Карвонсарой
Қочқинлар

Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами: «Украина, биз сен билан!»

Рустам Темиров ва AFP

26 апрел куни Украинанинг Харков туманидаги почта бўлимига тарқатилган гуманитар ёрдамни олиш учун навбатда турган одамлар. [Димитар Дилкофф/AFP]

26 апрел куни Украинанинг Харков туманидаги почта бўлимига тарқатилган гуманитар ёрдамни олиш учун навбатда турган одамлар. [Димитар Дилкофф/AFP]

ТОШКЕНТ – Украина чегараларида юракни эзувчи манзара пайдо бўлмоқда – мамлакатдан қочиб кетганлар ватан соғинчи туфайли қайтаётган бир пайтда, кетиб, қайтиб келганлар иккинчи марта ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун қочмоқда.

Аёллар ва болалар ҳамон Россия бомбалари ёғилаётган мамлакатдан оқиб чиқмоқдалар.

Чегарадагилар, мамлакат ичида қолганлар ёки уйга қайтганлар учун дўстона донорларнинг инсонпарварлик ёрдами ҳаётий муҳим кўмакка айланди.

«Дўзахдан чиққан махлуқлар»

AFPнинг чоршанба (27 апрел) кунги хабарига кўра, ҳозирда юк машиналари ва чодирлар билан тўлган Вишне-Немецкеда – Словакия чегарасидаги одатий чорраҳада Татьяна Дзимик уни тинглашга тайёр бўлган ҳар бир киши билан суҳбатлашди.

8 апрел куни Украинага Ўзбекистоннинг ёрдами етказилди. [Закарпатье вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати]

8 апрел куни Украинага Ўзбекистоннинг ёрдами етказилди. [Закарпатье вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати]

38 ёшли тасвирий санъат ўқитувчиси Киевга яқин сокин шаҳарча – Буча яқинидаги қишлоғидан қочиб кетган. Россия қўшинлари бу шаҳарчадаги тинч аҳолини қирғин қилишда айбланган эди.

«Бундай ишларни ким қилиши мумкин? Одамлар эмас, фақат дўзахдан чиққан махлуқлар», дейди у кўзлари тўла ёш билан.

Мусибатдан эсанкираб қолган аёл рус аскарларининг қишлоқдаги уйларни талон-тарож қилгани, дераза ва эшикларни синдиргани, ётоқхона ва меҳмонхоналарда ҳожат чиқаргани ҳақида сўзлади.

Венгриянинг жанубида, Захони темир йўл кесишмасидан нарироқда, 41 ёшли Олеся Демеченко ниҳоят хавфсиз жойга етиб олиб, испан-америкалик машҳур ошпаз Хосе Андрес асос солган World Central Kitchen хайрия ташкилотида тамадди қилаётган эди.

У Украина жанубидаги Молочанскдан келган. AFPга сўзлаб беришича, у ерда руслар 200 км шарқда – Мариуполда жойлашган россияпараст чечен жангариларига жой бўшатиш учун маҳаллий аҳолини қувиб чиқариб, уйларини талон-тарож қилишган.

Полшанинг Медика шаҳридаги гуманитар ёрдам чодирларининг узун навбати бир қарашда ёйма бозорга ўхшайди. Аммо бу ерда ҳамма нарса бепул.

Чегара бўйлаб ҳар ерда ҳозир Иегова шоҳидлари сикхларнинг озиқ-овқат машинаси рўпарасига жойлашган, Исроил ташкилотлари эса Миср қизил ярим ой жамияти ишчилари билан елкама-елка ишламоқда.

Ғарб томон ўнлаб километр нарида, Полшанинг Перемишл шаҳридаги гавжум темир йўл вокзалида, Калькуттадан келган қувноқ француз католик миссионери Франсуа оға ҳорғин ва гангиб қолган қочқинларга овқат ва кўрпа-тўшаклар тарқатиб, маслаҳатлар бермоқда.

