Карвонсарой
Энергия

Туркманистон ТАПҲ газ қувури лойиҳасини жадаллаштирмоқда

Жумагули Аннаев

ТАПҲ қувурининг узунлиги 1840 километрни ташкил этади. Эрон режими бу лойиҳага қатъиян қарши чиқмоқда. [Alistair Hamilton]

ТАПҲ қувурининг узунлиги 1840 километрни ташкил этади. Эрон режими бу лойиҳага қатъиян қарши чиқмоқда. [Alistair Hamilton]

АШХОБОД – Туркманистон расмийлари чет эллик ҳамкасблари билан Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) табиий газ қувури қурилишини жадаллаштиришга интилмоқдалар.

ТАПҲ қувурининг Туркманистондаги участкаси қурилиши 2015 йил декабрда бошланган.

Қувур йилига 33 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга. У Афғонистоннинг Ҳирот ва Қандаҳор, Покистоннинг Кветта ва Мултон ҳамда Ҳиндистоннинг Фазилка шаҳарларидан ўтиши кутилмоқда.

Қувур тўрт мамлакат учун ҳам манфаатли бўлади. Туркманистон ўз табиий гази учун бошқа мижозлар излашга мажбур бўлмоқда, сабаби муқобил харидор бўлмагани сабабли Хитой ва Россия ундан жуда арзон нархларда газ сотиб олади. Афғонистон ҳам табиий газ, ҳам унинг ҳудудидан ўтадиган қувур учун транзит йиғимларини олмоқчи. Покистон ва Ҳиндистон эса бир неча йиллардан бери энергия танқислигидан азият чекиб келади.

Қувурнинг Афғонистон участкасидаги тайёргарлик – ер ажратиш ва миналардан тозалаш ишлари 2018 йил февралда бошланган. Сентябр ойида Caspian News Афғонистондаги қурилиш ишлари 2021 йил аввалида бошланиши ҳақида хабар берган.

Покистон участкасининг қурилишини эса 2020 йилда бошлаш режалаштирилган.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ҳиндистоннинг Туркманистондаги янги элчиси Видху П. Наир 10 сентябр куни «трансмиллий газ қувури қурилишини якунлашга оид ечимларни» муҳокама қилдилар, деб хабар берди «Олтин аср» давлат телеканали.

18 сентябр куни Бердимуҳамедов Покистон президенти Ориф Алви билан қувур лойиҳасини телефон орқали муҳокама қилди, деб хабар беради Туркманистон давлат ахборот агентлиги (TDH).

Жорий йилда қувур қурилишига оид ички мунозараларнинг кучайиши ортидан халқаро ҳамжамият бу масалага эътибор қаратган.

Олдинга силжиш

Туркманистоннинг ТАПҲ лойиҳасини жадаллаштиришга интилаётган бежиз эмас, дейди фамилиясини очиқламасликни сўраган ашхободлик иқтисодий шарҳловчи Владимир.

«Газ қувурининг ўзига қарашли қисми қурилишида эришилган ютуқлар ҳақида хабар берар экан, Туркманистон ўз шерикларига лойиҳани қўллаб-қувватлаш фикри ва унинг минтақа учун аҳамиятини тушунишдан реал ҳаракатларга ўтиш вақти келганига ишора қилмоқда», деди у.

ТАПҲ қувурининг қурилиши, истиқболлари, фойдалари ва молиялаштириш муаммолари ҳақида гапирадиган бўлсак, Туркманистон бу борада қатъий истак ва мақсадга интилиш орқали натижа кўрсатмоқда, дейди таҳлилчи.

«Умуман олганда, Туркманистоннинг наздида улар (Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон) аниқ чоралар кўриш йўлида етарлича ҳаракат қилмаётгандек кўринмоқда», деди у.

Бердимуҳамедов Алви билан телефон орқали мулоқоти чоғида яқин орада Покистонда ҳам газ қувурини қуриш бошланишига умид қилаётганини айтар экан, айнан шуни назарда тутди, дейди Владимир.

