http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/06/20/feature-01
| Фан ва технология

Қозоғистон компьютер саводхонлигини оширишга қаратилган ҳукумат дастурини кенгайтирмоқда

Айдар Ашимов

«Рақамли Қозоғистон» дастурининг тақдимоти, 30 май, Остона. (Айдар Ашимов)

ОЛМАОТА – Қозоғистон катталар орасида компьютер саводхонлигини ошириш ва ёшларни дастурлаш, робототехника ва бошқа ахборот технологиялари (IT) соҳаларига ўқитиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Ўтган йил декабрь ойида ҳукумат томонидан тасдиқланган «Рақамли Қозоғистон» давлат дастури мамлакат иқтисодиётини компьютер технологиялари ёрдамида ривожлантиришга қаратилган. Дастур мактабларда IT соҳаси бўйича машғулотларни ва компьютер марказларини ташкил этишни кўзда тутади.

Бу каби компьютер марказларида Қозоғистон бўйлаб кенг омма учун IT машғулотлари олиб борилмоқда, дейилади Ахборот ва алоқа вазирлигининг 2 июнь кунги баёнотида.

Мактаб ўқувчилари робототехникани ўрганадилар: 30 май куни Остона шаҳрида «Рақамли Қозоғистон» дастури тақдим этилди. (Айдар Ашимов)

«Уларда июньдан августгача ярим миллионга яқин катта ёшдагилар сабоқ оладилар», дейилади баёнотда.

Компьютер саводхонлигини ошириш

Ҳукумат компьютер саводхонлигини ошириш учун барча вилоятларда компьютер марказлари очишни режалаштирмоқда.

Фуқаролар бу марказларда компьютерлардан, интернетдан ва онлайн давлат хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Зарур бўлган ҳолларда уларга компьютер саводхонлиги бўйича дарслар ўтилади.

Бундай марказлар аллақачон Остона, Чимкент ва Олмаотада фаолият юритмоқда.

«Дарслар турли мавзуларда ўтилади, булар – бошланғич билимлар, онлайн давлат хизматлари ва электрон савдо», деди остоналик компьютер курси ўқитувчиси Бауржан Кокеев Карвонсарой нашрига.

Фуқаролар мутлақо бепул асосда машғулотларда қатнашиши ва IT соҳасидаги билимларини ошириши мумкин, деди у.

«Бу ҳаётдан ажратиб олинган билимлар эмас; компютердан фойдаланиш, интернетдаги хавфлардан ҳимояланиш, электрон ҳукумат хизматларидан фойдаланиш ҳамда маҳсулотлар ва хизматларнинг онлайн савдоси кабилар бугунги кунда инсоният учун жуда керакли ахборот ҳисобланади», деди Кокеев.

Қозоғистон ҳукумати мазкур ташаббусни «Миллий ахборот технологиялари» ва «Kazpost» каби бир қатор компаниялар билан биргаликда амалга оширмоқда.

Мактабларда ахборот технологиялари таълими

Шу билан бирга, 1 сентябрдан бошлаб пойтахтдаги барча мактабларда ахборот технологиялари хоналари очилади. Кейинчалик лойиҳага бошқа вилоятлар, шу жумладан, қишлоқ жойлардаги мактаблар ҳам қўшилади.

Лойиҳа Қозоғистон ҳукумати, Тадбиркорлар миллий палатаси ва маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда.

Дастлабки машғулот хонаси Остонадаги 73-сонли умумтаълим мактабида 23 май санасида аллақачон ишга тушган бўлиб, унда халқаро методика асосида таълим берилмоқда. Болалар робототехника, мантиқ ва компьютерли моделлаштиришни ўрганадилар, мустақил равишда вебсайтлар яратадилар.

«Келгуси уч йил ичида биз 1000 та ахборот технологиялари хонасини очамиз. Шулардан 280 таси шу йилнинг ўзида ташкил этилади», - дейди «Нур Отан» партияси раисининг ўринбосари Маулен Ашимбаев Карвонсаройга. «Уларда дастурлаш ва робототехника бўйича чуқур билим берилади».

Унинг сўзларига кўра, ҳар йили 8-16 ёшдаги 150 мингга яқин болалар ва ўсмирлар яхши жиҳозланган IT-хоналарида таълим оладилар.

Ушбу кенг кўламли лойиҳа мамлакатда ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар танқислигининг олдини олишга қаратилган.

«Мен дастурлашни ўрганаётганимдан жуда мамнунман», деди Остонадаги 73-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Сабина Биржанова.

«Кўпчилик буни қизларга мос эмас, деб ҳисоблайди. Мен бундай деб ўйламайман. Мен компьютерлар, интернет, робототехникага қизиқаман. Мактабни битирганимдан кейин институтга ўқишга кираман, дастурлашни ўрганаман», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-03-31

Бу IT-технологиялар бўйича лойиҳамга ёрдам бермади.

Жавоб бериш