Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонда аҳолидан қуроллар сотиб олиш акцияси давомида ҳозиргача 100 дан ортиқ қурол йиғиб олинди

Айдар Ашимов

Қустанай вилоятида топширилган қуролларни кўздан кечираётган полиция ходими, 3 июль. [Қозоғистон ИИВ]

Қустанай вилоятида топширилган қуролларни кўздан кечираётган полиция ходими, 3 июль. [Қозоғистон ИИВ]

НУР-СУЛТОН – 1 июль куни Қозоғистонда аҳолидан ноқонуний сақланаётган қурол-яроғларни сотиб олиш бўйича ҳар йилги акцияни бошланди.

Акция қурол сотиб олиш учун ажратилган маблағ тўлиқ сарф қилингунига қадар давом этади. Бу йилги сумма ошкор қилинмаган.

Ўтган йили ҳукумат бу мақсадлар учун 100 миллион тенге (263 минг доллар) ажратган эди.

Коронавирус пандемияси туфайли бу йил интернет орқали ўтказилаётган тадбирнинг илк ҳафтасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари мамлакат бўйлаб 100 дан ортиқ ноқонуний қуролларни йиғиб олдилар, дейилади Қозоғистон ички ишлар вазирлиги (ИИВ) баёнотида.

Арраланиб, қайта эритиш учун тайёрлаб қўйилган қуроллар, Шимолий Қозоғистон вилояти, 3 июль. (Қозоғистон ИИВ)

Арраланиб, қайта эритиш учун тайёрлаб қўйилган қуроллар, Шимолий Қозоғистон вилояти, 3 июль. (Қозоғистон ИИВ)

Радикал гуруҳга аъзоликда гумонланиб қўлга олинган шахс, 3 июнь, Атирау. [Қозоғистон ИИВ]

Радикал гуруҳга аъзоликда гумонланиб қўлга олинган шахс, 3 июнь, Атирау. [Қозоғистон ИИВ]

«Ихтиёрий равишда қайтарилган ҳар бир қурол-аслаҳа учун унинг техник ҳолатига қараб, 27780 дан 277800 тенгегача (68 дан 680 АҚШ долларигача) компенсация тўланиши кутилмоқда», дейилади ИИВ хабарида.

Вазирликка кўра, рўйхатга олинмаган қуролларни ихтиёрий тарзда топширганлар жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Коронавирус пандемияси ва карантин туфайли, қурол эгалари полицияга интернет орқали ариза юбориши ёки 102 рақамига қўнғироқ қилиши мумкин.

Полиция ходимлари аризада кўрсатилган манзилга бориб, қуролларни олиб кетадилар. Пул мукофоти қуролларни топширганларнинг банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказиб берилади.

Жорий йилда ҳозирга қадар топширилган қурол-аслаҳалар орасида ов милтиқлари, ўқ-дорилар, газли ва резина ўқли тўппончалар, силлиқ стволли қуроллар бор.

Акциянинг илк ҳафтасида Жамбил вилоятида 27 кишидан жами 54 дона қурол йиғиб олиниб, уларга 3 миллион тенге (7400 АҚШ доллари) пул тўланди.

Шунингдек, Шимолий Қозоғистон вилояти полицияси дастлабки уч кун давомида 31 дона қурол, асосан ов милтиқларини йиғиб олди.

Қустанай вилоятида акция деярли ўз ниҳоясига етган бўлиб, унинг илк кунларидаёқ 43 та қурол давлат ихтиёрига топширилди. Ажратилган 3,2 миллион тенгедан (7900 доллар) 2,5 миллион тенге (6150 доллар) тўлаб бўлинди.

Қуролларни йўқ қилиш

Йиғиб олинган қуроллар бўлакларга бўлиниб, заводларда эритилади.

«Қозоғистон қонунчилигида мусодара қилинган қуролларни легаллаштириш кўзда тутилмаган, шу сабабли улар йўқ қилинади», дейди Нур-Султонлик адвокат Алибек Башеев.

Қурол эгалари уларни қандай қўлга киритганликларини турлича тушунтирганлар. Баъзилар қурол ота-онасидан мерос қолганини, бошқалар эса уни даштда топиб олганини айтган.

Қурол топширганлар жавобгарликка тортилмаса-да, полиция бу қуролларнинг жиноят учун ишлатилган ёки йўқлигини текширмоқда, деди Башеев.

Қуролни ихтиёрий равишда топширган фуқаро нафақат жавобгарликка тортилмайди, балки бу унга молиявий фойда ҳам келтириши мумкин, деди у.

«Масалан, рўйхатдан ўтмаган қуролни топширган шахсга 100 минг тенге (250 АҚШ доллари) берилади. Бу унинг қора бозордаги нархидан юқори», деди Башеев.

ИИВ аҳолидан ноқонуний қуролларни сотиб олиш акциясини 2012 йилдан бери ўтказиб келади.

Ўтган вақт мобайнида аҳолидан 51 мингдан ортиқ шахсий қурол ва 2 миллион ўқ-дори сотиб олинган.

Расмий маълумотларга кўра, дастур бошланганидан бери ўқотар қуроллар воситасида содир этилган жиноятлар сони 2012 йилдаги 694 дан 2019 йилда 238 га камайган.

Терроризмнинг олдини олиш

«Жиноятчилар ва террорчилар қўлига тушиши мумкин бўлган ноқонуний қуролларни мусодара қилиш муҳим», деди Башеев.

3 июнь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) Атираудаги шундай гуруҳлардан бирининг беш нафар аъзоси қўлга олингани ҳақида хабар берди. Ҳудуддаги тадбиркорлардан пул ундириш билан шуғулланган бу кимсалар трансмиллий уюшган жиноий гуруҳга алоқадор бўлишган.

Улардан тўппонча, қирқма ов милтиғи ва ўқ-дорилар мусодара қилинган.

Шу билан бирга, 8 июнь куни Атирауда КНБ ва полиция экстремистик гуруҳга аъзоликда гумонланган 32 яшар фуқарони қўлга олди. У синтетик гиёҳванд моддалар тарқатиш билан шуғулланган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ундан гиёҳванд моддалар, тақиқланган диний адабиётлар ва қўлбола портловчи қурилмаларни мусодара қилдилар, деб ёзади Tengri News.

«Экстремистлар ва бузғунчи оқимлар Қуръон ва диний матнларни ўзгартириб талқин қилишади. Улар ўз жиноий фаолиятини молиялаштириш йўлларини излар экан, таъмагирлик, қурол ва гиёҳванд моддалар савдосидан ҳам бош тортмайди», дейди чимкентлик диний мутахассис Мурат Аргимбаев.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва профилактик чоралар натижасида сўнгги йилларда Қозоғистонда бирорта ҳам террорчилик ҳаракати содир этилмади, деди у.

«Аммо, бир неча бор террорчилик ҳаракатларини содир этиш уринишларининг олди олинди. Бу доимий кураш ва бу йўлда бўшашмаслик керак», дейди Аргимбаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500