«Айтиш мумкинки, Туркманистон ТАПҲнинг ҳамма оғирлигини якка ўзи тортяпти, шериклар эса, афсуски, бир чеккада турибди», деди у.

2015 йилда ташкил этилган «TAPI Ltd.» консорциумига раҳбарлик қилувчи «Туркмангаз» давлат концерни вакили Равшан Халлиевга кўра, қувурнинг Туркманистон ҳудудидаги 244 километрлик қисми қуриб битказилиш арафасида.

«Бу вақтда эса қувурнинг Афғонистон (774 км) ёки Покистон (826 км) участкасидаги қурилиши бошлангани ҳам йўқ», деди у.

Туркманистон Кобулнинг лойиҳадаги иштирокини кучайтиришга ҳаракат қилаётган бўлса-да, Афғонистон бу борада заиф бўғин бўлиб қолмоқда, дейди Халлиев.

Афғонистон тинчлик музокаралари орқали 40 йилдан ортиқроққа чўзилган урушни тўхтатишга уринмоқда. Унинг иқтисодиёти тўхтовсиз жанговар ҳаракатлар туфали вайрон бўлган.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистоннинг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли қувурнинг Афғонистон қисмидаги ер участкаларини танлаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашга эришилди.

«Туркманистон лойиҳадаги шерикларининг фаоллигини ошириш ва энг муҳими, хорижий инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш учун мисли кўрилмаган чораларни амалга оширмоқда», деди Халлиев.

Аминманки, Туркманистоннинг саъй-ҳаракатлари беҳуда кетмайди ва ТАПҲ газ қувури минтақадаги тинчлик ва барқарорлик омилига айланади, дейди ашхободлик иқтисодий шарҳловчи Владимир.

Ўз навбатида Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати ўзининг назорати остидаги ҳудудларда лойиҳага тўсқинлик қилмасликка ваъда берди, деди у.

«ТАПҲ ҳақида 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида жуда кўп мунозаралар бўлди, аммо уни қуриш истиқболлари эндигина кўрина бошлади», деди Владимир.

Эроннинг қаршилиги

Ашхободдагилар ТАПҲнинг Эрон-Покистон-Ҳиндистон газ қувурига рақобатчи эканлиги ва Теҳрон лойиҳани амалга оширишга имкони борича тўсқинлик қилишини билади, дейди Халлиев.

Халлиевнинг сўзларига кўра, Эрондан чиқадиган газ қувури ТАПҲдан қарийб 1000 километрга узунроқ, аммо Теҳрон бу қувурни барпо этиш тахминан 3 миллиард долларга (10,5 миллиард манат) арзонроқ тушади, деган даъво билан инвесторларни жалб қилишга уринмоқда.

«Ашхободлик шарҳловчиларнинг фикрича, Эрон Жанубий Осиё газ бозорлари учун курашда номақбул усуллардан фойдаланмоқда», деди у.

У Афғонистондаги Толибон қўмондонларидан бири Муҳаммад Аюб Ализаийнинг 2018 йил феврал ойидаги баёнотига ишора қилган.

Толибон раҳбарияти ТАПҲ қурилишига тўсқинлик қилмасликни ваъда қилган бўлса-да, Ализаий Эрон режими уни ва одамларини тайёргарликдан ўтказиб, қуроллантирганини ва қувурга ҳужум қилишга буйруқ берганини айтган.

Ализаийнинг бўлинмаси бу миссияни бажармай туриб ҳукуматга таслим бўлган.

«Толибон дала қўмондони 2018 йилда, ТАПҲнинг Афғонистон қисмидаги қурилиши бошлангани эълон қилинганида шундай баёнот берган», деди Халлиев.

Теҳрон 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида ТАПҲ бўйича муносабат билдирмади, бу эса дала қўмондонининг гаплари ҳақиқат эканлигини англатиши мумкин, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500