http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2017/12/12/feature-01?language_switcher=true
| Бизнес

Қозоғистонда аёллар тадбиркорлиги жадал ривожланмоқда

Ксения Бондал

Асмар пишириқлар дўконида новвой печдан пишириқларни олмоқда, октябрь, Алмати. Пишириқлар дўкони Асел Баялинова очган ва эгалик қилган муассасалардан бири. Европа тикланиш ва тараққиёт банкига (ЕТТБ) кўра, Қозоғистонда аёллар мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг қарийб ярмига эгалик қиладилар ёки уларни бошқарадилар. (Владимир Третяков)

АЛМАТИ – Қозоғистонда тадбиркор аёллар сони ошиб бораркан, улар халқаро вамаҳаллий даражада тобора кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда.

Биргина мисол: 2015-йил бошланган ЕТТБнинг Бизнесдаги аёллар дастури келаси йилдан бошлаб Қозоғистондаги тадбиркор аёллар учун ёрдамни кучайтирмоқчи.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2018-йилда мамлакат миқёсида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий банкларга 42 миллион АҚШ доллари (13.9 миллиард қозоқ тенгеси) ажратади. ЕТТБ матбуот хизмати хабарига кўра, халқаро молия ташкилоти ушбу банкларга кредитлар билан боғлиқ хатарларни камайтиришга ёрдам беради.

Миллий Иқтисодиёт Вазирлиги лойиҳани ҳаммолиялаштириш мақсадида 8.7 миллион АҚШ доллари (2.9 миллиард қозоқ тенгеси) ажратишини тасдиқлаган.

«Янгидан узайтирилган дастур давлатдаги кичик ва ўрта бизнес сектори ривожини амалга ошириш тарафдори бўлган ЕТТБ ва Қозоғистон ҳукумати ўртасидаги самарали ҳамкорлик белгисидир,» деб иқтибос келтиради Astana Times Қозоғистондаги ЕТТБ директори Агрис Преиманис баёнотидан.

Дастур ўтган икки йил давомида Қозоғистондаги аёл тадбиркорларнинг улкан салоҳиятини намойиш қилди, деди Преиманис.

Янада кўпроқ кредитлар ва ёрдам

Дастур бошланган вақтдан бери, ЕТТБ умумий миқдори 37 миллион АҚШ долларига (12.3 миллиард қозоқ тенгесига) тенг 12000 га яқин кредит линияларни 5та ҳамкор банк орқали тақдим этган, деб хабар беради ЕТТБ матбуот хизмати.

Бундай ҳамкорлардан бири аввал KazMicroFinance номи билан танилган, ҳозирда Қозоғистондаги энг катта микрокредит ташкилоти бўлган KMF хусусий банкидир.

KMF ЕТТБ дастурига 2016-йилда қўшилди ва 3.2 миллиард қозоқ тенгесидан (9.7 миллион АҚШ долларидан) ортиқ маблағни қўлга киритди, деди KMF бошқарув кенгаши раиси Шалкар Жуссупов Карвонсарой нашрига.

«Бу дастур бўйича кредит олиш учун, тадбиркор аёл бизнес эгаси ёки унинг бошқарувчиси бўлиши керак,» деди у. «Кредит олувчилар Алмати ва Астана шаҳарлари ташқарисида яшаши керак».

Жуссупов сўзларига кўра, июль ойида KMF ушбу дастур бўйича маблағ олиш учун иккинчи шартномани имзолаган.

«Айни дастур бўйича ЕТТБдан 2018-йилда биз 5 миллион АҚШ доллари (1.7 миллиард қозоқ тенгеси) олишни режалаштирганмиз,» деди у.

Кам фоиз ставкали кредитлар билан бир қаторда, Бизнесдаги Аёллар дастури аёл тадбиркорлар билан ишловчи ташкилотларни техник томондан қўллаб-қувватлайди, деди Жуссупов.

Унинг айтишича, ЕТТБ аёлларга ўз бизнесини ривожлантиришда кўмаклашувчи маслаҳатчиларнинг 70% харажатларини қоплайди, шунингдек, аёлларнинг рақамли ва ахборот коммуникация технологиялари ҳамда иқтисодий бошқарув бўйича таълим олишлари учун маблағ ажратади.

Шу билан бирга ЕТТБ янги иш бошлаган аёл тадбиркорлар бизнес етакчикари билан етакчилик ва бошқарув қобилиятларини ривожлантириш мақсадида суҳбатлар ўтказишга йўналтирилган мураббийик дастурини ҳам йўлга қўйди.

ЕТТБга кўра, бизнес эгалари бўлган 700 дан ортиқ аёллар дастур доирасида номолиявий хизматлардан фойдаланганлар.

Кам фоизли ставкалар кичик бизнесни ривожлантиради

20 йилдирки, Шимкентда истиқомат қилувчи Науваткул Қошиқбаеванинг улгуржи картошка савдоси билан боғлиқ ўз бизнеси бор.

Қошиқбаеванинг ўз кичик бизнеси бўлса-да, у доимий нақд пул муомаласини талаб қилади. Унинг айтишича, баъзида бўлакларга бўлиб тўлаш ёки қисман тўлаш усулларига ҳам кўникиш керак бўлади.

Картошкани фермерлардан улгуржи сотиб олиш учун Қошиқбаева Бизнесдаги аёллар дастури бўйича KMF дан кредит олади.

Хусусий кредиторлар жуда кўп устама фоиз қўйишади, деди у.

«Агар (хусусий кредиторлардан) қарз олсангиз, 20% устама ҳақ олишади,» деди Қошиқбаева Карвонсарой нашрига. «Мен эса KMF га бир йилга 2,5% лик устама билан ойлик тўловларни амалга ошираман. Мен учун бу фойдалироқ. Шу сабаб ЕТТБ дастурини манфаатли деб биламан.»

Жанубий Қозоғистон вилоятида яшовчи Баён Таштеева ҳам бундан 20 йил аввал ўз бизнесини очиқ бозорда пойабзал сотишдан бошлаган. Ҳозир у ўзининг озиқ-овқат дўконига эга.

Унинг айтишича, Бизнесдаги аёллар дастури дўконга мол сотиб олиш учун кам фоизли кредитни қўлга киритишга ва бу билан барча фарзандларининг эҳтиёжларини қондиришга имкон берди.

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha