Карвонсарой
Саломатлик

АҚШ кўмаги билан Тожикистон ва Ўзбекистонда COVID-19га қарши кураш жадаллашмоқда

Карвонсарой

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги – USAID Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашда ёрдам тариқасида қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди, деб хабар беради АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 12 ноябр куни. Қўшма Штатлар COVAX дастури доирасида дунёнинг турли мамлакатларига аллақачон 200 миллиондан ортиқ COVID-19 вакциналарини етказиб берган ва яқин орада уларнинг сони янада ортади.[АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги – USAID Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашда ёрдам тариқасида қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди, деб хабар беради АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 12 ноябр куни. Қўшма Штатлар COVAX дастури доирасида дунёнинг турли мамлакатларига аллақачон 200 миллиондан ортиқ COVID-19 вакциналарини етказиб берган ва яқин орада уларнинг сони янада ортади.[АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

ДУШАНБЕ/ТОШКЕНТ – Қўшма Штатлар COVID-19 пандемиясига қарши курашда ёрдам юклари ва вакцина хайрия қилиш орқали Марказий Осиё давлатларига кўмаклашишда давом этмоқда.

Душанба (15 ноябр) куни Вашингтон 198900 доза Пфайзер вакцинасидан 117 мингини АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва COVAX маркази орқали Тожикистонга етказиб берди, дейилади Душанбедаги АҚШ элчихонаси баёнотида.

Қолган 81900 доза шу ҳафтада етиб бориши керак.

Ушбу хайрия ёрдами сентябр ойидаги 325260 доза «Пфайзер» ва 2021 йил июлдаги 1,5 миллион доза «Модерна»га қўшимча тарзда етказиб берилган. Умумий ҳисобда АҚШ ҳукумати Тожикистонга COVID-19га қарши кураш доирасида икки миллион дозадан ортиқ вакцина ҳадя қилди.

Ушбу ёрдам АҚШ ҳукуматининг 1,1 миллиард дона COVID-19 вакцинасини хавфсиз, адолатли ва ҳеч қандай шартларсиз энг муҳтож мамлакатларга бериш мажбурияти доирасида етказилган.

«Ҳамма COVID-19дан хавфсиз бўлмагунича ҳеч ким унга чалинмасликдан кафолатлана олмайди. Вакциналар эса бу мақсадга эришишнинг асосий ва муҳим воситасидир», дейди USAIDнинг Тожикистондаги миссияси директори Питер Райли.

Баёнотда айтилишича, ушбу вакцина дозалари Тожикистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар, жумладан, инфекциялар профилактикаси ва уларга қарши кураш учун шошилинч воситаларни харид қилиш ҳамда COVID-19 устидан эпидемиологик назоратни яхшилаш, жавоб чораларини кўриш ва касалланиш ҳолатларини қайд этиш тизимини такомиллаштиришга оид саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

Бу саъй-ҳаракатлар, шунингдек, аҳоли саломатлиги бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш, шунингдек COVID-19 вакцинасини жорий қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ўзбекистонга ёрдам

Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг 12 ноябр кунги баёнотида айтилишича, Тожикистонга вакцина хайриясидан аввал USAID Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратган.

Тақдим этилган маблағ билан Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун АҚШ ҳукумати тарафидан сафарбар этилган тўғридан-тўғри сармоя миқдори 16 миллион доллардан ошган.

USAID ушбу қўшимча маблағларни дори-дармонлар сифатини юқори даражада таъминлаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш ва мамлакатда вакциналарга қарши ишончсизликни бартараф этишга сарфлайди.

«Ўзбекистонда тўлиқ эмланган одамлар сони ошиб бормоқда. Аммо кураш ҳали тугагани йўқ – бу мамлакатда вирус кучайишдан тўхтамаган ва янги штаммлар доимий глобал хавф туғдирмоқда», деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаела Мередит.

«Пандемияга барҳам бериш барчанинг хавфсизлигини таъминлаш, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва глобал иқтисодиётни тиклаш учун жуда муҳим», дейди Мередит.

«Вакциналар бу чораларнинг асосий воситасидир. Байден маъмурияти яқинда Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб 200 миллиондан ортиқ доза COVID-19 вакцинасини хайрия ўлароқ жўнатгани ҳақида эълон қилди», деб қўшимча қилди у.

USAID пандемия бошланганидан бери Ўзбекистон ҳукумати билан кенг кўламли синовлар ўтказиш, лабораториялар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекцияларнинг олдини олиш ва назорат қилиш учун миллий лаборатория тизимларини мустаҳкамлаш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилди, дейилади баёнотда.

Шунингдек, агентлик диагностика салоҳияти, COVID-19 устидан эпидемиологик назорат ва тезкор чора кўришни яхшилашга, вирусга чалинган одамларни даволашни такомиллаштириш ва аҳолининг COVID-19 ҳақидаги хабардорлигини ошириш, бу ишга жамоатчиликни жалб қилиш ва кўнгиллиларни сафарбар этишга кўмаклашди.

COVID-19 тарқалишига қарши кураш чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдо ҳажмини ошириш, сил ва бошқа касалликларга қарши кураш, бошланғич таълим соҳасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда, дейилади баёнотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500