Карвонсарой
Жамият

Россиянинг Украинага босқини туфайли Қозоғистонда «Z-юлдузлар» иштирокидаги тадбирлар бекор қилинмоқда

Канат Алтинбаев

Россиялик Полина Гагарина 2015 йил 23 май куни Австрия пойтахти Вена шаҳридаги «Евровидение» танлови финалида. [AFP]

Россиялик Полина Гагарина 2015 йил 23 май куни Австрия пойтахти Вена шаҳридаги «Евровидение» танлови финалида. [AFP]

ОЛМАОТА – Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлашдан бош тортган қозоғистонликлар сабабли «Z-юлдуз» деб аталганларнинг концерт ва тадбирлари бекор қилинмоқда.

Бу атама Кремлнинг босқинини қўллаб-қувватлаган россиялик машҳурларга тааллуқли бўлиб, босқиннинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишида асосий рамзга айланган «Z» ҳарфидан келиб чиққан.

Қозоқларнинг ижтимоий тармоқлардаги норозилиги россиялик эстрада хонандаси Полина Гагаринанинг келаси йил феврал ойида Остонада ўтказилиши режалаштирилган концертининг бекор қилинишига сабаб бўлди.

Озод Европа/Озодлик радиоси қозоқ хизматининг 15 ноябр кунги хабарига кўра, жамоатчилик танқиди ортидан концерт рекламалари Гагаринанинг веб-сайти ва билбордлардан ғойиб бўлган.

Суратда: «Олмаота Арена», 23 ноябр. Айнан шу ерда россиялик Z-юлдуз Полина Гагаринанинг концерти бўлиб ўтиши керак эди. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Суратда: «Олмаота Арена», 23 ноябр. Айнан шу ерда россиялик Z-юлдуз Полина Гагаринанинг концерти бўлиб ўтиши керак эди. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Гагарина Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий операциясини» очиқ қўллаб-қувватлаган.

Бундан ташқари, март ойида у Қримнинг аннексия қилинганига саккиз йил тўлиши муносабати билан Москвада ўтказилган концертда қўшиқ куйлаган эди.

Режалаштирилган концерт интернетда кескин танқидга учраган.

«Россиялик машҳур Z-қўшиқчини Қозоғистонга таклиф қилиш, унинг чиқиши учун 12 минг ўринли «Алмаота Аренани» ажратишдан мақсадингиз нима?» деб ёзади Kazakhstan Business Magazine нашри бош муҳаррири, олмаоталик Владимир Волошин 12 ноябр куни Facebook саҳифасида.

У концерт ташкилотчиси, қозоғистонлик инвестор ва продюсер Константин Горожанкин раҳбарлик қиладиган Jam.kz концерт агентлигига мурожаат қилган.

«Мамлакатимиздаги жамоатчилик фикри агентлигингиз обрўсини сиз ташкиллаштиришга қарор қилган Полина Гагаринанинг концерти билан абадий боғлаб қўйганидан кейин қандай фойда (албатта, пулдан ташқари) олмоқчисиз?» деб ёзган Волошин.

Концертлар маҳаллий ҳокимият томонидан тартибга солиниши керак бўлган «давлат мафкурасининг таркибий қисмидир», деб ёзади Атирау шаҳрининг «Ак-Жайык» газетаси журналисти Зулфия Байнекеева Волошин постига қолдирилган изоҳларда.

«Маданий тадбирлар ниқоби остида нацизм мафкурачиларни олиб киришга рухсат этиладими? Қисқаси, шаҳар ҳокимияти қаёққа қараяпти?» деб савол беради Байнекеева.

«Украинада болалар, аёллар ва қариялар ўлдирилаётган бир пайтда Гагарина, Розенбаум, Киркоров ва бошқаларнинг концертига бориш шаккоклик ва қабр устида рақсга тушишдир», деб ёзади Қарағанда шаҳридаги ўрта мактаб ўқитувчиси Нургул Абилдина Россиянинг бошқа қўшиқчиларини назарда тутиб.

«Сиз сарфлаган ҳар бир тенге ушбу одамхўрлик урушига сарфланиши ҳақида ўйлаб кўринг», деб қўшимча қилди у.

Норозилик тўлқинлари

Шу ойда оммавий норозилик туфайли Москвадаги Мемориал масжиди имоми Шамил Аляутдинов Қозоғистонга режалаштирилган сафарини бекор қилишга мажбур бўлган эди.

Аляутдинов Россиянинг босқинчилик сиёсатини очиқ қўллаб-қувватлаши билан танилган бўлиб, Украина ва Ғарбни уруш бошлаганликда айблайди.

Аляутдиновнинг 4 декабрда Остона шаҳрида ўтадиган «Янги воқелик» бизнес-форумида режалаштирилган чиқиши ижтимоий тармоқларда қозоғистонликларнинг танқидига учраган.

«Қозоғистонда унга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ. У менинг мамлакатимда исталмаган шахс, ташкилотчилар буни билиб қўйишлари керак. Биз бундай ярамасларга тоқат қилмаймиз», деб ёзган остоналик Асқар Жапаров Facebook тармоғида.

Олмаоталик Ғани Ўзбеков Facebook ижтимоий тармоғида ватандошларига Аляутдиновни «блоклашни» ва 4 декабрга режалаштирилган чиқишининг бекор қилинишига эришишни таклиф қилган.

Оқибатда Аляутдинов 18 ноябр куни Инстаграмда «норозилик келтириб чиқармаслик ҳамда ташкилотчилар ва маърузачиларга муаммо туғдирмаслик» учун Остонага бормаслигини эълон қилишга мажбур бўлган.

«Менга қарши ёлғонлар ва туҳматлар тўлқинининг манбаи ва ташкилотчиси бўлган провокаторга Худо кифоя қилсин», деди Аляутдинов видеомурожаатида.

«Хейтерлар ўз-ўзидан чириб, йўқ бўлиб кетишади.»

«Исталмаган меҳмонлар»

Қозоғистон ҳукумати қўшни Россия билан муносабатларга путур етказмаслик учун Украинадаги урушга нисбатан вазминлик сақлаётган бўлса-да, мамлакат фуқаролари Россия президенти Владимир Путиннинг украиналикларни «омматан қатл қилаётганини» кескин танқид қилмоқдалар, дейди остоналик блогер Ерлан Исмоилов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Биз [қозоқлар] ҳукуматимизнинг ташқи сиёсатига таъсир ўтказа олмаймиз, лекин имкон қадар кескин эътирозларимизни билдиришимиз мумкин», деди Исмоилов.

«Путин тарафдорлари Қозоғистонда исталмаган меҳмон эканликларини билиб қўйишсин.»

«Уйғон, Қозоғистон» ёшлар ҳаракати фаоли, олмаоталик Олжас Бексултановнинг Карвонсарой нашрига айтишича, сўнгги пайтларда оддий қозоғистонликлар орасида Украинадаги хунрезликларга қарши норозилик кучайган.

«Авваллари айрим қозоғистонликлар Кремл телеканаллари орқали олиб борилаётган ташвиқотга ишонган бўлса, энди уларнинг аксари халқаро оммавий ахборот воситаларини кўриб, ўз фикрини ўзгартиряпти», деди Бексултанов.

«Биз тинч аҳоли ва болаларнинг ўлдирилишини қўллаб-қувватлаётганларнинг Қозоғистонда бемалол юришига йўл қўймаймиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500