Карвонсарой
Иқтисодиёт

Жаҳон етакчилари Қора денгиздаги ғалла шартномасидан чиққан Россияни озиқ-овқатни «қурол воситасига айлантиргани» учун қораламоқда

Карвонсарой

Жўхори донлари уюми, Украинанинг Исмоил порти, 22 июл. 3 август куни Россияга тегишли дронлар Дунай дарёсининг Руминияга қарама-қарши томонида жойлашган портдаги дон элеваторига зарба берган, натижада, у ердаги силос, омборхона ва маъмурий биноларга шикаст етган, деб хабар беради расмий Киев. [Stringer/AFP]

Жўхори донлари уюми, Украинанинг Исмоил порти, 22 июл. 3 август куни Россияга тегишли дронлар Дунай дарёсининг Руминияга қарама-қарши томонида жойлашган портдаги дон элеваторига зарба берган, натижада, у ердаги силос, омборхона ва маъмурий биноларга шикаст етган, деб хабар беради расмий Киев. [Stringer/AFP]

КИЕВ – Кўплаб мамлакатлар Украина ва Россиядан дон импортига қарам бўлиб турган бир пайтда, Москванинг Украина порт инфратузилмасига ҳужуми ва Украина дон экспорти шартномасидан чиқиши бутун дунёда хавотир уйғотган.

Пайшанба (3 август) куни Россияга тегишли дронлар Дунай дарёсининг Руминияга қарама-қарши томонда жойлашган Исмоил портидаги дон элеваторига зарба берган, натижада, у ердаги силос, омборхона ва маъмурий биноларга зарар етган, деб хабар беради расмий Киев.

Россия ўтган ойда Қора денгиздаги дон келишувидан чиқиб кетгач, Исмоил порти Руминия орқали Украина қишлоқ-хўжалик маҳсулотларининг асосий экспорт йўлаги бўлиб қолаётган эди.

Келишув Украина портларидан 33 миллион тоннага яқин ғаллани чиқаришга имкон берган, бу эса можаро бошланганидан кейин глобал озиқ-овқат тақчиллигини хавфини камайтирган эди.

Ливия пойтахти Триполидаги дон бозорида буғдой сотиб олаётган эркак, 23 июл. Россия Украина портларидан юк кемаларининг хавфсиз ўтишига рухсат берувчи асосий келишувни узайтиришдан бош тортиб, Қора денгиз орқали дон экспортининг келажагига оид яширин огоҳлантириш билан чиқди. [Маҳмуд Туркия/AFP]

Ливия пойтахти Триполидаги дон бозорида буғдой сотиб олаётган эркак, 23 июл. Россия Украина портларидан юк кемаларининг хавфсиз ўтишига рухсат берувчи асосий келишувни узайтиришдан бош тортиб, Қора денгиз орқали дон экспортининг келажагига оид яширин огоҳлантириш билан чиқди. [Маҳмуд Туркия/AFP]

Аммо, Россия 2022 йил июл ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва Туркия воситачилигида эришилган келишувни узайтиришдан бош тортди. Бу келишув Украина портларини тарк этаётган дон маҳсулотларининг Қора денгиз орқали дунё бозорларига хавфсиз ўтишини таъминлар эди.

Россиянинг Украинага давом этаётган ҳужуми фонида ушбу битим глобал озиқ-овқат нархларни барқарорлаштиришга ва етишмовчиликларни камайтиришга ёрдам берди. Аммо, Москванинг келишувдан чиқиши нархларнинг кўтарилишига сабаб бўлган.

Дунё етакчилари Москванинг ушбу хатти-ҳаракатини қоралаган.

Россия очликни «қуролга» айлантирмоқда

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен пайшанба куни муҳим дон маҳсулотлари келишувидан чиққан Москвани ундан «шантаж» йўлида фойдаланаётганликда айблади.

У Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида озиқ-овқат таҳдидларига бағишланган учрашувга раислик қилар экан, БМТ хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосига «очарчилик қурол воситасига айланмаслиги кераклигини» айтган.

У Россияни алоҳида таъкидлаб, ўтган йили унинг Украинага ҳужуми глобал озиқ-овқат тизимига «зарба» берганини айтди.

«Бу кенгашнинг ҳар бир аъзоси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳар бир аъзоси Москвани Қора денгиздан шантаж сифатида фойдаланишни бас қилишга ундаши керак, деб таъкидлаган Блинкен.

«Дунёнинг заиф қатламидан восита сифатида фойдаланишни бас қилинг. Бу асоссиз урушни тўхтатинг», деб қўшимча қилган у.

Блинкеннинг айтишича, Россия ўтган ой Қора денгиздаги «ғалла ташаббусидан» чиққанидан кейин дунё бўйлаб дон нархи 8 фоиздан кўпроққа ошган.

Вашингтон пайшанба кунги йиғилишда қабул қилинган, 91 давлат томонидан имзоланган «озиқ-овқатдан уруш қуроли сифатида фойдаланишни қораловчи қўшма расмий баёнот» эълон қилиш ниятида, деб айтган Блинкен ABC News нашрига.

