Карвонсарой
Терроризм

Ал-Бағдодий денгизга дафн қилинар экан, АҚШнинг Суриядаги операциясига оид янги тафсилотлар маълум бўлди

AFP

АҚШ махсус кучлари 2019 йил 2 сентябрда ҳамкор қўшинлар билан биргаликда ИДга қарши «Мустаҳкам қатъият» операцияси доирасида қуролланиш машғулотларини ўтказмоқда. [АҚШ мудофаа вазирлиги]

АҚШ махсус кучлари 2019 йил 2 сентябрда ҳамкор қўшинлар билан биргаликда ИДга қарши «Мустаҳкам қатъият» операцияси доирасида қуролланиш машғулотларини ўтказмоқда. [АҚШ мудофаа вазирлиги]

Ўтган ҳафта охирида АҚШ махсус кучларининг Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилишга қаратилган операциясига оид янги тафсилотлар пайдо бўлар экан, «Ислом давлати» (ИД) етакчисининг жасади денгизга дафн қилинган. Бу ҳақда душанба (28 октябрь) куни АҚШ расмийлари маълум қилганлар.

Америкаликларни ал-Бағдодийнинг олдига бошлаб боришда суриялик курдлар муҳим роль ўйнадилар, улар Ироқ ва Суриянинг катта қисмида беш йил террор билан ҳукмронлик қилган шафқатсиз исёнчилар етакчисини йиллар давомида кузатиб келишган.

АҚШ ҳарбийларининг махсус ўргатилган ити рейд қаҳрамонига айланди, у ер ости йўлида ал-Бағдодийни қувиб борар экан, жароҳатлар олди. Сурия шимоли-ғарбидаги туннель охирида Бағдодий ўзи ва уч нафар фарзандини худкушлик белбоғи ёрдамида портлатиб юборган.

«Унинг ўлдирилиши ИД қолдиқларига кучли зарба бўлди», деди АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

28 октябрь куни олинган сурат: Суриянинг Бариша шаҳри яқинида, куни кеча ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга қарши АҚШ раҳбарлигида операция ўтказилган жойда сурияликлар вайроналар орасини синчиклаб текширмоқда. [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

28 октябрь куни олинган сурат: Суриянинг Бариша шаҳри яқинида, куни кеча ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга қарши АҚШ раҳбарлигида операция ўтказилган жойда сурияликлар вайроналар орасини синчиклаб текширмоқда. [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

У вертолетда Суриянинг Идлиб вилоятидаги чекка ҳудудга етиб келган юзга яқин аскарларни олқишлади. Улар АҚШ ҳарбий ҳаво транспортини ҳужумлардан ҳимоя қилишда қатнашган руслар, курдлар, турклар ҳамда Башар Асад ҳукумати билан ҳамкорликда мураккаб ҳарбий миссияни амалга оширдилар.

«Улар рейдни ҳар томонлама аъло даражада бажардилар», деди Эспер.

Воқеа жойига етиб келган АҚШ ҳарбийларининг ўққа тутилганига қарамай, операция давомида ҳеч ким жароҳатланмади, деди АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли.

АҚШ қуролли кучлари икки кишини ҳибсга олганлар. Ал-Бағдодий ўзини портлатгач, унинг қолдиқлари олиб чиқиб кетилган.

Миллининг сўзларига кўра, «Ал-Бағдодий жасадининг қолдиқлари хавфсиз муассасага олиб борилган ва у ерда суд-тиббий ДНК текшируви ўтказилган».

Яна бир Пентагон расмийси ал-Бағдодийнинг жасади ноаниқ ҳудудда денгизга ташланганини тасдиқлади. 2011 йилда «Ал-Қоида» етакчиси Усома бин Лодин Покистонда АҚШ махсус ҳарбий кучлари томонидан йўқ қилинганидан кейин ҳам, унинг жасади денгизга ташланган эди.

Ал-Бағдодийнинг ич кийими

Курд ҳарбийлари ихтиёридаги инсайдерлик манбаси АҚШ аскарларини Ал-Бағдодийнинг яширин бошпанасига олиб борган, ички хоналарнинг харитасини тузиш ва ходимлари сонини, шунингдек, Ал-Бағдодийнинг шахсини аниқлашда ёрдам берган, деди курдлар расмийси.

«15 майдан бери МРБ (АҚШ Марказий разведка бошқармаси) билан биргаликда ал-Бағдодийни яқиндан кузатишда ҳамкорлик қилдик», деб ёзди курдларнинг Сурия демократик кучлари катта маслаҳатчиси Пўлат Жон ўзининг Twitter саҳифасида.

Гуруҳда ал-Бағдодийнинг уйига киришга муваффақ бўлган информатор бор эди.

«Ал-Бағдодий яшаш жойини тез-тез ўзгартириб турар эди», деб ёзди у Twitter саҳифасида.

«Разведка манбаимиз координаталар юбориш, ҳаводан аскарлар тушириш, операцияни олиб бориш ва унинг муваффақиятли тугатилишида сўнгги дақиқаларгача қатнашди», деди Пўлат Жон.

Шу билан бирга, манба «ДНК таҳлилларини ўтказиш ва гумондор (100 фоиз) аниқ Ал-Бағдодий эканлигини аниқлаш учун унинг ич кийимини олиб келган», деди у.

«Бузиб кўрсатилган Ислом»

Ал-Бағдодий Исломни бузиб кўрсатди, деб айтган Саудия Арабистони. У гуруҳ етакчисининг АҚШ махсус кучлари томонидан йўқ қилинганини олқишлади.

«Қироллик АҚШ маъмуриятининг Исломни бузиб кўрсатган, ваҳшийлик ва жиноятлар содир этган мазкур террорчилик ташкилоти аъзоларини таъқиб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди», деб хабар берган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлигидаги манба Саудия Арабистони расмий ахборот агентлигига кўра.

«Саудия Арабистони ўз иттифоқчилари, айниқса Қўшма Штатлар билан террорчиликка қарши кураш чора-тадбирларини давом эттирмоқда», дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500