Карвонсарой
Сиёсат

Марказий Осиёликлар: «Навалнийнинг экстремист деб тан олиниши – бемаънилик»

Ксения Бондал ва Рустам Темиров

Қамоқ муддатини ўтаётган Кремл танқидчиси Алексей Навалний 2021 йил 26 май куни Москвадан 120 км узоқликда жойлашган Петушки шаҳрида ўтказилган суд мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этган. [Dimitar DILKOFF/AFP]

Қамоқ муддатини ўтаётган Кремл танқидчиси Алексей Навалний 2021 йил 26 май куни Москвадан 120 км узоқликда жойлашган Петушки шаҳрида ўтказилган суд мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этган. [Dimitar DILKOFF/AFP]

ОЛМАОТА/ТОШКЕНТ – Кремлнинг Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний ва унинг Коррупцияга қарши кураш жамғармасига (ФБК) нисбатан тазйиқлари Марказий Осиёда танбеҳ ва истеҳзога сабаб бўлмоқда.

9 июн куни Москва шаҳар суди Навалнийнинг минтақавий идоралари ва ФБКни «экстремистик» ташкилот деб топиш ҳақида қарор чиқарди ва уларнинг Россиядаги фаолиятини тақиқлади.

Апрел ойида прокуратура Навалнийнинг ташкилотларини Ғарб қўлловида фитна уюштиришни режалаётганликда айблаб, уларни «экстремистик» деб топиш талабини илгари сурган эди.

ФБК мунтазам равишда ҳукуматнинг барча даражаларидаги мансабдор шахслари билан боғлиқ порахўрлик ва коррупция ҳолатларига оид текширувларни эълон қилиб боради.

17 май куни адвокатлар Иван Павлов (ўртада) ва Илья Новиков (чапдан иккинчи) қамоққа олинган Кремл танқидчиси Алексей Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармасини (ФБК) экстремизмда айблаш билан боғлиқ ишни кўриб чиқиш қолдирилгач, Москва шаҳар суди биноси олдида ОАВга интервью бермоқда. 9 июн куни суд Навалнийнинг ФҚБ ва минтақавий идораларини «экстремистик» деб топиш ҳақида қарор чиқариб, уларнинг Россиядаги фаолиятини тақиқлаган. [Dimitar DILKOFF/AFP]

17 май куни адвокатлар Иван Павлов (ўртада) ва Илья Новиков (чапдан иккинчи) қамоққа олинган Кремл танқидчиси Алексей Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармасини (ФБК) экстремизмда айблаш билан боғлиқ ишни кўриб чиқиш қолдирилгач, Москва шаҳар суди биноси олдида ОАВга интервью бермоқда. 9 июн куни суд Навалнийнинг ФҚБ ва минтақавий идораларини «экстремистик» деб топиш ҳақида қарор чиқариб, уларнинг Россиядаги фаолиятини тақиқлаган. [Dimitar DILKOFF/AFP]

Шу йил бошида фонд YouTube тармоғида икки соатли ҳужжатли тергов фильмини чиқарган ва президент Владимир Путинга тегишли деб тахмин қилинган ўта ҳашаматли кўчмас мулк ҳақида маълумот берган эди.

Филмда «тарихдаги энг йирик пора» эвазига Қора денгиз бўйида бунёд этилган 1,35 млрд долларлик қаср ҳақида ҳикоя қилинади.

Ушбу ҳисобот 19 январ куни – Навалний август ойида Сибирда Новичок моддаси билан заҳарланиши ортидан Германияда даволаниб, Россияга қайтганидан икки кун ўтгач эълон қилинган эди.

117 миллиондан кўпроқ марта томоша қилинган бу видео ва Навалнийнинг ҳибсга олиниши аҳоли орасида мисли кўрилмаган норозиликларни келтириб чиқарди.

Аввалроқ Навалнийнинг минтақавий ташкилотлари тармоғи ақлли овоз бериш тизимини йўлга қўйишга ёрдам берган эди. У сайловчиларни Кремлга алоқадор номзодларни мағлубиятга учратиши мумкин бўлган номзодларга овоз беришга чақирган.

ФБКнинг «экстремистик ташкилот» деб топилиши ортидан Навалнийга сентябр ойига белгиланган парламент сайловларида қатнашиш тақиқланган, уларда Путиннинг тобора обрўсизланиб бораётган «Ягона Россия» партияси кураш олиб бориши кутилмоқда.

