Карвонсарой
Фан ва технология

Украинада кескинлик авж олар экан, Қирғизистон ўз ҳудудида Россиянинг «биологик хавфсизлик» лабораториясини жойлаштиришдан бош тортди

Канат Алтинбаев

Қирғизистон Россиянинг Марказий Осиё мамлакатида биохавфсизлик лабораторияси қуриш таклифини қатъиян рад этган. [Pexels]

Қирғизистон Россиянинг Марказий Осиё мамлакатида биохавфсизлик лабораторияси қуриш таклифини қатъиян рад этган. [Pexels]

БИШКЕК – Шу ой бошида Россиянинг азалий иттифоқчиси Қирғизистон ўз ҳудудида Москванинг биологик лабораториясини қуриш таклифини рад этди.

14 апрел куни Москвада бўлиб ўтган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик бўйича Қирғизистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 23-йиғилишида Россия қирғиз заминида 3-даражали биохавфсизлик (BSL-3) лабораторияси барпо этишни таклиф қилган.

«Қирғизистон Республикаси ушбу лойиҳани амалга оширишни рад этди», дейилади Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 19 апрел кунги баёнотида.

АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги маълумотларига кўра, BSL-3 лабораториялари ҳаво орқали юқадиган ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган юқумли қўзғатувчилар ёки токсинларни ўрганиш билан шуғулланади.

BSL-3 лабораторияларида ўрганилган микроблар орасида сил, Ғарбий Нил иситмаси, сариқ иситма ва бошқа касалликларни келтириб чиқарувчи микроблар бор.

4-даражали лабораториялар (энг юқори даража) Эбола ва Марбург каби энг ҳалокатли, даволаш жуда мушкул бўлган вируслар учун мўлжалланган.

Россия кўп йиллардан бери Ғарбнинг Марказий Осиёда биологик лабораториялар ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини кескин танқид қилиб келади.

Кремлнинг ташвиқот машинаси бундай лабораторияларни ҳеч қандай далилсиз яширин биологик қуролларни ишлаб чиқишда ва маҳаллий аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф солишда айблайди.

«Жамоатчилик бунга йўл қўймайди»

Қирғизистон ўз ҳудудида шундай лабораториялар қуриш бўйича бошқа давлатларнинг таклифларини бундан аввал ҳам рад этган.

2008 йилда у Канада билан шу каби лаборатория устида ишлашдан бош тортган ва жамоатчиликнинг жиддий босимига дуч келиб, 2016 йилда Хитойнинг шунга ўхшаш ташаббусини рад этган.

Қирғизистон фуқаролари яқинда билдирилган таклифни эшитиб, шокка тушганлар.

«Мамлакатимизда ҳеч қачон Россия биологик лабораторияси бўлмайди», дейди «Ислоҳот» партияси аъзоси, бишкеклик Осмон Кангелдиев.

Россия президенти Владимир Путиннинг ҳарбий тажовузга мойиллигидан далолат берувчи Россиянинг Украинага босқини каби воқеалар инобатга олинса, Кангелдиев Россия билан бундай лойиҳа бўйича ҳамкорликни ўта хавфли деб ҳисоблайди.

«Жамоатчилик бунга йўл қўймайди», деди Кангелдиев таклиф этилаётган лабораторияни назарда тутиб.

«Шуларнинг барчасидан кейин Россия Қирғизистонга ўз биологик лабораториясини қуришни таклиф қилмоқда», деди у Қирғизистоннинг Канада ва Хитой лабораториялари таклифларини рад этганига ишора қилиб.

«ОАВ Путин урушда мағлуб бўлса, Украинага қарши ядровий қурол қўллаши мумкинлигини айтмоқда. «У хорижий мамлакатда биологик қурол ишлаб чиқармаслигига ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман.»

Таклиф этилаётган лабораториянинг мақсади ноаниқ эди, дейди Бишкекдаги MoveGreen ёшлар экологик ҳаракатининг муҳандис-экологи Бактигул Стакеева.

«Россия тажовузкор бўлган ҳозирги вазиятни ҳисобга олсак, мамлакатимиз тўғри иш қилди, деб ўйлайман», деди Стакеева Кремлнинг Украинага босқинини назарда тутиб.

Россия дезинформацияси

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг М. Алкимбаев номидаги Қозоғистон карантин ва зооноз касалликлар илмий марказига қарашли Олмаотадаги Марказий референс-лабораторияни Кремл йиллар давомида иккиюзламачилик билан қоралаб келган.

Россия оммавий ахборот воситалари бу лабораторияни «Американики» деб, Россия миллий хавфсизлигига таҳдид солади, деб даъво қилган.

2019 йил июн ойида Кремлнинг асосий ташвиқотчиларидан бири, «Россия-1» давлат телеканалининг бошловчиси Владимир Соловьёв эфирда икки миллион одам яшайдиган Олмаота шаҳридаги лабораторияга зарба бериш таклифини билдирган эди.

Лаборатория Қўшма Штатларга тегишли эмас ва унинг мақсади фақат илмий бўлиб, у ерда хавфли патогенлар ва улардан ҳимояланиш йўллари ўрганилади, деб тушунтириш берган Қозоғистон расмийлари.

Қўшма Штатлар лаборатория биноси қурилишини молиялаштирган, холос.

Аммо, Россия ОАВ бу муассаса тўғрисида дезинформация тарқатишда давом этиб келмоқда, унга кўра, у ерда дипломатик дахлсизликка эга АҚШ олимлари ишлаб, биологик қуроллар яратмоқда.

Айни вақтда Кремл ташвиқотининг асосий нишони Украина биолабораториялари бўлиб, уларни Россия ОАВ Пентагоннинг «бутун инсониятга таҳдид солувчи юқумли микроорганизмларни» яратиш учун платформа сифатида тасвирлайди.

Шундай бўлса-да, Кремлнинг риторикасига кўра, Қозоғистон хотиржам бўлмаслиги керак.

«Биз Украинада ва атрофимиздаги бошқа давлатларда ҳам бундай фаолият (биолаборатория фаолияти) олиб борилишига буткул қаршимиз», деб айтган Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев 12 апрел куни Кремлнинг АҚШ ва Украина ўртасидаги биологик қурол бўйича ҳамкорлигига оид асоссиз айбловларни назарда тутиб.

Украина уруши тугаганидан кейин Россиянинг бу позицияси Қозоғистонга қатъий тарзда баён қилинади. Албатта, қандай кўринишдалиги аниқ эмас», деб башорат қилган халқаро муносабатлар таҳлилчиси, нур-султонлик Руслан Назаров.

Назаров биолабораторияларни фақат биологик қурол яратиш базаси сифатида кўрадиган Россия Қирғизистонда биолаборатория қуриш ташаббусини илгари сурганидан хавотир билдирган.

«Москва ўз қуролини яратмоқчими?», деб савол берган Назаров.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Чунки россиялик «мутахассислар» қанчалик малакали экани шубҳали

Жавоб бериш

Яна ҳар доимгидек, улар ҳатто оддий хавфсизлик чораларига ҳам риоя қилмайдилар... янги коронавирус ёки ундан ҳам ёмонроқ касалликларга дучор бўлиш Қозоғистонга керак эмас!
Бундан ташқари, барча юқори малакали мутахассислар анчадан бери Европа ва бошқа мамлакатлардаги университетларга тарқаб кетишган, чунки у ерда илм-фанга кўпроқ эътибор берилади, мутахассислар эса эътироф ва муносиб пул олишади.

Жавоб бериш