Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитой мудофаа сарф-харажатларининг ошганини оқлаш учун ташвиқотни ишга солмоқда

Руою

Хитойнинг ҳарбийлашган полицияси 10 апрел куни Шанхайдаги Бунд соҳилбўйида қўриқчилик қилмоқда. [Ҳектор Ретамал/AFP]

Хитойнинг ҳарбийлашган полицияси 10 апрел куни Шанхайдаги Бунд соҳилбўйида қўриқчилик қилмоқда. [Ҳектор Ретамал/AFP]

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги пайтларда Хитойнинг мудофаа харажатларини кескин оширгани ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида тобора кучайиб бораётган тажовузкор ҳаракатлари бошқа мамлакатларнинг ўз мудофаа харажатларини оширишига сабаб бўлиб, минтақада қуролланиш пойгаси ва кескинликни келтириб чиқарган.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши эълон қилган бюджет лойиҳасига кўра, Хитойнинг 2023 йилги мудофаа бюджети 1,55 триллион юанга (тахминан 224 миллиард доллар) етади.

Бу ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга кўп бўлиб, 2019 йилдан бери ҳарбий харажатларнинг энг юқори йиллик ўсиши ва ҳукуматнинг ЯИМ ўсишига оид 5 фоизлик мўлжалидан анча юқори.

Ушбу кескин ўсиш Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг кўплаб иқтисодий муаммоларга қарамай, ҳамон иқтисодиётдан кўра ҳарбий харажатларга устуворлик бераётганини англатади.

Хитой халқ озодлик армиясининг (ХОА) J-20 кўзга кўринмас қирувчи самолёти Хитойнинг Чжухай шаҳрида Airshow China 2022 кўргазмасида иштирок этмоқда, 8 ноябр. [CNS/AFP/China Out]

Хитой халқ озодлик армиясининг (ХОА) J-20 кўзга кўринмас қирувчи самолёти Хитойнинг Чжухай шаҳрида Airshow China 2022 кўргазмасида иштирок этмоқда, 8 ноябр. [CNS/AFP/China Out]

Бироқ, Пекин ҳарбий ҳукмронликни кенгайтиришга оид ниятларини жиловлашга уринар экан, ўзининг ҳудудий тажовузидан диққатни чалғитиш учун тарғибот машинасидан фойдаланмоқда.

Хитойнинг даъво қилаётган ҳарбий харажатлари ва унинг имкониятлари ўртасидаги боғлиқлик ноаниқ, деб хабар берган Вашингтондаги стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази 2022 йилда.

«Расмий маълумотларда ҳарбий соҳага оид қатор харажатлар, жумладан айрим ҳарбий тадқиқотлар ва ишланмалар, Хитойнинг фазовий дастури, мудофаа сафарбарлигини молиялаштириш, айрим бўлинмалар томонидан ишлаб чиқарилган ортиқча озиқ-овқат ёки ернинг рухсат этилган савдоси, коллеж талабалари учун ишга ёллаш бонуслари ва вилоятлар ҳарбий базаларидан фойдаланиш харажатлар инобатга олинмаган», деб таъкидлайди CSIS.

Хитойнинг тажовузкорлиги

Хитой йил сайин ўз ҳарбий экспансияси ва армияси модернизациясини кучайтирар экан, унинг осиёлик қўшнилари, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари уни яқиндан кузатиб бормоқда ҳамда стратегик мақсадлари ва ҳарбий ҳозирлигидан хавотир билдирмоқда.

Эътиборлиси, Хитойнинг 17 та бошқа мамлакат билан ҳудудий низолари мавжуд, деб хабар берган эди «The Week» ўтган йили. Ҳатто иттифоқчиси бўлмиш Шимолий Корея билан ҳам муаммолари бор.

Хитойнинг ҳарбий ҳозирлиги Ҳинд-Тинч океани минтақасига, хусусан, Тайван, Япония ва жануби-шарқий Осиёга таҳдидни кучайтиришга қаратилган, деб айтган Токио университети қошидаги Осиё бўйича илғор тадқиқотлар институти профессори Ясухиро Мацуда 7 март куни «Америка Овози» радиосига.

Хитойнинг ўзини Қўшма Штатлар билан қайта-қайта таққослаши иккинчи йирик иқтисодиётнинг дунёда ҳукмронлик қилиш мақсади борлигини англатади, дейди у.

Душанба (10 апрел) куни Хитой Тайван атрофида уч кунлик ҳарбий машғулотларни якунлаганини эълон қилди. У мақсадли нишонларга зарба бериш стимуляцияси ва ўз-ўзини бошқарувчи орол қамалини машқ қилиш билан ўз қудратини намойиш қилган.

Тайван – Пекин ўзиники деб даъво қиладиган, ўз-ўзини бошқарувчи демократик орол.