«Мутлоқ бемаънилик»

Айбловлар ва суд қарори «мутлақо бемаъни», дейди Олмаотада яшовчи Миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) истеъфодаги зобити Арат Нарманбетов.

Навалнийни заҳарлашга қаратилган муваффақиятсиз уринишдан сўнг, Кремл энди унинг мамлакатда коррупцияга қарши курашадиган ташкилотларини таъқиб қилмоқда, деди у.

Нарманбетовнинг таъкидлашича, ФБКни «экстремистик ташкилот» деб топиш билан Россия бош прокуратураси уни «ҳақиқий экстремистлар, ўтакетган каллакесарлардан» иборат «Ислом давлати» (ИД) билан тенглаштирмоқда.

«Коррупцияга ботган амалдорлар, жумладан Россиянинг айрим давлат хизматчилари эса... экстремистлар деб тан олинмайди, аслида улар террорчилардан ҳам баттар», деди у.

Москва судининг қарори мутлоқ сиёсий характерга эга, чунки судьялар Кремлнинг фикрига мос равишда қарор чиқаришди, дейди Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

«Навалний бошчилигидаги ФБК ахборот кампанияси россияликларнинг Владимир Путинга бўлган ишончини кескин пасайтириб юборди», деди у, жумладан президентники деб иддао қилинган «порахўрлик қасри» ҳақидаги YouTube видеолавҳасини назарда тутиб.

«Навалний фондининг шу ва бошқа ҳаракатлари Путин ҳокимиятининг легитимлигига жиддий путур етказди», деди Раббимов.

«Шу тариқа Кремлнинг Россияда чиндан ҳам коррупция ва авторитаризмга қарши курашаётган мустақил жамғарма фаолиятини қонун даражасида тақиқлашдан бошқа чораси қолмади.»

«Назоратни қатъийлаштириш»

Чимкентлик жамоатчилик фаоли Куаниш Сатаевга кўра, Бош прокуратуранинг бу қарорини аввалдан тахмин қилиш мумкин эди.

«Россияда назорат янада қатъийлаштирилмоқда: «Медуза» мухолифат нашри «хорижий агент» деб тан олинди, «Ведомости» журналистлари томонидан яратилган лойиҳа ОАВ майдонидан сиқиб чиқарилди, Навалний заҳарланди, кейин суд қилинди. Энди эса унинг тарафдорлари экстремизмда айбланмоқда», деди у.

Ушбу хатти-ҳаракатлар Россия ҳукуматининг ҳар қандай шаклдаги ўзгача фикрга қарши курашаётганини англатади ва бу кураш ўтган йилдан бери анча қатъийлашган, деди Сатаев.

ФБК «мухолифатни ва мамлакат етакчиси каби фикрламайдиганларни йўқ қилаётган режимнинг назаридагина» экстремистдир, дейди у. «Россияда экстремизмга оид жиноий моддалар мужмал бўлгани сабабли уларни истаганча талқин қилиш мумкин.»

Сатаевнинг сўзларига кўра, Россиядаги жазолаш машинаси «ўз-ўзини йўқ қилмагунича ёки унинг ўрнига бошқа режим келмагунича кераксизларни жазолашда давом этади».

Путинни қўллаб-қувватловчилар ҳеч кимнинг ёрдамисиз мамлакатни инқирозга етакламоқда, дейди олмаоталик IT-мутахассис Рустам Абибоев.

«Дунёни катта бир уй деб тасаввур қилинг, унда бошқаларга кун бермайдиган аҳмоқ қўшни бўлса. Иккита кучлироқ қўшни бу аҳмоқни бошқаларга зарар етказмаслиги учун уни назоратга олса», дейди у.

«Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар санкциялар кўринишидаги маданиятли чоралар билан Россияни жиловда ушлаб , унга ўз жойини кўрсатиб қўймоқда», дейди у.

«Аммо Россия cовет ўтмишига асосланган носоғлом нафсониятидан воз кеча олмаяпти», дейди Абибоев.

Аслида Россиянинг шахсий ютуқлари йўқ, фақат ядровий қуроллари бор холос, улар ҳам Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин қолган, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Путин экстремист эмасми? Россияда ҳуқуқ ва ва қонунлар аллақачон йўқ бўлиб кетган.

Жавоб бериш

Улар ҳеч бўлмаганда Россияда сўз эркинлиги ва демократия бор деб кўрсатишар эди. Энди эса бундай қилишмаяпти ҳам. Охир-оқибат Россия ўзининг асл башарасини кўрсатди.

Жавоб бериш