«Улар илдизи билан суғуриб олинганга ўхшайди; келажакда уларни нималар кутаётганини билишмайди, аммо ор-номусини сақлаб қолган ва бу ажабланарли», дейди у AFPга.

Ўзбекистон Украинани қўллаб-қувватламоқда

8 апрел куни Ўзбекистон Украинага ўзбек, рус ва украин тилларида «Украина халқига Ўзбекистон халқидан» ва «Украина, биз сен билан!» деган ёзувлар битилган инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партиясини жўнатди.

Оғирлиги 34 тоннадан ошадиган юк дори-дармонлар, илк тиббий ёрдам индивидуал тўпламлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ичига олади. У Полшанинг Катовице шаҳридан Украинанинг Закарпатье вилоятида жойлашган Европа гуманитар марказига олиб келинган.

Тошкентдан келган юк зудлик билан қайноқ нуқталарга жўнатилади, деди вилоят губернатори Виктор Микита.

Гуманитар ёрдамни йиғишда турли миллатга мансуб ўзбекистонлик фуқаролар – ўзбеклар, руслар, корейслар, татарлар ва, албатта, украиналиклар, шунингдек, давлат идоралари иштирок этишди, деб ёзди ўзбекистонлик фаоллардан бири Азиза Умарова Facebook саҳифасида.

Улар қуритилган мевалар, чақалоқлар учун мўлжалланган озуқа, кийим-кечак, чойшаблар, дори-дармонлар, тагликлар ва аёллар гигиена воситаларини етказиб беришди.

«Кимдир индамайгина ўзининг арзимаган нафақасига сотиб олинган бир қути дори ва бошқа майда-чуйда нарсаларни олиб келди», деб ёзади у. «Буларнинг барчаси чин юракдан қилинган. Шунинг учун улар икки карра қадрли.»

Дўст бошга кулфат тушганда билинади

Украина учун инсонпарварлик ёрдами йиғишни янада жадаллаштириш зарур, дейди тошкентлик кўнгиллилардан бири, жамоатчилик фаоли Ақида Моҳирова.

«Бугун бу давлат ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ жаҳон ҳамжамиятининг ёрдамига муҳтож», деди у Карвонсаройга. «Аёвсиз уруш кетмоқда, одамлар ҳамма нарсага муҳтож. Украинага ёрдам эса узлуксиз бўлиши керак».

Ўзбекистондан Украинага юборилган ёрдам икки мамлакат халқи ўртасидаги биродарлик тимсолидир, дейди журналист Сабоҳат Раҳимова.

«Бундай оғир дамда кўрсатилган озгина ёрдам, лоақал билдирилган ҳамдардлик ҳам ҳозир украиналикларга жуда зарур», деди у Карвонсаройга.

Ўзбекистонда 90 мингга яқин украинлар истиқомат қилади.

«Ўзбекларда бир мақол бор: «Дўст бошга кулфат тушганда билинади», дейди Раҳимова.

«Ўзбекистон ҳукумати томонидан украиналикларга тақдим этилган кичик гуманитар ёрдам халқимиз қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғотишига шубҳа йўқ. Умид қиламизки, икки қардош мамлакат тез орада ғалабани нишонлайди. Тинчлик ғалабасини», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Чунки Ўзбекистон – меҳр-оқибат мамлакати.

Жавоб бериш

Кўпгина давлатлар улардан ҳеч ким кутмаган инсонийликни намойиш этдилар. Нормал тараққиёт эътирофида бўлган барча давлатлар тинчлик тарафдори бўлиб, барча можаролар, улар қандай бўлишидан қатъи назар, тинч йўл билан ҳал этилишни қўллаб-қувватлайдилар.

Жавоб бериш

Барча оқил давлатлар Украинага ёрдам бермоқда ва аслида нима бўлаётганини тушуниб турибди. Тарих буни ҳеч қачон унутмайди!

Жавоб бериш