Карвонсарой
Сайловлар

Ўзбекистонда ислоҳотчи президент давридаги «тарихий» сайловлар бўлиб ўтди

AFP

Тошкентдаги сайлов участкаларининг бири, 22 декабр. Шу куни ўзбекистонликлар ислоҳотчи президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда иқтидорга келганидан бери илк бор ўтказилган парламент сайловларида иштирок этдилар. [Юрий Корсунцев/AFP]

Тошкентдаги сайлов участкаларининг бири, 22 декабр. Шу куни ўзбекистонликлар ислоҳотчи президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда иқтидорга келганидан бери илк бор ўтказилган парламент сайловларида иштирок этдилар. [Юрий Корсунцев/AFP]

ТОШКЕНТ – Якшанба (22 декабр) куни Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев кўп йиллар давомида иҳоталаниш ва авторитар тузумдан сўнг ислоҳотлар даврини бошлаб берганидан кейинги илк парламент сайловлари ўтказилди.

Мирзиёев давридаги илк парламент сайловида беш ҳукуматпараст партия ўзаро кураш олиб борди. Дастлабки натижалар душанба (23 декабр) куни эълон қилинган.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 71,1 фоизи иштирок этди.

Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, 150 сайлов округининг 128 тасидан олинган овоз бериш натижаларига кўра Ўзбекистон Либерал-демократик партияси етакчиликни қўлга киритган ва 150 ўринлик парламент қуйи палатасида 43 та ўринга эга бўлган.

Ўзбеклар сайловда овоз бермоқда, 22 декабр, Тошкент. [Юрий Корсунцев/AFP]

Ўзбеклар сайловда овоз бермоқда, 22 декабр, Тошкент. [Юрий Корсунцев/AFP]

22 декабр куни Ўзбекистон аҳолиси 2016 йилда ислоҳотчи Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери илк марта парламент сайловларида овоз беришди. [Pexels.com]

22 декабр куни Ўзбекистон аҳолиси 2016 йилда ислоҳотчи Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери илк марта парламент сайловларида овоз беришди. [Pexels.com]

«Миллий тикланиш» демократик партияси 35 та ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси, «Адолат» номи билан ҳам танилган социал-демократик партия ва Ўзбекистон Экологик партияси ҳам парламентда ўз ўринларга эга бўлди.

Қолган 22 та округда «номзодлар етарлича овоз тўплай олмадилар», деди МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов.

Унинг айтишича, ушбу ҳудудларда қайтадан сайлов ўтказилиши лозим.

2016 йилда ўз ўтмишдоши, марҳум президент Ислом Каримов вафотидан кейин 2016 йилда Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга давлатига раҳбар бўлган Мирзиёев сайловларни «тарихий» дея баҳолаган.

Мирзиёев Каримов даврига оид авторитар тартиббузарликларга барҳам бергани, айрим сиёсий маҳбусларни озод қилгани, мажбурий меҳнатга қарши курашгани ҳамда денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакатда туризм ва инвестициялар учун йўл очгани билан эътиборга тушган.

Парламентда ўзаро рақобатлашувчи бешала партия ҳам тақдим этилган бўлиб, улар эски парламент таркибидаги тўрт партия ва ҳозирда мавжуд бўлмаган партиянинг ўзи билан деярли бир хил ворисидир.

33 миллион кишилик Ўзбекистонда 20 миллиондан ортиқ одам овоз бериш ҳуқуқига эга.

«Тарих яралмоқда»

Британиянинг The Economist нашри шу ҳафтада Ўзбекистонни йил мамлакати деб атар экан, «жаҳонда бошқа ҳеч бир давлат 2019 йилда Ўзбекистончалик олдинга силжигани йўқ» деб ёзган.

Президент сайловга ўз оила аъзолари, жумладан қизи Саида Мирзиёева билан келиб, овоз берган.

Мирзиёев партияларнинг сайловолди кампанияси чоғидаги ўзаро рақобатлашувини тилга олар экан, уларга ишонч билдирган.

«Одамлар бу тарихий воқеа эканлигини тушуниб етмоқдалар», деди у журналистларга. «Жамият ўзгарган. Партияларга муносабат ўзгарган.»

Партиялардан ҳеч бири кўпчилик овозга эга бўлмаган 150 кишилик қуйи палата шунчаки ҳукумат қонунларини маъқуллаб берадиган орган мақомига эга.

«Адолат ва ҳаққонийлик» учун овоз бериш

Тошкентликлар сайланган номзодлар кўп нарса кутишларини, қарийб 30 йил ҳукмронлик қилган Каримов даврида айтиш имконсиз бўлган хавотирларини изҳор қилишган.

20 яшар Абдусамат Йўлдошев «ўзбек жамиятидаги адолат ва шаффофлик учун» овоз берганини айтади.

«Мен турмуш даражасининг кўтарилиши ва таълимнинг яхшиланишини истайман», дейди «Адолат» партиясига овоз берган Йўлдошев.

69 ёшли пенсионер Маъмура Мирзаҳмедова сайловга чиқмаслигини ва иқтисодий ислоҳотлардан сўнг инфляция кучайиб, «ҳамма жойда нархлар кўтарилаётганидан» норози эканлигини айтган.

60 ёшли оқсоқол Александр Кимнинг айтишича, маҳаллий мансабдорлар охирги паллаларда сайловга фаол тарғиб қилганлар, аммо сайловнинг мақсадини кўпчилик тушунмаган.

«Одамлар кимга овоз бераётганларини билмайдилар», деди Ким AFPга.

«Янги Ўзбекистон?»

Сайлов «Янги Ўзбекистон, янги сайловлар» шиори остида бўлиб ўтди, зеро ҳукумат уларни очиқликнинг янги намунаси сифатида кўрсатишга интилди.

Сайлов арафасида Ўзбекистондаги блоклаб қўйилган бир қатор ҳуқуқбон ташкилотларнинг веб-сайтлари якшанбадан яна ишлай бошлаган.

Сайловга ўз кузатувчилар миссиясини юборган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) таъкидлашича, бу йилги сайловларда ҳам аввалгиларига ўхшаш ҳолатлар кузатилган. Ташкилот ўзининг сайловолди ҳисоботида сайловга оид етарли оммавий тадбирлар ўтказилмаганини қайд этган эди.

ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раҳбари Жорж Церетелига кўра, Ўзбекистон «сиёсий тараққиёт жараёнини» бошдан кечираётган мамлакатдир.

«Албатта, бу ерда аниқ мухолифат партиялари ва мухолиф қарашлар йўқ, булар ҳам эътиборга олинади», деди у.

Каримов қийноқлар ва мажбурий меҳнатга оид айбловлар билан халқаро ташкилотларнинг танқидига учраб келган.

Омма олдида Каримовни ҳурмат билан ёдга олувчи Мирзиёев пахта соҳасидаги қулликка деярли барҳам берган ва Ўзбекистонни яккаланишдан олиб чиққан лидер сифатида кўрилади.

Бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистондаги сиёсий трансформация жараёнида қандай роль ўйнаши ҳақида ҳозирча бирор нарса дейиш қийин, деб таъкидлади Глазго университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари бўйича катта ўқитувчиси Лука Анчески.

Анческининг сўзларига кўра, сайловда кўпчиликнинг иштирок этгани «Мирзиёевни қўллаб-қувватлаш стратегиясининг муҳим элементи» сифатида баҳоланиши мумкин.

Парламент институт сифатида ривожлана оладими, деган саволга жавобан у «хулоса қилишга ҳали эрта», деб жавоб берган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мумкин бўлса, 22 декабр кунги сайловларни кузатган ЕХҲТ вакиллари билан тўлиқ интервьюни чоп эта оласизми? Уларнинг объектив фикрини билиш қизиқ.

Жавоб бериш

Қандай сафсата мақола бу? Авторитар режим ҳеч қаерга кетгани йўқ, ёпиқлик ҳам йўқолмаган. Коррупция гуллаб-яшнаяпти. Ҳукуматдаги бизнес доиралар кучи етганча ўмариб ётибди. Қонунларни ўзига мослаб. Қайси Ўзбекистон ҳақида ёзгансиз? Бу параллел оламдаги Ўзбекистонми? Бунақа Ўзбекистонни мен билмайман.

Жавоб бериш