Карвонсарой
Хавфсизлик

Кремлнинг Украинадаги муаммолари советларнинг Афғонистондаги мағлубиятини эслатмоқда

Ханна Чертова

Санасиз видеолавҳада россиялик ҳарбий асирлардан бири онаси билан телефонда гаплашмоқда, иккинчиси эса украиналик терговчининг саволларига жавоб бермоқда. [Украина хавфсизлик хизмати]

КИЕВ, Украина – Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан шафқатсиз зўравонлик ва ҳарбийларнинг қўпол хатолари туфайли кузатувчилар Россиянинг Украинага босқинини Совет Иттифоқининг Афғонистондаги уруши билан таққосламоқда.

Совет Иттифоқи 1979 йилда Афғонистонга бостириб кирган. Афғон мужоҳидлари тўққиз йил давомида ўз ватанини Совет Армияси аскарларидан ҳимоя қилар экан, бир миллиондан ортиқ афғон ҳалок бўлиб, юз минглаб одамлар ногиронга айланди.

Яна беш миллион ёки ундан кўпроқ одам қўшни давлатларга кўчиб ўтган. Жанглар давомида Афғонистон инфратузилмасининг аксар қисми вайрон бўлди.

Совет қўшинлари ўлимлар ва вайронагарчиликларга қарамай, 1989 йил феврал ойида мағлубиятга учради.

2019 йил 28 ноябрда олинган ушбу суратда Кобул чеккасида совет давридан қолган танк қолдиқлари устида ўйнаб юрган афғонистонлик болакай акс этган. 2019 йил декабр ойида Совет Иттифоқининг Афғонистонга бостириб кирганига 40 йил тўлди. Мағлубиятга учраган Совет қўшинлари 1989 йил февралда ортга чекинган эди. [Нуруллоҳ Ширзода/AFP]

2019 йил 28 ноябрда олинган ушбу суратда Кобул чеккасида совет давридан қолган танк қолдиқлари устида ўйнаб юрган афғонистонлик болакай акс этган. 2019 йил декабр ойида Совет Иттифоқининг Афғонистонга бостириб кирганига 40 йил тўлди. Мағлубиятга учраган Совет қўшинлари 1989 йил февралда ортга чекинган эди. [Нуруллоҳ Ширзода/AFP]

Суратда: 3 март куни Украинанинг Харков шаҳрида Россия кучлари томонидан ўққа тутилиб, ёнаётган бино. Россия 40 йил аввал Совет Иттифоқи Афғонистонда қилгани каби Украинада тинч аҳолини қўрқитмоқда. [Сергей Бобок/AFP]

Суратда: 3 март куни Украинанинг Харков шаҳрида Россия кучлари томонидан ўққа тутилиб, ёнаётган бино. Россия 40 йил аввал Совет Иттифоқи Афғонистонда қилгани каби Украинада тинч аҳолини қўрқитмоқда. [Сергей Бобок/AFP]

Икки йил ўтгач, Совет Иттифоқи парчаланди.

Айни пайтга келиб, жума – 4 мартда Россиянинг Украинага бостириб кирганига 9 кун бўлди.

Россия карвонларининг ёқилғиси тугаб қолгани, қўшинларнинг оммавий равишда қочгани ёки таслим бўлгани ҳақида хабарлар чиқиб турган бўлса-да, Россиянинг Украина шаҳарларини ўққа тутиши жадаллашган.

Минглаб одамлар ҳалок бўлгани ёки жароҳатлангани, 1 миллиондан ортиқ украиналиклар эса кучайиб бораётган қочқинлар инқирози фонида Ғарбга қочгани тахмин қилинмоқда.

Кўпгина кузатувчиларга кўра, Россиянинг Украина фуқароларига ҳужуми акс этган кадрлар Совет Армиясининг Афғонистондаги бузғунчилигини эслатади.