Хитойнинг учта жанговар кемаси жума куни Тайван атрофидаги сувлардан сузиб ўтган бўлса, жанговар самолёт ва сувости кемасига қарши вертолёт оролнинг ҳаво мудофааси идентификация ҳудудини (ADIZ) кесиб ўтган.

Ўтган йил август ойида Хитой йиллар давомидаги энг йирик ҳарбий қудрат намойиши ўлароқ, Тайван атрофида жанговар кемалар, ракета ва жанговар самолётларни жойлаштирган эди.

2022 йилда Хитой Тайваннинг ADIZ ҳудудига 1727 та самолёт юборган, дейилади Тайван миллий мудофаа вазирлигининг кундалик хабарларига асосланган AFP маълумотлар базасида.

Бу рақамлар 2021 йилда 960 та ва 2020 йилда 380 тани ташкил этган.

Бу орада Пекиннинг Жанубий Хитой денгизи катта қисмидаги соҳилбўйи ресурсларига нисбатан даъволари ноқонуний деб кўрилади.

«Пекин Жанубий Хитой денгизидаги Жануби-Шарқий Осиё соҳилбўйи давлатларининг суверен ҳуқуқларига путур етказиш, уларни соҳилбўйи ресурсларидан ва юк ташиш йўлакларидан сиқиб чиқариш, бир томонлама ҳукмронлик ўрнатиш ва балиқчиларни тирикчилик воситасидан маҳрум қилиш учун тажовуз йўлидан фойдаланмоқда», деб маълум қилган АҚШ Давлат департаменти.

Хитойнинг Японияга нисбатан тажовузи ҳам тобора кучаймоқда.

Япония соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, Хитой соҳилни қўриқлаш хизмати кемалари 2021 йилда Шарқий Хитой денгизидаги Сенкаку (Хитойда Дяоюйдао деб танилган) ороллари яқинидаги Япония ҳудудий сувларига 34 марта бостириб кирган, деб хабар берган Inquirer.net 2022 йил феврал ойида.

2 апрел куни Хитойнинг учта соҳилни қўриқлаш кемаси Сенкаку ороллари яқинидаги Япония ҳудудий сувларида ҳудудни тарк этишидан аввал рекорд даражада – 80 соату 36 дақиқа қолиб кетди, деб хабар берган японлар.

Бу Япония ҳукумати оролларни 2012 йилда давлат назоратига олганидан кейин Хитой кемаларининг бостириб кириши билан боғлиқ энг узоқ муддат ҳисобланади, деб хабар берган Япониянинг Kyodo News нашри.

Бунга жавобан Япония ҳукумати бир неча ўн йиллар давомида ҳарбий харажатлар чекловини бузиб, 2023 йил учун мудофаа бюджетини икки мартага ошириб, 6,8 триллион иенага (51 миллиард АҚШ доллари) етказган.

«Япония атрофидаги мамлакатлар ва минтақалар томонидан статус-квони бир томонлама куч билан ўзгартириш уринишилари юз берди ва Япония бундай ўзгаришларга жавоб бериш учун ҳам ҳарбий, ҳам дипломатик кенг кўламли чораларни кўради», деб айтган бош вазир Фумио Кисида.

ХОАнинг рационал кенгайиши

Хитойда қатъий назорат ва цензура остида бўлган ижтимоий тармоқлар сайтларидаги Халқ озодлик армияси (ХОА) харажатларининг муҳокамасида уларнинг ҳажми минималлаштирилмоқда.

Хитой ҳукумати мудофаа харажатларининг ўсгани билан боғлиқ хабарларнинг аҳамиятини пасайтириб, бу гап-cўзларни Ғарбнинг «провокацияси» деб атаяпти.

Хитой коммунистик партиясига (ХКП) қарашли инглиз тилидаги China Daily газетаси, мамлакатнинг ҳарбий харажатлари ошгани ҳақидаги танқидларга жавобан бюджетни «нотўғри талқин қилинмасликка» чақирган.

Газета Ғарб давлатларини қўш стандартларда айблар экан, уларнинг ўзи эҳтимолий таҳдидларга қарши туриш учун мудофаа харажатларини ошириб, Хитойни Ҳинд-Тинч океани минтақасида АҚШ етакчилигига қарши чиқишда айблаётганини билдирган.

«Халқаро ҳамжамият Хитойнинг мудофаа бюджетига хотиржамлик ва тўғри тушуниш билан муносабатда бўлиши зарур», дейилади хабарда.

Аммо Хитойнинг тажовузкор ҳарбий ўйинлари ҳамда Тайван ҳаво ҳудудига ва қўшни мамлакатларнинг ҳудудий сувларига бостириб кириши «хотиржам» реакцияни келтириб чиқариши даргумон.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500