Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-08-07 | Иқтисодиёт

Чимкент Қозоғистоннинг учинчи энг йирик шаҳрига айланади


Чимкент хиёбони, июнь ойи. (Чимкент ҳокимияти матбуот хизмати тақдим этган сурат)

Чимкент хиёбони, июнь ойи. (Чимкент ҳокимияти матбуот хизмати тақдим этган сурат)

Айдар Ашимов

ЧИМКЕНТ, Қозоғистон – Шаҳарнинг истиқболдаги ривожини кўзлаётган Чимкент вакиллари 28 июль куни остоналик ҳамкасблари билан минтақавий ҳамкорлик форуми доирасида учрашдилар.

Ушбу чора-тадбирлар жорий йил Чимкент аҳолисининг бир миллиондан ошиши ортидан бошланди. Чимкент Қозоғистонда Остона ва Олмаотадан кейин мегаполис номини олиш учун ҳаракат қилмоқда.

Шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, Остона-Чимкент минтақалараро ҳамкорлик бизнес форуми Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган.


Ишчи Чимкент транспорт-логистика марказида контейнерларнинг ташилишини кузатмоқда, май ойида олинган сурат. (Чимкент ҳокимияти матбуот хизмати тақдим этган сурат)

Ишчи Чимкент транспорт-логистика марказида контейнерларнинг ташилишини кузатмоқда, май ойида олинган сурат. (Чимкент ҳокимияти матбуот хизмати тақдим этган сурат)


Фарзанди билан ўйнаётган ота, Чимкент, июнь. (Чимкент ҳокимияти матбуот хизмати тақдим этган сурат)

Фарзанди билан ўйнаётган ота, Чимкент, июнь. (Чимкент ҳокимияти матбуот хизмати тақдим этган сурат)

«Бизнес, ривожлантириш ташкилотлари ва ҳукумат идоралари тадбиркорлик, инвестиция имкониятлари, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги, Smart City (Ақлли шаҳар) концепсияси ҳамда иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш секторини рақамлаштириш бўйича минтақавий дастурларни муҳокама қилдилар», дейилади хабарда.

Пойтахт Остона ва жанубий шаҳар Чимкентнинг бизнес ва ҳукумат идоралари ўртасидаги яқин ҳамкорлик президент Нурсултон Назарбоевнинг май ойида Чимкентни иқтисодий марказга айлантириш ҳақидаги фармонидан сўнг бошланган.

Астана Таймс хабарига кўра, 19 июнь куни Назарбоев Чимкентни Остона ва Олмаота қаторида «миллий аҳамиятга молик» шаҳар деб эълон қилган эди.

Ислоҳотлар доирасида ҳукумат Чимкент жойлашган Жанубий Қозоғистон вилоятини Туркистон вилояти деб қайта номлади. Чимкент бевосита миллий ҳукумат раҳбарлиги остидаги мустақил маъмурий ҳудудга айланди – бугунги кунгача фақат Остона ва Олмаота шундай мақомга эга эди.

«Чимкент нафақат бизнинг мамлакат, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун инвестициялар, технологиялар ва интеллектуал манбаларнинг янги марказига айланади. Бунинг учун барча шароитлар ва зарурий салоҳиятга эгамиз», деган Назарбоев маросим чоғида президентнинг расмий сайти хабарига кўра.

Қозоқ-ўзбек савдосига кўмаклашиш

Ўтган йилнинг декабр ойида Чимкент транспорт-логистика марказининг очилиши шаҳар иқтисодиёти ўсиб бораётганининг яна бир белгиси бўлди.

Саноат ва истеъмол товарларини сақлаш ва қайта ишлаш воситаларига эга марказ Чимкент аэропорти ва темирйўл станцияси яқинида жойлашган.

«Бу ерда контейнерлар терминали, турли ҳарорат режимига эга омборхоналар бор. Мутахассислар товарларни божхона расмийлаштирувига кўмаклашадилар», дейди логистика йўналиши оператори Элнур Дуйсенов.

«Логистикага оид барча ишлар йўлга қўйиб бўлинган, бу ерда аэропорт ва темирйўлга олиб борувчи катта автомобил йўллари бор», деди у.

Транспорт-логистика марказининг очилиши Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ўртасидагииқтисодий алоқаларни янада яхшилашга имкон беради, деди у.

New Times маълумотларига кўра, бугунги кунда мазкур транспорт-логистика маркази Остона-Чимкент-Тошкент «яшил йўлаги»нинг бир қисми ҳисобланади. Марказ орқали Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида йилига 250 минг тоннадан 400 минг тоннагача юк ташилиши кутилмоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йили 1,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Катта салоҳиятга эга тарихий шаҳар

Тарихчиларга кўра, Чимкентга бундан 2000 йил илгари асос солинган.

«Совет даврида бу провинциал шаҳар эди, ўша вақтларда Қозоғистон мустақилликка эришганидан сўнг бу шаҳар бир миллион аҳолига эга йирик мегаполисга айланиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган», деди остоналик тарихчи Нагима Мукатова Карвонсаройга.

Чимкент аҳолиси бу йил 1 миллиондан ошди.

Миллий иқтисодиёт вазирлигига кўра, 2018 йилнинг биринчи ярмида саноатни ривожлантириш учун Чимкент шаҳрига 241 млрд. тенге (700 млн. АҚШ доллари) инвестиция киритилган.

«Шаҳар жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда, унда яшаётган ҳар ким буни ҳис этмоқда, тураржой бинолари, корхоналар, болалар боғчалари ва мактаблар барпо этилмоқда. Шаҳримиз Қозоғистоннинг энг йирик уч шаҳридан бирига айланганидан жуда хурсандман», дейди чимкентлик 57 яшар Аскар Укубаев Карвонсарой билан суҳбатда.

«Мен шаҳримни яхши кўраман, фарзандларим ва набираларим шу ерда яшашларини хоҳлайман», дейди Укубаев.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 5

Фикрлар 0

Captcha