Карвонсарой
Хавфсизлик

Ракета заҳиралари тугаб борар экан, Кремл охирги қуролларини ишга солмоқда

Ольга Чепил ва AFP

7 декабр куни олинган ушбу суратда прокуратура таҳлилчиси Россия армияси томонидан Украинанинг иккинчи йирик шаҳри – Харковга ҳужум қилишда қўлланилган снаряд ва ракеталар қолдиқларини текшираётгани акс этган. [Алексей Филиппов/AFP]

7 декабр куни олинган ушбу суратда прокуратура таҳлилчиси Россия армияси томонидан Украинанинг иккинчи йирик шаҳри – Харковга ҳужум қилишда қўлланилган снаряд ва ракеталар қолдиқларини текшираётгани акс этган. [Алексей Филиппов/AFP]

КИЕВ – Таҳлилчиларга кўра, Москва Украинанинг фуқаролик энергетика объектларига зарба беришда давом этар экан, Россиянинг ракеталар заҳираси тугаб бормоқда.

Россия кучларининг мамлакат пойтахти Киевга навбатдаги ҳужуми давомида Украина Эронда ишлаб чиқарилган бир нечта дронни уриб туширган, деб хабар беради ҳукумат чоршанба (14 декабр) куни.

Эрта тонгда Киевнинг марказий туманларининг бирида портлашлар овози эшитилди. AFP га кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қутқарув хизматлари ходимлари қор билан қопланган зарба жойини кўздан кечиришган.

«Террорчилар кунни 13 та «Шаҳед» билан бошладилар», деб айтган Украина президенти Владимир Зеленский Эронда ишлаб чиқарилган дронларни назарда тутиб.

Россиянинг Украинага босқини давомида берилган зарба туфайли Харковдаги электр станциясида юзага келган ёнғиннинг узоқдан кўриниши, 11 сентябр. [Евгений Титов/AFP]

Россиянинг Украинага босқини давомида берилган зарба туфайли Харковдаги электр станциясида юзага келган ёнғиннинг узоқдан кўриниши, 11 сентябр. [Евгений Титов/AFP]

Россиянинг Украинага босқини давомида Киев чеккасидаги Вишгородда ракета зарбасидан талафот кўрган кўп қаватли бино олдида ишлаётган таъмирчилар, 28 ноябр. [Женя Савилов/AFP]

Россиянинг Украинага босқини давомида Киев чеккасидаги Вишгородда ракета зарбасидан талафот кўрган кўп қаватли бино олдида ишлаётган таъмирчилар, 28 ноябр. [Женя Савилов/AFP]

«13 та дроннинг ҳаммаси уриб туширилди», деб қўшимча қилган у фуқароларни ҳаво тревогаси сиреналарига эътибор беришга чақириб.

Феврал ойида Россия Украинага ҳужум бошлаганидан ва пойтахтни қўлга олишга ҳаракат қилаётганидан бери Киевда деярли 10 ой давомида ҳаво зарбалари сиреналари ва тез-тез ҳаво ҳужумлари юз бериб турибди.

Аммо Россия мунтазам равишда муҳим инфратузилма иншоотларига ракета ва дронлар билан зарба бериб, Украинада миллионлаб одамларни электр қуввати, сув ва иссиқлик таъминотисиз қолдирган октябр ойидан буён ҳужумлар сони ортган.

Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари бунга жавобан Украинага янада замонавийроқ ҳаво мудофааси тизимларини етказиб берган.

Бундай зарбалар изсиз қолгани йўқ, уларнинг оқибатида Россиянинг ракета заҳираси хавфли тарзда камайиб кетган.

Ракеталар заҳираси нормал даражадан 30 фоизга тушмаслиги керак, дейди ҳарбий олимлар.

Урушдан аввалги заҳиранинг 13 фоизи қолган

Аммо Россиянинг қисқа масофага учувчи «Искандер» баллистик ракеталари заҳираси 13 фоизга, «Калибр» қанотли ракеталарининг миқдори эса 30 фоизга тушиб қолган, деб хабар берган Украина мудофаа вазири Алексей Резников 6 декабр куни.

Бу ҳақда у 5 декабр куни Россия 70 га яқин ракета зарбаси берганидан сўнг маълум қилди.

«Улар оқибатини ўйламай, кўп нарса қилишди. Улар қанотли ва баллистик ракеталар заҳирасини тугатмоқда», деб айтган Резников.

«Уларга қарши ҳужум қилинган тақдирда керак бўладиган захиранинг аксар қисми тугаб бормоқда», деб қўшимча қилди у.

«Россиянинг ракеталари тугаб бораётганига шубҳа йўқ», дейди Украинадаги хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази раҳбари Сергий Кузан Карвонсарой нашрига.

Россия қўшни Украинадаги нишонларни уриш учун ҳатто океан ва қитъаларни кесиб ўтишга мўлжалланган узоқ масофали, ядровий ракеталарни одатий портловчи моддалар билан жиҳозламоқда, деди у.

Украинанинг ҳаво мудофаасига қарши оммавий ҳужум уюштиришнинг бошқа йўли йўқлиги учун Россия шу ракеталардан фойдаланмоқда, дейди Кузан.

«Менимча бу яхши ечим эмас, лекин улар бизнинг ҳаво мудофаа тизимига қандайдир тарзда кириб бориши керак. Бу фақат оммавий зарба билан амалга ошириш мумкин», деди у.

«Совет даврига оид мавжуд тизимларимиз билан бир қаторда, Ғарбдаги ҳамкорларимиз етказиб бераётган янги тизимлардан фойдаланяпмиз... Бу – кўчиб юра оладиган қурилмалар. Яъни, Россиянинг кейинги зарбаси йўналишини ҳисоб-китоб қилиб, уларни янада самаралироқ қилиб созлаш мумкин.»

«Душманнинг ракеталарини 90 фоизга уриб туширмасак ҳам, 80 фоиздан ортиғини йўқ қиляпмиз. Бу жуда яхши кўрсаткич», деб айтган Кузан.

Эҳтиёт қисмлар йўқ

«Россияликлар аллақачон стратегик заҳирани ишга солган», деб дейди InfoResist сайтининг харбий таҳлилчиси, киевлик Александр Коваленко.

Бундай заҳиралар одатда Россияга қилинажак эҳтимолий ҳужумлардан мудофааланиш учун сақланади, деб айтган у.

«Улар ўзларини ҳимоясиз қолдиришмоқда, бу энг аввало ўзлари учун муаммо.»

Коваленконинг сўзларига кўра, руслар ҳаводан учириладиган қанотли Х-101 ракетаси, Калибр қанотли ракетаси ва Х-59 каби ракеталарни ишлаб чиқаришга қодир бўлса-да, улар оммавий ишлаб чиқарилмайди.

«Россияликлар бир ҳафтада икки ёки учта ракета ишлаб чиқара олади. Уларнинг қўлидан шу келади холос, бу ракеталар жуда зарур бўлиб турган вақтда уларнинг ишлаб чиқариш тезлиги шундайлигича қолганини тушуниш керак», деб айтган у.

Ишлаб чиқаришнинг секинлашувига Ғарб санкциялари ҳам таъсир қилмоқда, деб таъкидлаган у.

«Уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари тўлалигича хорижда ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлар: микрочиплар, ярим ўтказгичлар, микросхемалар ва бошқаларга боғлиқ. Қатъий санкциялар шароитида уларни фақат контрабанда йўли билан олиш мумкин», деди Коваленко.

«Руслар бутловчи қисмларни бошқа давлатлар, сохта компаниялар ва оффшор зоналар орқали олиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Контрабанда товарларисиз улар ракеталарни йиғишга қодир эмаслар».

«Уларда эҳтиёт қисмлар йўқ», деди Коваленко.

Бу Россия қурол саноати Украинага битта оммавий зарба бериш учун контрабанда йўли билан олиб келинган эҳтиёт қисмларни йиғишга олти ойгача вақт сарфлаши мумкинлигини англатади, дейди таҳлилчилар.

Бу орада Кремл ўзининг ракета захираларини тўлдиришнинг бошқа йўлларини изламоқда. Улардан бири – фойдаланишдан чиқарилган ёки йўқ қилинган совет даврига оид ракеталарини қайта тиклаш.

«Айрим ракеталар бутунлай [фойдаланиш учун] яроқсиз. Руслар эса уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан овора. Масалан, Украинага берилган сўнгги зарбаларда Х-22 ракеталари ишлатилган. Булар эски совет ракеталари бўлиб, уларни умуман ишлатишмаса керак деб ўйлагандим... Лекин биз учта Х-22 ишлатилганига гувоҳ бўлдик», деди Коваленко.

«Мен уларнинг узоқ муддатли сақлашдан чиққан, қайта таъмирланган ва тикланган Х-22 ракеталари эканлигини истисно қилмайман. Очиғини айтсам, улар омборларда қолган энг охирги нарсалардан йиғилганга ўхшайди».

Х-22 авиаташувчилар ва ташувчи жанговар гуруҳларга қарши қўллаш учун ишлаб чиқилган.

«Аллақачон мағлуб»

Россия Эрондан ракеталар олишга ҳам уринган.

Разведка мутасаддиларининг айтишича, Теҳрон чоршанба кунги ҳужумда қўлланилганларга ўхшаш дронларни жўнатганидан сўнг Москвага «ер-ер» ракеталарини юборишга ҳам рози бўлган.

«Ҳеч ким [Россия президенти Владимир] Путин бутун дунё бўйлаб қурол излаб юради, деб ўйламаган эди. Ўзи «яккамохов» давлат бўлган Эронни гапирмаса ҳам бўлади. Россиянинг ҳозирги аҳволи шу», дейди «Ягона Украина» таҳлил маркази мутахассиси, киевлик сиёсатшунос Дмитрий Левус.

«Аслида Эрон Россияга боғлиқ бўлишдан қўрқади. Буни русларда тўсатдан пайдо бўлиб қолган худкуш дронлари мисолида кўрса бўлади», деди у Карвонсаройга.

Бир неча ҳафта давомида бунинг аксини тасдиқловчи кўплаб далиллар мавжудлигига қарамай, дронларни Москвага топширганини қатъиян рад этган Теҳрон 5 ноябр куни йўналишини кескин ўзгартирган.

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён Эрон Россияга дронлар берганини тасдиқлаган, аммо Украинадаги уруши учун Москвага ракета етказгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

«Россиянинг бутун ҳарбий тизимига назар солинса, у аллақачон мағлуб бўлган», дейди Левус.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сиз бизга 2022 йил апрелдан бери Россияда ўқ-дорилар йўқлигини айтмоқдасиз. Бутун дунё бўйлаб қурол излаб югураётган Россия эмас, Украина ҳар бир конгрессдан қурол ва пул сўраб юрибди. Ҳозирда NYT маълумотларига кўра, Пентагон Украинага қийинчилик билан ўқ-дори етказиб бермоқда, ҳатто уларни Исроил омборларидан Украинага жўнатмоқда. Менимча, бу Кремлга унчалик ёқмайди. Исроил катта хатога йўл қўйди

Жавоб бериш

Украинанинг бутун энергетика тизимини йўқ қила олишмади.

Жавоб бериш