Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Қозоқлар Украинадаги урушдан жабрланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш кампаниясини бошладилар

Ксения Бондал

14 март куни Киев шимоли-ғарбидаги Оболон туманида ўққа тутилиб вайрон бўлган турар-жой бинолари олдида турган аёл. [Арис Мессинис/AFP]

14 март куни Киев шимоли-ғарбидаги Оболон туманида ўққа тутилиб вайрон бўлган турар-жой бинолари олдида турган аёл. [Арис Мессинис/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистонликлар Россиянинг мамлакатга босқинидан азият чекаётган украиналикларга ёрдам бериш йўлида бирлашмоқдалар.

24 февралда босқин бошланганидан бери уч миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этган, деб хабар беради Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) сешанба (15 март) куни.

Қамалдаги шаҳарларда қолган тинч аҳоли тиббий муассасаларга ҳужумлар, бетартиб ўққа тутиш ва бошқа мудҳиш ҳолатларга гувоҳ бўлган.

Якшанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти идоралари эълон қилган қўшма баёнотда айтилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) тиббий муассасаларга ҳужумларни назорат қилиш тизими томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига 31 та ҳужум ҳужжатлаштирилган.

2022 йил март ойида Олмаота шаҳрида Украина учун гуманитар ёрдам қутиларини ҳозирлаётган қозоғистонлик кўнгиллилар. [«Ел болашагы»]

2022 йил март ойида Олмаота шаҳрида Украина учун гуманитар ёрдам қутиларини ҳозирлаётган қозоғистонлик кўнгиллилар. [«Ел болашагы»]

«Энг ҳимоясиз инсонлар – чақалоқлар, болалар, ҳомиладор аёллар ва беморлар, шунингдек одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз жонини хавф остига қўйган тиббиёт ходимларига ҳужум қилиш – бу ўтакетган шафқатсизликдир», деб баёнот берган БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ва ЖССТ раҳбарлари.

Шу ой бошидан бери қамалда қолган порт шаҳри – Мариуполда 2200 га яқин фуқаро ҳалок бўлди, Россиянинг кенг қамровли бомба ҳужумлари натижасида 400 минг аҳоли сув ва иссиқлик таъминотисиз, озиқ-овқатсиз қолди, дейди расмийлар.

Ёрдам ташкилотлари ва Украина ҳукуматига кўра, Мариупол «гуманитар фалокат» ёқасига келиб қолган.

«Уруш исканжасида қолган юз минглаб одамлар учун вақт тугаб бормоқда», деб баёнот берган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси.

«Агар томонлар имкон қадар тезроқ келишувга эришмаса, ҳозир Мариуполда содир бўлаётган воқеалар даҳшатли тус олади».

«Биз сен биланмиз, Украина!»

Қозоғистон фуқаролари «Биз сен биланмиз, Украина!» номли гуманитар ёрдам кампаниясида қатнашмоқдалар.

Хайр-эҳсон қилганлар орасида жамиятнинг барча қатламларига мансуб минглаб қозоғистонликлар бор.

Ушбу кампания Украинанинг Қозоғистондаги элчихонаси ёрдам сўраб мурожаат қилганидан кейин бошланди, дейди «Ел болашагы» (Мамлакат келажаги) нодавлат ташкилоти раҳбари, олмаоталик Тоғжан Кожалиева.

Бунга жавобан унинг ташкилоти 26 феврал куни ўзининг Телеграм каналида тадбирга қўшилишга чақирган.

Ўша куниёқ қозоғистонликлар энг зарурий маҳсулотлар хариди учун пул жўната бошладилар, деди Кожалиева.

«Биз аллақачон 150 миллиондан тенгедан (290 минг доллардан) ортиқ пул, 25 миллион тенге (48,5 минг доллар) қийматидаги дори-дармонлар ва тўрт тонна юк – болалар кийим-кечаклари ва овқатлари, катталар учун иссиқ кийимлар, ухлаш учун мўлжалланган қоплар ва уй ҳайвонлари учун озуқа тўпладик», деди у.

