http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/07/10/feature-01
| Хавфсизлик

Қозоғистон аксилтеррор машқлар орқали жанговар шайликни кучайтирмоқда

Айдар Ашимов

КНБ хавфсизлик кучлари Нур-Султонда аксилтеррор машқлари чоғида, санасиз сурат. (Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон мамлакатда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳужумларига қарши жанговар шайликни таъминлаш мақсадида турли ўқув машғулотларини ўтказиб келмоқда.

5 июль куни Тараз шаҳрида хавфсизлик қўмитаси ходимлари иштирокида «Темирйўл – Аксилтеррор 2019» ўқув машқлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жамбил вилояти йўл полицияси матбуот хизматига таяниб, «Zhambyl News» сайти хабар берди.

Машғулотлардан кўзланган мақсад Жамбил вилояти аксилтеррор штаби ходимларининг терроризмга қарши курашдаги ҳамжиҳатлигини такомиллаштириш бўлди.

КНБ мутахассислари жиноий гуруҳдан мусодара қилинган гранатомёт ва пулемётларни кўрсатмоқда. (Миллий хавфсизлик қўмитаси)

Ўқув машқлари давомида хабар бериш тизимлари ва вилоят аксилтеррор штабининг террор ҳужуми юз бериши мумкин бўлган шартли ҳудудга куч ва воситаларни жойлаштириш қобилияти синовдан ўтказилди.

Бу орада 26 июнь куни Террорга қарши кураш штабининг шаҳар бўлими ҳам Нур-Султондаги Қозоғистон миллий космик агентлиги – «Казкосмос» маъмурий биносида ўқув машқларини ўтказди.

Ўқув машғулотларидан кўзланган мақсад – «идоралараро ҳамжиҳатликни яхшилаш ҳамда ҳуқуқ-тартибот ва бошқа давлат органларининг террорчилик ҳаракатларига қарши биргаликдаги тезкор жавоб чораларини амалиётда синаб кўриш» бўлди.

Бундай машғулотлар маҳаллий аҳолини хавотирга солмайди.

«Шаҳар ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот идоралари терроризмга қарши кураш машғулотларининг ўтказилиши ҳақида жамоатчиликни олдиндан огоҳлантирадилар», дейди Нур-султонлик 26 яшар Бўтакўз Килишева.

«Улар йўлларни беркитадилар, оддий фуқароларни машқлар ўтказилаётган ҳудудга киритмайдилар», дея сўзида давом этди у. «Керакми, демак керак. Биз буни тушунамиз. Бундай машқлар бизнинг хавфсизлигимиз учун ўтказилади.»

Унинг қўшимча қилишича, Нур-Султондаги турли иш жойларида ходимлар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказилиб, уларда ҳуқуқ-тартибот органлари ва диний мутахассислар терроризм ва экстремизм хавфи, шунингдек, теракт содир этилган ҳолатларда нима қилиш кераклиги ҳақида сўзлаб берадилар.

Энг охирги йирик аксилтеррор машқлари ўтган йилнинг ноябрь ойида Нур-Султонда ўтказилган эди.

Ноқонуний қуролларга қарши кураш

Шу билан бир вақтда, хавфсизлик кучлари қурол ва портловчи моддаларнинг эҳтимолий террорчилар қўлига тушиб қолмаслигини таъминлаш устида иш олиб бормоқда.

Июнь ойи бошида Миллий хавфсизлик қўмитасининг «Арслон» махсус кучлар бўлинмаси қуроллар, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар олиб ўтиладиган ноқонуний канални фаолиятига чек қўйди.

Тергов давомида олти кишидан иборат жиноий гуруҳ фош этилди, уларнинг бари Олмаота вилоятида яшовчилар бўлиб, узоқ вақт давомида ноқонуний ўқотар қуроллар савдоси билан шуғулланиб келган.

Тинтув чоғида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан учта гранатамёт, 2 дона Калашников автомати, бешта тўппонча, 3 та глушитель, оптик нишонга олиш мосламаси, турли калибрдаги 1400 дона патрон ҳамда қўлбола портловчи мосламалар тайёрлашга мўлжалланган компонентлар мусодара қилинган.

КНБ вакилларининг айтишича, қўлга олинганлардан бирининг уйида қурол йиғиш устахонаси аниқланган.

Май ойида Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота вилояти бошқармаси томонидан қўлбола детонатор ва граната билан савдо қилувчи уч кишилик жиноий гуруҳ қўлга олинган эди.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha