МЕНЛО ПАРКИ, Калифорния – Россияда ижтимоий тармоқларнинг суистеъмол қилинаётгани ҳақидаги гумонлар ортидан юзага келган шов-шувлардан сўнг, Facebook ижтимоий тармоғи 3-апрел, сешанба куни дунё бўйлаб жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга уринишда айбланган Россиянинг «троллар фабрикаси»га алоқадор юзлаб Facebook ва Instagram аккаунтларини ёпишини эълон қилди.
Компания баёнотида 70 та Facebook аккаунти, 138 та Facebook саҳифаси ва 65 та Instagram аккаунтини ўчирилгани, уларнинг 95 фоизи рус тилида юритилганини маълум қилди.
Ўчирилган Facebook саҳифаларида қарийб 1 миллион, Instagram саҳифаларида эса 500 мингга яқин обуначилар бўлган, дейилади Facebook баёнотида.
Ўчирилган аккаунтлар Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа давлатларида яшовчи русийзабон ўқувчилар учун мўлжалланган бўлган, деб хабар берди Facebook.
Маҳаллий ва халқаро сиёсатга оид мавзуларда муҳокамалар юритган товламачи аккаунтлар ва саҳифалар Россиянинг Федерал ахборот агентлиги (ФНА) томонидан очилгани айтилмоқда. Бу ташкилот Санкт-Петербургдаги Интернет тадқиқотлари агентлиги (ИРА) деб номланган «троллар фабрикаси»га алоқадор бўлган, деди Facebook бош ижрочи директори Марк Сукерберг сешанба куни Озод Европа/Озодлик радиосига (RFE/RL) берган интервюсида.
Бир пайтлар ФНА ва ИРА битта манзилда жойлашган эди, деб хабар берганди ўтган йили Россия РБК ахборот агентлиги, бу билан у икки ташкилотнинг бир-бирига боғлиқ томонларига эътибор қаратган.
ИРА Facebook фойдаланувчиларини алдаш ва манипуляция қилиш учун шубҳали аккаунтлардан иборат мураккаб тармоқларни бир неча маротаба қўллаган, деди Facebook компаниясининг хавфсизлик масалалари бўйича директори Алекс Стамос ўз баёнотида.
Facebook ўз баёнотида ўчирилган саҳифалардаги хабарлар ва эълонларнинг скриншотларини келтирган.
Нормал
Жавоб беришФикрлар 1