«Ушбу гуманитар ёрдамнинг бари тўртта рейс билан Полшага етказилди, у ерда юкни Украина элчихонаси ходимлари қабул қилиб, мамлакатга олиб киришни ташкиллаштирдилар», деди у.

«Украинага ёрдам бериш мақсадида Полшага жўнатиш учун гуманитар юк ҳозирланаётган [Қозоғистондаги] Украина элчихонасига одамлар оқиб келмоқда», дейди кампанияда иштирок этаётган олмаоталик тадбиркор Арман Шораев.

«Улар дори-дармон, энг зарурий ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишмоқда», деди у. «100 дан ортиқ кўнгиллилар эрталабдан кечгача бепул ишламоқдалар. Улар хайрия қилинган нарсаларни қадоқламоқда».

«Бу ерда қозоқлар, украиналиклар, руслар, ўзбеклар ва қирғизлар бор. Бу ерга беш кундан бери келаётган бир қиз билан гаплашдим», деб айтган Шораев.

«Олмаотанинг айрим ресторанлари кўнгиллиларга иссиқ овқат олиб келиш билан кампанияни қўллаб-қувватламоқда», деб айтган у.

«Қозоғистонликлар орасида украиналикларга ёрдам беришни хоҳловчилар талайгина.»

Қозоғистон келажаги учун кураш

Қозоғистонда украиналикларга ёрдам бериш бўйича бошқа давлат ва хусусий ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда.

«Қозоғистон дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотлар кўринишида Украина фуқароларига гуманитар ёрдам беришга тайёр», деб хабар берган президент матбуот хизмати ўзининг 7 март кунги баёнотида.

«Уларни манзилларига етказиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда», деб хабар берилган. «Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати фуқароларимизнинг 435 нафарини ватанларига ва 650 дан ортиқ Украина фуқароларини Европа мамлакатларига етказишда ҳам ёрдам беришди.»

Бу орада Қозоғистонга алоқадор Relog ахборот технологиялари компанияси логистика бўйича дастурий таъминотини Украина компанияларига бепул тақдим этмоқда.

«Биз камида уч ой мобайнида хизматларимиздан бепул фойдаланишларига имкон бериш орқали украиналиклар ва уларнинг корхоналарига ёрдам беришга аҳд қилдик», деб айтган Relog компаниясининг бош директори, олмаоталик Бауржан Рустемов.

«Агар бу вақт ичида Украинадаги вазият яхшиланмаса, бу имтиёзли муддатни узайтирамиз», деб айтган у. «Шунингдек компаниялар учун дастурий таъминотни жорий этиш ва техник ёрдам кўрсатиш ҳам бепул бўлади.»

«Ҳамма нормал ҳаётга қайтадиган вақт келишини умид билан кутамиз», деб айтган у.

Бугун украиналиклар нафақат ўзларининг, балки қозоғистонликларнинг келажаги учун ҳам курашмоқда, деб айтган олмаоталик тадбиркор Шораев.

«Россия ва Қозоғистон ўртасида дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси борлиги ҳаммага аён.»

«Шунингдек, бизда исталган пайт Павлодар ёки Қустанай халқ республикаси деб эълон қилишни хоҳлаб қоладиган одамлар ва айирмачилар ҳам бор.Украинадаги каби «жаҳаннам» Қозоғистонда ҳам бошланиши мумкин,» деб айтган у аввалроқ россиялик сиёсатчилар тарихан Россияга тегишли деб даъво қилган Қозоғистон шимолидаги вилоятларни назарда тутиб.

«Шу сабабли Украинада босқинчиларга қарши курашаётганлар билан жанг қилаётганларга ёрдам бериш – ҳар бир қозоғистонликнинг бурчи деб биламан», деб айтган Шораев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500