Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитойнинг ҳудудий баҳслари дунёдаги осойишталик ва савдога таҳдид солмоқда

Карвонсарой ва AFP

Президент Цай Инвэн (суратда кўрсатилмаган) Пенху оролларидаги аскарларни кўздан кечираётган маҳал фрегат олдида юрган Тайван денгиз флоти ходимлари, 30 август. [Сэм Йе/AFP]

Президент Цай Инвэн (суратда кўрсатилмаган) Пенху оролларидаги аскарларни кўздан кечираётган маҳал фрегат олдида юрган Тайван денгиз флоти ходимлари, 30 август. [Сэм Йе/AFP]

ТАЙПЕЙ, Тайван – Пекиннинг қурол-яроғни кўз-кўз қилиши ва қўшнилари билан ҳудудий баҳслари дунёдаги осойишталикка таҳдид солмоқда ва глобал иқтисодий оқибатлар билан дунёнинг энг серқатнов юк ташиш йўлларини бўғиб қўйиш хавфини пайдо қилмоқда, деб огоҳлантиради таҳлилчилар.

Хитойнинг Тайван чегарасида ўтказган ҳарбий машғулотлари Пекин ҳарбий экспансиясининг навбатдаги эслатмаси бўлди.

Тайван 1949 йилдан бери ўз ҳукуматига эга, аммо Хитойнинг доимий босқини таҳдиди остида яшайди. Пекин оролни ўз ҳудуди деб билади ва бир кун келиб, керак бўлса куч билан ҳам уни эгаллаб олишга ваъда берган.

2 август куни юқори мартабали АҚШ расмийларининг Тайванга ташрифига жавобан Хитой жанговар самолётлар, кемалар ва ракеталарни машғулотларга жалб қилди.

Жакартадаги Хитой элчихонаси олдида Хитойнинг мунозарали Жанубий Хитой денгизига оид даъволарига эътироз билдираётган намойишчилар, 2021 йил, 8 декабр. [Дасрил Росзанди/AFP]

Жакартадаги Хитой элчихонаси олдида Хитойнинг мунозарали Жанубий Хитой денгизига оид даъволарига эътироз билдираётган намойишчилар, 2021 йил, 8 декабр. [Дасрил Росзанди/AFP]

Юк кемаси олдида турган шахсий ҳимоя кийимидаги ишчилар, Хитойнинг Циндао бандаргоҳи, 14 январ. [STR/AFP]

Юк кемаси олдида турган шахсий ҳимоя кийимидаги ишчилар, Хитойнинг Циндао бандаргоҳи, 14 январ. [STR/AFP]

Хитой ҳарбий самолётлари 2-6 август кунлари – беш кун давомида Тайван ҳаво мудофааси идентификацияси ҳудуди ёки Тайван бўғози ўрта чизиғини камида 131 марта кесиб ўтган, деб хабар беради Тайван армияси.

Хитой халқ озодлик армияси (ХОА) Тайван қирғоғи сувларига қанотли ракеталар учирган, улардан тўрттаси орол устидан учиб ўтган, деб хабар берган Япония. Шунингдек, бу сафарги машқлар оролга аввалгидан яқинроқ жойда ўтказилган.

Машқлардан асосий мақсад, Тайван ва халқаро ҳамжамиятга Хитойнинг ўз қўшнисини ўраб олиш ва қамал қилиш имкониятини кўрсатиш эди.

«Бу – сиёсий уруш», деб айтган 25 август куни Пентагонда ишлаган, Сингапурдаги Ли Куан Ю номидаги давлат сиёсати мактабининг катта илмий ходими Дрю Томпсон New York Times нашрига.

«Улар қилаётган ишнинг сиёсий жиҳати баъзан улар ўтказаётган машғулотлардан муҳимроқдир», деди у.

Хитойнинг мақсади қудратни кўз-кўз қилиш эканига қарамай, таҳдидлар ҳақиқий, дейди Тайван мудофаа вазирлигига қарашли Миллий мудофаа ва хавфсизлик тадқиқотлари институти илмий ходими Оу Си-фу.

«Тайванни ўраб олиш ва халқаро аралашувга қаршилик қилиш билан улар ўз ниятларини баён қилдилар», деб айтган у Times нашрига. «Уларнинг тахмини: Тайванни яккалаб қўйиш мумкин ва кейин сизлар билан жанг қиламиз.»

Машқлар ўтказилганидан бери кескинлик юқори даражада қолмоқда.

Душанба (29 август) куни Тайпей ва Пекин ўртасида Хитой материгидан узоқдаги Тайван оролига ҳарбий постларни кузатган дронлар учирилиши борасида низо келиб чиққан, деб хабар берган AFP.

Кинмен оролининг Хитой дронлари суратга олган фото ва видеолари Тайван ва Хитой ижтимоий тармоқларида тарқалган, видеоёзувларнинг бирида тайванлик аскарлар дронлардан бирига тош отаётганини кўриш мумкин.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян дронлар «Хитой ҳудуди атрофида учгани сабабли буни катта шов-шув қилиш ярамайди», деб баёнот берган.

Бу Тайпейнинг ғазабнок жавобига сабаб бўлган.

«Хитой коммунист партиясининг авторитар экспансияси бошқа мамлакатларнинг кундалик ҳаётига тажовуз қилиб келган ва унинг «минтақавий муаммо қўзғатувчи» деган номи асосли», дейилади Тайван ташқи ишлар вазирлигининг душанба кунги баёнотида.

