унини шунчаки қайта экспорт қилмай, балки унинг ўрнига буғдой сотиб олиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш қарори бизнес учун стандарт ечимдир», дейди у.

Ўзбекистон 20 фоиз ўзбек буғдойи ва 80 фоиз қозоқ буғдойидан иборат ун аралашмасини экспорт қилади, дейди Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида 30 йилдан бери фермерлик қилиб келаётган Мадамин Сиддиқов.

Унинг айтишича, қозоқ буғдойи кўпроқ нон ишлаб чиқариш учун мос келса, ўзбек буғдойи чорва учун яхши озуқа бўлади.

«Буғдойимиз қуёшда етилади», дейди Сиддиқов. «Бунинг натижасида ундаги қанд миқдори жуда паст бўлади. Бу экинга салқинроқ ҳаво керак».

Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш

Ўзбекистоннинг тараққиёти қўшни Афғонистонга ҳам фойда келтирмоқда.

«Ўзбек унининг асосий харидори Афғонистондир», деди Қозоғистон донни қайта ишловчилар иттифоқи таъсисчилар кенгаши раиси Евгений Ган Caravan.kz нашрига.

«Энг аввало, биз қўшни бўлганимиз учун етказиб бериш қиммат эмас. Қолаверса, Афғонистоннинг ягона темирйўли Ўзбекистон ҳудудидан ўтган», дейди у.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо 2021 йил август ойидан бери давом этмоқда, деди ўзбек тарихи олими Максим Матназаров.

«Афғонистон кўкнори етиштиришни босқичма-босқич тўхтатмоқда, расмийлар эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтирмоқчи», деди у. «Деҳқонларга [фермерларга] кўкнори экиш тақиқланган бўлиб, унинг ўрнига буғдой экиш сўралмоқда».

Ukragroconsult.com маълумотларига кўра, Афғонистон бу йил атиги 5 млн тонна буғдой йиғиб олади ва йиллик 6,5-7,5 млн тоннагача бўлган талабни қондиради.

Ўтган йили Ўзбекистон БМТнинг Афғонистонга таркибида ун бўлган гуманитар ёрдамни етказиб бериш тендерида ғолиб чиққан эди. Аввалроқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийлари Афғонистонда 23 миллион одам очарчиликка дучор бўлгани ҳақида хабар берган.

Ўзбекистон Афғонистонга ушбу асосий озиқ-овқат маҳсулотларини фавқулодда ёрдам сифатида етказиб бермоқда.

Апрел ойида Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатган эди. Унинг оғирлиги 185 тонна бўлган юк таркибида 48 тонна ун ва 48 тонна буғдой ҳам бор эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500