Блинкен шунингдек, Африканинг ўнлаб мамлакатлари ва Гаитида озиқ-овқат хавфсизлиги ва тўйиб овқатланмаслик муаммосига қарши кураш дастурлари учун 362 миллион доллар маблағ ажратилишини эълон қилди, деди АҚШ расмийларидан бири.

Европа Иттифоқи (ЕИ) G20 давлатларини Россияни Қора денгиздаги дон битимига қайтишга ундаши керак, дейилади пайшанба куни AFP танишиб чиққан мактубда.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат раҳбари Хосеп Боррел G20нинг етакчи дипломатларига Россиянинг қишлоқ хўжалиги сектори Москванинг БМТ воситачилигидаги келишувдан чиқишидан «энг асосий манфаатдор» эканини айтди.

«Россия озиқ-овқат нархининг ошишидан янада кўпроқ фойда кўради ва асосий рақобатчисининг экспорт имкониятларини кескин чеклаш орқали жаҳон ғалла бозоридаги улушини оширади», деб ёзган у душанба кунги мактубида.

Унинг сўзларига кўра, Россия энди ривожланаётган заиф давлатларга арзонлаштирилган ғалла таклиф қилмоқда ва «ўзи яратган муаммони ҳал қилгандек бўлиб кўринмоқда».

«Бу иқтисодий заифлик ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтириш орқали янги қарамликларни яратиш учун озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишга қаратилган орсиз сиёсат», деб ёзади Боррелл.

«Африкага шафқатсиз зарба»

Дон нархининг кўтарилишидан айниқса, Африка жиддий азият чеккан.

«Россиянинг битимдан чиқиши Украина ғалласига қарам бўлган Африка мамлакатларига жиддий зарбадир», дейди мавританиялик иқтисодий тадқиқотчи Ҳусайн Муҳаммад Умар.

Африкага импорт қилинаётган буғдойнинг катта қисми Украина ҳиссасига тўғри келади.

«Масалан, Сомали буғдой таъминотида Украинага 70 фоизга қарам, Тунис ва Ливияда эса бу кўрсаткич мос равишда 50 ва 40 фоизни ташкил қилади», деди у.

Умарнинг тахминига кўра, Африкага Украина ғалласи экспортининг тўхтатилиши «ушбу мамлакатларнинг айримларида, айниқса, иқлим ўзгариши муаммолари, экспорт ва сақлаш чекловлари туфайли озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозига» олиб келиши мумкин.

27-28 июл кунлари Санкт-Петербургда ўтган иккинчи Россия-Африка саммити олдидан Россия президенти Владимир Путин Африка давлатларини тинчлантиришга уриниб, уларнинг донга бўлган эҳтиёжи Россия тарафидан «тижорий асосда ёки бепул» таъминланишини айтган.

У яқин ойларда Россия Африканинг олти давлатига – Мали, Буркина-Фасо, Зимбабве, Сомали, Эритрея ва Марказий Африка Республикасига (МАР) ёрдам тариқасида 50 минг тоннагача ғалла жўнатишини эълон қилди.

Аммо, 27 июл куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ривожланаётган давлатларга ғалла хайрия қилиш Москванинг Украинадан дон экспортини тўхтатгани билан боғлиқ оқибатларни компесация қила олмаслигини таъкидлади, деб хабар беради Associated Press.

Жаҳон бозоридан миллионлаб тонна Украина ғалласини олиб чиқиш нархларнинг ошишига олиб келади, бу эса «ҳамма жойда, барчага таъсир қилади», деди у.

[Мақолани тайёрлашга Мавританиянинг Нуакшот шаҳридан Мустафо Умар ўз ҳиссасини қўшган.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Дунё Россиянинг бундай хатти-ҳаракатларига, озиқ-овқатни қуролга айлантириш ва очарчилик келтириб чиқаришига қачонгача тоқат қилиши мумкин? Бу шунчаки орсиз ўйин эмас; бу инсониятга қарши жиноятдир! Украина инфратузилмасига қарши ҳужумлар, ғалла битимидан чиқиш ва ночор давлатларга чегирмали нархда дон таклиф қилиш – буларнинг барчаси ўз ғаразли манфаатлари йўлида ҳар нарсага тайёр бўлган мамлакат қиёфасини яратади. Россия нафақат Украинага, балки бутун халқаро ҳамжамиятга, айниқса Украина донига қарам бўлган Африкага зарба бермоқда. Бу ҳаракатлар шафқатсизлик ва виждонсизликдан бошқа нарса эмас. Миллионлаб одамларнинг ҳаётига таҳдид солаётган бу сиёсатга дунё қачонгача кўз юмади? «Етар, бас!» дейдиган вақт қачон келади?

Жавоб бериш

Дон битими Россиясиз давом этиши керак.

Жавоб бериш