| Энергия

Россия Туркманистонни газ савдосида ён беришга мажбур қилди

Жумагули Аннаев


Россия президенти Владимир Путин 2014 йилда Россияда газ қувурини очиб бермоқда. 2009 йилда нарх борасидаги тортишувлар ортидан Туркманистон-Россия муносабатлари совуқлашди, ўшанда номаълум портлаш сабабли Туркманистондан Россияга газ етказиб берувчи Марказий Осиёнинг асосий линиясига шикаст етган. Туркманистон ҳукумати портлашда «Газпром»ни айблаган. (Кремль)

Россия президенти Владимир Путин 2014 йилда Россияда газ қувурини очиб бермоқда. 2009 йилда нарх борасидаги тортишувлар ортидан Туркманистон-Россия муносабатлари совуқлашди, ўшанда номаълум портлаш сабабли Туркманистондан Россияга газ етказиб берувчи Марказий Осиёнинг асосий линиясига шикаст етган. Туркманистон ҳукумати портлашда «Газпром»ни айблаган. (Кремль)

АШХОБОД – Туркманистон ўзининг асосий экспорт маҳсулоти бўлган табиий газни собиқ мустамлакачиси Россияга жуда арзон нархларда сотишга мажбур бўлмоқда.

Россия «нарх ва тўловлар борасидаги баҳслар» сабабли Туркманистон газига эълон қилган қарийб уч йиллик бойкотини 15 апрель куни бекор қилиши ортидан туркман гази экспорти тикланди. Бу ҳақда Карвонсаройга «Туркмангаз» бошқаруви остидаги «Газакдириш» газ етказиб берувчи компаниясининг ўз исмини очиқлашни истамаган ходими хабар берган.

Янги шартнома Россиянинг газ гиганти – «Газпром» бош директори Алексей Миллернинг Туркманистонга олти ой ичида уч бор ташриф буюриши натижасида имзоланган. Манбага кўра, у ўз ташрифи давомида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва газ саноатига алоқадор бир қатор давлат ташкилотлари раҳбарлари билан музокара ўтказган.


Туркманистонлик бола Шатлиқдаги Шарқий-ғарбий газ қувури линиясининг очилишига бағишланган расмий маросимда президент Гурбангули Бердимухамедовни кутмоқда, 2010 йил, 31 май. (AFP)

Туркманистонлик бола Шатлиқдаги Шарқий-ғарбий газ қувури линиясининг очилишига бағишланган расмий маросимда президент Гурбангули Бердимухамедовни кутмоқда, 2010 йил, 31 май. (AFP)

Ташрифлар чоғида Москва газни ўз шартларига асосан сотишга кўндириш учун Ашхободга босим ўтказди, дейди Туркманистон пойтахтидаги кузатувчилар.

Битим шартлари сир сақланмоқда. «Туркмангаз»нинг исми сир қолишини истаган расмийларидан бири Карвонсаройга берган интервьюсида экспорт қилинаётган газ ҳажми ва нархи ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтган.

«Туркманистон Россия монополистига нарх бўйича жиддий имтиёзлар беришга мажбур бўлди», деди расмий манба. У мазкур шартлар фақат Бердимуҳамедов ва баъзи юқори лавозимли расмийларгагина маълум эканини қўшимча қилди.

ОАВ хабарига кўра, Туркманистон-Россия муносабатларининг совуқлашувидан бир йил аввал, 2008 йили Россия ҳар минг куб метр газ учун 240 АҚШ доллари (840 манат) тўлаган.

«Газимиз ҳар минг куб метрга 150 АҚШ доллардан (525 манат) сотилса, омадимиз келган бўлади, аммо менимча нарх бундан анча паст», деди у.

Ашхободлик бошқа таҳлилчиларнинг тахминича, Россия туркман гази учун эски нархнинг ярмини тўламоқда.

Туркманистон оммавий воситалари янги шартнома борасида сукут сақлаётганидан музокараларда Россиянинг қўли баланд келганини тахмин қилиш мумкин.

«Агар шартномада Туркманистон томонининг жуда кичик муваффақияти ва давлат учун муҳим фойда бўлганида, барча босма нашрлар ва телеканаллар бу ҳақда хабар берган бўлар эди», деди марилик иқтисодчи Огулбайрам Тангрибердиева Карвонсарой нашрига. «Аммо маҳаллий ОАВ Россияга экспорт қилинаётган газ ҳақида маълумотга эга эмас.»

Шартнома муддатининг дастлабки икки ярим ойида Россия Туркманистондан 1,16 миллиард куб метр газ сотиб олади, деб хабар берган хорижий ОАВ «Газпром»га асосланиб.

Туркманистонлик газ саноати ходимларидан бири ҳам Россияга газ экспорти тикланганини тасдиқлади.

Ташовуз вилояти, Туркманбоши туманида истиқомат қилувчи Меретгелди Атаев Туркманистон-Ўзбекистон чегарасида жойлашган газ-компрессор станциясига ишга қайтган. У бир неча ойлар давомида ишсиз қолиб кетган эди.

«Йил охиригача Россияга 5 миллиард куб метр газ етказиб берилади», деди у Карвонсарой нашрига ҳисоблагичлар кўрсаткичларини назарда тутиб.