Тўққиз йил давом этган ўша урушда «Советлар мужоҳид исёнчилар ва уларни қўллаб-қувватлаганларга шафқат қилмади, бутун қишлоқларни ер билан яксон қилди», деб ёзади Atlantic нашри 2014 йилда.

«Тахминан бир миллион тинч аҳоли ҳалок бўлган.»

«Афғонистондаги каби»

Россия президенти Владимир Путин пайшанба кунги телемурожаатида Россия ва Украинани «битта халқ» деб атади ва Украинада «неонацистлар»ни енгишга ваъда берди.

У «махсус операция» режалаштирилганидек давом этаётганини таъкидлаган.

Русларнинг Украинага босқинни оқлаши 1979 йил декабрда совет армияси Афғонистонга бостириб кирганида советлар айтган сўзларга ўхшайди, дейди бир вақтлар Украина қуролли кучлари Бош штабида ишлаган ҳарбий таҳлилчи Олег Жданов.

«Афғонистонда бўлгани каби, бугунги кунда ҳам Россия аскарлари ғоявий руҳлантирилган. Уларнинг ўз интернационалистик бурчини бажараётганига ишончи комил. Улар «қардош» украин халқига ўз мамлакатида порлоқ келажак қуришда ёрдам бермоқдалар, деди Жданов Карвонсарой билан суҳбатда.

1978 йилда советлар тарафдори бўлган бир гуруҳ афғон ҳарбий офицерлари давлат тўнтариши уюштирдилар. Бироқ улар коммунизмни афғонистонликлар учун мақбул қилиб бера олмадилар.

Ҳукуматга қарши мужоҳидлар исён кўтардилар.

Бунга жавобан Совет Политбюроси 1979 йил декабр ойида худди ҳозиргидек «уруш» ёки «босқин» сўзларини ишлатмай, Афғонистонда «ҳарбий операция» ўтказишга буйруқ берди.

«Ҳарбий академия клубида йигитларни кузатганимизни қандай нишонлаганимизни эслайман. Биз ўша олис мамлакатдаги одамларга социализм қуришга ёрдам бераётганимизга ишонардик», дейди Жданов.

«Бу – уруш, уруш эса босқинчилик эканини ҳеч ким тушунмас эди. Худди ҳозир Украинада бўлгани каби.»

Босқинга раҳбарлик қилган совет маршали Сергей Соколов 1979 йилда Совет Иттифоқи бир ой ичида вазиятни назоратга олишини айтган эди.

Аксинча, тез орада Совет Иттифоқига «200-юк» деб аталган тунука тобутлар кела бошлади.

Кремл маълумотларига кўра, Афғонистонда 15 мингдан ортиқ совет аскари ҳалок бўлган.

«Бошқа чорамиз йўқ эди»

Украинада Россия қурбонларининг ортиб бораётганини ҳам совет қўшинларининг Афғонистонга босқини билан таққослаш мумкин.

Чоршанба куни Россия мудофаа вазирлиги Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 498 тани ташкил этганини хабар қилди.

Жума куни Украина ҳарбийлари ҳозирга қадар россияликлар берган жами қурбонлар сони 9166 тага етганини айтган.

Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) томонидан эълон қилинган сўроқ жараёни видеолавҳаларида кўплаб россиялик ҳарбий асирлар қаерга кетаётганидан бехабар бўлганини айтган.

«Тахминан бир ҳафта Кузминск полигонида машғулотларда бўлдик. Кейин бизни тўплаб, чегарага яқинроқ жойга жўнатишди. Чегарада туришимизни айтишди», дейди украиналиклар томонидан асирга олинган катта снайпер Антон Петрук.

«Кейин тунда бирдан уни кесиб ўтдик. Қандайдир қишлоққа етиб келдик. Бошқа иложимиз қолмаган эди», деди у.