Юк ташиш йўлларининг тўсилиб қолиши

Хитойнинг Тайван атрофидаги сувларда ўтказган ҳарбий машғулотлари глобал юк ташиш йўлларига таъсир қилди.

Тайванни материк Хитойдан ва Осиёнинг қолган қисмидан ажратиб турувчи Тайван бўғози – 180 км кенгликдаги сув йўли Хитой, Тайван, Япония ва Жанубий Кореяга борадиган ёки улардан сузиб ўтадиган тижорат кемалари учун асосий океан маршрути ҳисобланади.

Ушбу юк ташиш йўналишлари орқали Осиёдаги ишлаб чиқариш марказларидан Яқин Шарқ, Европа ва Қўшма Штатлардаги бозорларга маҳсулотлар ташилади.

Bloomberg маълумотларига кўра, ўтган йили глобал контейнер флотининг деярли ярми ва тоннаж бўйича дунёдаги энг йирик кемаларнинг 88 фоизи ушбу сув йўлини кесиб ўтган.

Кемачилик компаниялари раҳбарларига кўра, машқлар чоғида Тайван портлари очиқ бўлса-да, контейнер кемалари ва табиий газ ташувчилар машқлар ўтказилаётган ҳудудларни айланиб ўтишга мажбур бўлган.

Таҳлилчилар ва кемалар эгаларининг таъкидлашича, айланиб ўтиш натижасида харажатлар ошиб, кечикишлар юзага келди, баъзи сафарлар ярим кунгача чўзилди ва бутун дунё бўйлаб тўлқинли таъсирга эга бўлди.

Кемалар қатновини суғурта қилувчи бирлашмалар ўз аъзоларини Тайван бўйлаб ҳаракатланишда эҳтиёт бўлишга чақириб огоҳлантирди, деб хабар беради Reuters 5 август куни.

«Дунёнинг энг гавжум порти Шанхай шундоққина қўшни бўлиб, ҳар қандай жиддий бузилиш Хитой савдо флотига ҳам таъсир қилади», деб айтган Xeneta денгиз маълумотлари провайдерининг бош таҳлилчиси Питер Санд август ойида Wall Street Journal нашрига.

Reuters агентлиги билан суҳбатда бўлган Freightos кемачилик платформаси бош директори Зви Шрайбер август ойида бўлиб ўтган машғулотларни назарда тутиб, «Хитойнинг хатти-ҳаракатлари ҳозирча океандаги юк ташиш операцияларига сезиларли путур етказмаган бўлса-да, уларнинг чўзилиши таъсир қилиши аниқ», деб айтган.

«Минтақавий можаро кемаларни муқобил йўналишлардан боришга мажбур қилиши, транзит вақтини ошириши, жадвалларни бузиши, ортиқча кечикишлар ва харажатларга олиб келиши мумкин».

«Марваридлар шодаси»

Яқинда ўтказилган машғулотлар Хитойнинг фаол баҳслари объектига айланган ёки ҳарбий ҳозирлигини кенгайтираётган бошқа муҳим сув йўллари учун ҳам яхшилик нишонаси эмас.

Ҳар йили триллионлаб доллар тижорий юклар ўтадиган Жанубий Хитой денгизи ҳудудига Хитойдан ташқари Бруней, Малайзия, Филиппин, Тайван ва Вьетнам ҳам даъвогарлик қилади.

Пекин Марказий Осиёда ҳам «ўз» ҳудудларини қайтариш ғоясини илгари суриб келган, бу билан маҳаллий аҳолининг муносабатини баҳоламоқчи бўлган. Кузатувчиларга кўра, бу минтақа суверенитетига бевосита таҳдиддир.

Пекин, шунингдек, ҳарбий ва тижорат объектлари тармоғи орқали материк Хитойни Африка шохи мамлакатлари билан боғлаш учун йирик инфратузилмани ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

«Марваридлар шодаси» стратегиясининг бир қисми сифатида Хитой денгиз йўллари бир қанча йирик портлар орқали Малдив оролларидан бошлаб Бангладеш, Шри-Ланка, Покистон, Эрон ва Сомалига ўтиши кўзда тутилган.

Улар бир нечта йирик денгиз бўғозларидан, жумладан, Боб ул-Мандаб бўғози (Арабистон ярим оролидаги Яман ва Африка шохидаги Жибути ва Эритрея ўртасида), Малакка бўғози (Ҳинд ва Тинч океанлари орасидаги асосий транспорт канали), Ҳормуз бўғози (Эронни Уммон ва Бирлашган Араб Амирликларидан ажратиб туради) ва Ломбок бўғози (Бали ва Индонезия ороллари оралиғида) орқали ўтади.

Пекиннинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси номи билан танилган «Камар ва йўл» (BRI) глобал инфратузилмавий лойиҳаси ушбу муҳим денгиз портларидан ички йўналишлар бўйлаб давом этиб, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Африканинг бошқа қисмларига етиб боради.

Бироқ, танқидчиларнинг огоҳлантиришича, Хитойнинг тижорий деб айтилган лойиҳалари икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин – унинг тез ўсиб бораётган қуролли кучларига ўз таъсирини кенгайтириш имконини беради.

«Марваридлар шодаси» шунингдек, Тайван масаласида кенг миқёсли можаро бошланган тақдирда, Пекинга устунлик бериши ва босим воситасига айланиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500