Молиявий танглик

Россия Туркманистон бошига оғир кунлар тушганидан фойдаланмоқда, унинг асосий экспорт маҳсулоти газ ҳисобланади.

Россия бозорини йўқотиши ва 2017 йилда Эронга 1,4 - 1,6 млрд. АҚШ долларига тенг (4,9 - 5,6 млрд. манат) қарзи сабабли экспортни тўхтатганидан сўнг, Туркманистон мушкул вазиятга тушиб қолган. Эронга газ экспорти ҳанузгача тикланмаган.

Туркманистоннинг яна бир ягона мижози Пекин эса умуман арзон нарх тўлаётгани гумон қилинмоқда, сабаби Туркманистон Хитой томонидан қурилган Хитой-Марказий Осиё газ магистралининг дастлабки 3 тармоғи учун қарзини охиригача тўламаган. Тўртинчи тармоқ ҳамон қурилмоқда.

Туркманистоннинг даромадлари камайиб боргани сайин, «президент фуқароларга берилаётган газ, электр қуввати, ёқилғи, сув ва туз бўйича имтиёзларни тўхтатиб, коммунал тўловлар нархини оширишга мажбур бўлди», деди марилик иқтисодчи Тангрибердиева.

Бу вазият ўтмишдаги юқори газ нархлари ва иқтисодий ўсишдан кескин фарқ қилади, у вақтларда Туркманистон Россия ва Эрон учун нархларни ўзи белгилай олар эди.

Муаммо бундан бир неча йиллар юзага келган. 2009 йилда нарх борасидаги тортишувлар сабабли Туркманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар совуқлашди. «Туркмангаз»даги аноним манбанинг Карвонсаройга маълум қилишича, ўшанда Туркманистондан Россияга газ етказиб берувчи Марказий Осиёдаги асосий қувурда портлаш содир бўлган эди.

Ўшанда Туркманистон ҳукумати портлашда «Газпром»ни айблаган, аммо айбловларни асослаб бера олмаган. «Туркмангаз»нинг Россияга экспорти 2010 йилда қайта тикланган, аммо ҳажмлар кескин камайган: бир йилда 10 млрд. куб метр ўрнига 4 млрд. куб метр экспорт қилинган. 2016 йилда эса Россия туркман газини сотиб олишни бутунлай тўхтатган.

Туркманистон ва Россия ўртасидаги можаро ҳатто халқаро миқёсдаги бизнес зиддиятларини ҳал қилувчи нуфузли ташкилот – Стокҳолм савдо палатаси арбитраж судига ҳам етиб борган эди.

Туркманистоннинг бошқа чораси қолмаган, сабаби маблағ етишмовчилиги ортидан бир қатор вазирликлар тугатилди, ишсизлик, валюта девальвацияси ва иқтисодий имтиёзларнинг бекор қилиниши аҳолини хонавайрон қилган, деди Туркманистон Марказий банки ходими Акмират.

Бердимуҳамедов тарафидан амалга оширилаётган иқтисодий чоралар, жумладан «импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва турли йўналишлар бўйича экспорт ҳажмини оширишга қаратилган дастурлар» етарли самара бермади, деб қўшимча қилди у.

Русча услубдаги гамбит

Ашхободлик таҳлилчиларнинг фикрича, Россияга туркман гази керак эмас, чунки у ўз газини Туркманистонникидан арзонроқ қазиб олиши мумкин.

Янги шартнома «шахматдаги гамбитга ўхшайди, бунда ўйинчи яхшироқ позицияга эга бўлиш учун пиёдани қурбон қилади», дейди иқтисодчи Тангрибердиева.

«Газпром» раҳбари Миллернинг ташрифлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми белгиланиб, Туркманистон учун Каспийдан ўтувчи газ қувури барпо этиш ва Европага газ етказиб бериш бўйича ЕИ билан музокара бошлаш имкониятлари пайдо бўлган вақтда бошланган, деди у.

Унинг сўзларига кўра, Россия билан шартнома Туркманистоннинг Хитой бозорига қарам бўлиб қолишига, айни вақтда Европага газ сотишда Россияга рақобатчи бўлишга йўл қўймайди.

«Миллернинг Ашхободга сўнгги ташрифи Туркманистон ва ЕИ туркман газининг Европага экспорти имкониятларини фаол муҳокама қилаётган вақтга тўғри келди», деб айтган бошқа манба Тангрибердиеванинг сўзларини тасдиқлаб.

Шундай бўлса-да, туркман расмийларининг умид қилишларича, бу битим мамлакатга газ соҳасида яна асосий ўйинчига айланиш ва янги бозорларни забт этишига қадар ўзини тутиб туришга имкон беради.

«Шуниси муҳимки, бизда газ ва унинг дунёнинг исталган бурчагига етказиш имкони бор», деди Марказий банк ходими бўлган Акмират.

Сизга мақола ёқдими?

45
12
Йўқ
Фикрлар 3
Сиёсат Captcha
| 2019-05-31

Уларга газ сотиш керак эмас. Ўзимизга кўпроқ қолади

Жавоб бериш
| 2019-05-24

Россия ЎҒРИ!

Жавоб бериш
| 2019-05-21

Ифлос Россия ўзини талончилардек тутмоқда. Туркманистон кўпроқ Хитой билан ҳамкорлик қилиши ва у ерга нормал нархда газ етказиб бериши керак.

Жавоб бериш