«Чегарани кесиб ўтганимиздан кейин жанг қилишдан бош тортганимизда, бу давлатга хиёнат бўларди. Бунинг учун 15-25 йилга қамалиш мумкин. Бу ҳам буйруқни бажармаслик ва бунинг учун қўшимча муддат беришлари мумкин, деярли бутун умр.»

«Президентимизнинг жиноий буйруғи билан мени қардош халққа қарши жанг қилишга юборишди», дейди онаси билан телефон орқали гаплашган Владислав исмли ҳарбий асир ўша видеолавҳада.

«Онажон, илтимос, мени уйга қайтаринг. Ортиқ бу ерда қолишни истамайман.»

«Россия кўплаб советча амалиётларини қўллади. Афғонистон уруши пайтида [Совет Иттифоқи] ҳам дастлаб берилган қурбонлар сонини яширган», дейди «Пента» сиёсий тадқиқотлар маркази директори, сиёсатшунос Владимир Фесенко Карвонсаройга.

«Кейинчалик халқ «қора лола» деб атайдиган тобутлар ортилган самолётлар қайта бошлаганида, ўлимлар сонини яшириб бўлмай қолди», деди у.

«Аслида, ҳозир ҳам худди шундай амалиётни кўриб турибмиз. Аксарият ҳолларда россиялик аскарларнинг ота-оналари фарзандларининг қаерда эканини билмайди», деди Фесенко.

«Мислсиз йўқотишлар»

Таҳлилчиларнинг фикрича, афғон урушининг ҳалокатли оқибатлари Украинада ҳам такрорланиши мумкин.

АҚШ мужоҳидларга ёрдам бергани сабабли СССР Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган эди, дейди сиёсатшунос Олег Лесной.

«Қўшма Штатлар мужоҳидларни «ер-ҳаво» синфидаги Стингер ракеталари билан таъминлаганида, совет армияси ҳаводаги устунлигини йўқотди», деди Лесной Карвонсаройга.

Украинларга Россияни ҳаводаги устунлигидан маҳрум қилишга ёрдам берадиган чет эл қуроллари оқими Украинадаги руслар тақдирига ҳам худди шундай таъсир қилади, дейди у.

Бундай ёрдам етиб келган тақдирда, Россия мислсиз қурбонлар бера бошлайди, деди Лесной.

Москванинг ўзи қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишга қарор қилган бўлса-да, бу вазиятни ўнглашга ёрдам бера олмади.

Совет Иттифоқи 1991 йилда парчаланиб кетди. Россия қўлловидаги Афғонистон ҳукумати эса 1992 йилда қулади.

Уруш харажатлари, нефт нархининг пастлиги Совет ғазнасини бўшатиб, СССРни ҳалокатга етаклади.

Globalsecurity.org маълумотларига кўра, АҚШ разведкаси ҳисоб-китоблари бўйича Совет Иттифоқи 1979 йилдан 1986 йилгача урушучун тахминан 18 миллиард рубл (ўша пайтдаги курс бўйича 24,3 миллиард доллар) ёки бугунги курс билан ҳисобланганда 73 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Киевдаги Иқтисодиётни тиклаш марказининг душанба куни эълон қилинган тадқиқотида айтилишича, Украинадаги урушнинг дастлабки тўрт кунида Россия бевосита ҳарбий харажатлар учун 7 миллиард доллар сарф қилган.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари аллақачон Россия иқтисодиётини ва Марказий банкнинг рублни ҳимоя қилиш қобилиятини заифлаштириш, жумладан ҳаво ҳудудини ёпиш, активларни музлатиш ва еттита банкни SWIFT банклараро тизимидан узишга қаратилган кенг қамровли санкцияларни жорий қилишди.

Россия ҳаводаги устунлигини бой берса, «Путинда бу урушни узоқ давом эттириш учун одамлар ва ресурслар етмайди», деди Лесной.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия бир тузоққа иккинчи марта тушмоқда. Чингачгук ҳеч қачон бундай қилмаган бўларди.

Жавоб бериш