Назарбоев 30 йиллик иқтидордан сўнг истеъфога кетди

Карвонсарой

ОСТОНА – Қозоғистонни сўнгги 30 йил давомида бошқарган президент Нурсултон Назарбоев сешанба (19 март) куни истеъфо берганини эълон қилди. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизмати хабар берган.

78 яшар Назарбоев истеъфога кетаётгани ҳақида халққа жонли телемурожаатида маълум қилди.

«Бу йил менинг мамлакатдаги энг олий лавозимни эгаллаганимга 30 йил тўлади», деб айтган у BBC рус хизмати хабарига кўра. «Халқ менга мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлишдек имкониятни тақдим этди.»

BBCнинг хабар беришича, эндиликда Қосимжўмарт Тўқаев вақтинча президентлик вазифасини бажаради.

Назарбоев собиқ СССР бўйича шўролар даврида ҳукумат тепасига келган ягона раҳбар бўлиб қолаётган эди. У 1989 йилда амалда ўша вақтдаги Совет республикасининг ҳукмрон лавозими бўлган Қозоғистон коммунистик партияси бош котиби этиб тайинланган. 1990 йил апрель ойида у Қозоғистоннинг биринчи президенти этиб сайланди.

Конституцияга биноан, Назарбоев президентлик лавозимини тарк этганидан кейин ҳам миллат етакчиси ва Хавфсизлик кенгашининг умрбод раиси бўлиб қолади, деб хабар берган AFP.

Сизга мақола ёқдими?

4
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha