Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Тожик талабаларининг оммавий калтакланиши Россиядаги Марказий Осиёликлар билан боғлиқ воқеликни акс эттирмоқда

Салим Жобир

Москвадаги ҳудудни қўриқлаётган россиялик полициячилар, 2019 йил. [Василий Максимов/AFP]

Москвадаги ҳудудни қўриқлаётган россиялик полициячилар, 2019 йил. [Василий Максимов/AFP]

ДУШАНБЕ – Россиянинг Узоқ Шарқидаги университет талабаларининг оммавий калтакланиши Россия жамияти Марказий Осиёликларга нисбатан қандай муносабатда эканини яна бир бор эслатар экан, тожикистонликлар бу ҳодисага ғазаб ва хавотир билан муносабат билдиришмоқда.

Кўп сонли хабарларга кўра, 19 май куни Россиянинг ОМОН махсус кучлари ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Хабаровск ҳудудидаги Комсомолск-на-Амур давлат университети ётоқхонасига бостириб кириб, 100 дан ортиқ тожикистонлик талабани калтаклаган.

Университетнинг ўзи бошқача баёнот берган – ўнлаб йиллардан бери Россиянинг воқеликни яшириш одатидан хабардор бўлган тожикистонликлар уни рад этишган.

Ушбу можаро тожикистонлик талабалардан бири терроризмни молиялашда айбланиб ҳибсга олиниши ортидан миграция идораси уларнинг ҳужжатларини текшираётганида юз берди. Бу ҳақда университет ректори маълум қилган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) 23 май куни.

Комсомолск-на-Амур давлат университети, санасиз сурат. 19 май куни Россиянинг ОМОН кучлари ётоқхонага бостириб кириб, 100 дан ортиқ тожикистонлик талабани калтаклагани Тожикистон аҳолисининг ғазаби ва нафратига сабаб бўлган. [Комсомолск-на-Амур давлат университети]

Комсомолск-на-Амур давлат университети, санасиз сурат. 19 май куни Россиянинг ОМОН кучлари ётоқхонага бостириб кириб, 100 дан ортиқ тожикистонлик талабани калтаклагани Тожикистон аҳолисининг ғазаби ва нафратига сабаб бўлган. [Комсомолск-на-Амур давлат университети]

Москвада ойна ортилган аравани тортаётган қурилиш ишчиси, 2019 йил, 19 сентябр. Марказий осиёликлар Россияда энг оғир ишларни бажаришдан ташқари, Россия университетларида таҳсил оладилар, аммо камситиш, ҳақорат ва полиция зўравонлигига дуч келадилар. [AFP/Юрий Кадобнов]

Москвада ойна ортилган аравани тортаётган қурилиш ишчиси, 2019 йил, 19 сентябр. Марказий осиёликлар Россияда энг оғир ишларни бажаришдан ташқари, Россия университетларида таҳсил оладилар, аммо камситиш, ҳақорат ва полиция зўравонлигига дуч келадилар. [AFP/Юрий Кадобнов]

Бироқ Озодлик радиосининг тожик хизмати ижтимоий тармоқлар ва турли веб-сайтларда тарқалган аноним манба хабарига таяниб маълум қилишича, ОМОН ва ФСБ ходимлари тожикистонликларнинг ҳужжатларини текшириш учун ярим тунда ётоқхонага қўққисдан бостириб кириб, уларни калтаклаган.

Манбага кўра, ҳужум қилганлар «кузатув камераларини» аввалдан ўчириб қўйишган, бу эса ҳужумнинг қасддан уюштирилганини кўрсатади.

«Эҳтимол, бу рейд тожикларни қўрқитиш ва ўз жойини кўрсатиб қўйиш учун ўтказилган бўлиши мумкин», дейди тожикистонлик сиёсатшунос Абдумалик Қодиров Карвонсарой билан суҳбатда.

Озодлик манбаси тожикистонликлар бошдан кечирган қўрқув ва чорасизлик ҳиссини тасвирлаб берди.

«Полициячилар ниқоб таққан, тўппонча ва электрошокерлар билан қуролланган эди», деди манба. «Нима учун калтаклашаётганини сўраган ҳар бир киши қўшимча зарба еди».

Озодлик радиоси тожик хизматининг 24 май кунги хабарига кўра, 100 дан ортиқ тожикистонлик талаба яраланган, айримларининг жароҳати оғир.

Ётоқхонада ўтказилган рейддан сўнг полиция бутун Россия бўйлаб кўп сонли тожикистонлик меҳнат мигрантларини ҳибсга олган.

Натижасиз эътироз

Россияда бундай ҳуқуқбузарликлар одатда эътиборсиз қолдирилса-да, Тожикистон расмийлари воқеага ғазабнок муносабат билдирганлар.

Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода россиялик ҳамкасби Владимир Колоколцевга телеграмма йўллаб, ушбу масалани зудлик билан тергов қилишни сўраган. Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги эса Россия элчисини ўз ҳузурига чақиртирган.

БМТнинг Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Умед Бобозода Россия омбудсмани Татьяна Москалковадан Комсомолск-на-Амурдаги калтаклаш ва меҳнат мигрантларининг оммавий ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳодисага ойдинлик киритишни сўраган.

Тожикистон университет ректорининг полиция ва талабалар ўртасида жанжал келиб чиққани ҳақидаги баёнотини рад этгани инобатга олинса, тожикистонликларда нега ОМОН ва ФСБ ходимлари ухлаётган талабалар билан тўла ётоқхонага бостириб кирганига ҳайрон қолишдан бошқа чора йўққа ўхшайди.

Бундай ҳужум «юқоридан буйруқсиз амалга оширилмайди», деди тожикистонлик сиёсатшунос Бахтиёр Ҳамдамов Карвонсаройга.

Россияда хавфсизлик хизмати ва полициячилар «мигрантлардан, айниқса Марказий Осиёликлардан» доим пул ундириб келган, дейди у.

Улар ҳозир тажовузини кўрсатмоқда, чунки сўнгги йилларда «етарлича пора ололмаган», деди у.

2020 йилда бошланган пандемия ва унинг оқибатидаги карантин мигрантлар даромадини кескин камайтирган.

Тийиқсиз расизм

«Неонацизмга мойил» полициячилар мутаассиб россиялик сиёсатчиларнинг қўлловини ҳис қилади, дейди Ҳамдамов.

Бу каби сиёсатчилар орасида парламентдаги «Адолатли Россия» фракцияси раҳбари Сергей Миронов ҳам бор – у Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилмаган Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини ўрнатиш тарафдори.

«Сиёсий доираларда миллатчилик кучайгани аниқ, бу депутатларнинг мамлакатни Марказий Осиёликлардан ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида тез-тез баёнот беришига сабаб бўлмоқда», дейди тожикистонлик сиёсатшунос ва «Дайжест» газетаси бош муҳаррири Сирожиддин Иззатуллоев.

«Миллатчилик нацизмга яқин тушунча», деб қўшимча қилди у.

«Афсуски, кўпчилик россияликлар ксенофобия касалига чалинган», дейди россиялик журналист Игор Ротар Карвонсаройга. «Қизиғи шундаки, улар дастлаб яҳудийларни ёмон кўришган, аммо ҳозир «қоралардан» нафратланишади.»

Чоп этилган сўнгги материалларга назар солинса, оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар русларни тожиклардан нафратланиш ва жирканишга ундайди. Мигрантлар ҳақидаги ҳикояларда тожиклар наркофуруш, террорчи, экстремист ёки рецидивист ўлароқ гавдалантирилади.

«Царьград» веб-сайтида Комсомолск-на-Амурдаги калтаклашлар ҳақидаги мақола остида фикр-мулоҳаза қолдирган руслар очиқ-ойдин ўз нафратини изҳор этган.

«Улар бутун Россия бўйлаб гиёҳванд моддалар сотишади», деб ёзади Ольга Ванюшкина исмли фойдаланувчи.

«Бизга фақат жамиятнинг чиқиндилари келяпти», деб ёзган Алексей Пялкин.

Россиядаги мигрантлар қанчалик оғир ишларни қилиши инобатга олинса, тожиклар бундай муносабатни ношукурлик деб ҳисоблайдилар.

«Тожикистонликлар руслар учун қанча уйлар қуриб бераётгани, тожик шифокорлари қанча беморни даволаётгани, Россия шаҳарларининг тоза ва обод бўлиши учун кимлар ифлос ёки қора ишлар билан шуғулланаётгани, Тожикистон Россияга қанча мева-сабзавот ёки мамлакат саноатига ҳар йили қанча миқдорда тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериши россиялик журналистларни қизиқтирмайди», дейди Хўжандда туғилган меҳнат мигранти Шарифжон Салимов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Илк сафарбарлик эълон қилиниб, кўплаб россияликлар Тожикистонга қочганида, тожиклар ўз квартираларини текинга таклиф қилганига шахсан гувоҳман», деди у ўтган йил сентябр ойида Россия президенти Владимир Путиннинг Украинада жанг қилиш учун 300 минг аскарни сафарбар қилиш ҳақидаги буйруғини назарда тутиб. «Лекин улар бизга хизматкордек муносабатда бўлишади.»

Россиядаги тожикистонлик талабаларнинг ота-оналари фарзандларининг хавфсизлигидан ташвишга тушган.

«Фарзандларимиз у ерда қулай шароитларда яшаш ва кейинчалик ишлаш учун қолишни ўйлаб, Россия университетларини танлашган. Энди эса улардан хавотирдамиз», деб айтган фарзандлари Сибирда таҳсил олаётган исфаралик Қобила Пулатова Карвонсарой нашрига.

«Шунча кундан бери кечалари ухламадим, хавотирдаман. Албатта, ўғлим университетни битириб ватанига қайтмагунича, хавотирим тугамайди», деб айтган Исфарадан Гулчеҳра Маликова.

Россия Тожикистонни қўрқитиб қўймоқчи

Украинада даҳшатли хатога айланган уруш ва ҳаддан ташқари кўп қурбонлардан азият чекаётган Россия ҳукумати ўз хатоларини бошқаларнинг ҳисобидан қопламоқчи, дейди тожикистонлик кузатувчилар.

Тожик мигрантларнинг иш берувчиси бўлмиш Россияга қарам ва ночор Тожикистон бунга мос келади.

Декабрдан бери 20 мингдан ортиқ россиялик аскар ва жангарилар Украинада ҳалок бўлган, деб тахмин қилган АҚШ ҳукумати 1 май куни.

Тўп еми излаётган россиялик расмийлар учун Россия фуқаролигини қўлга киритган Марказий Осиёликлар жозибадор нишон бўлиб кўринмоқда.

Улар янги келганларни фуқаролик имтиёзларидан фойдаланиб, унинг жавобгарлигидан қочаётганлар сифатида кўради, дейди сиёсатшунос Қодиров. Ўз юртини ҳимоя қилиш эмас, бегона ҳудудларни босиб олишни кўзлаган урушга жуда кам одам ўз ихтиёри билан боришини бу расмийлар тушунишни истамайди, деб қўшимча қилади у.

Ётоқхонадаги калтаклаш ва бошқа жойларда мигрантларнинг қўлга олиниши Россиянинг измидан четлашгани учун Тожикистон тўлаётган бадал бўлиши мумкин, дейди айрим кузатувчилар.

Россия Тожикистонга «бошқа қудратли давлат, ҳатто унинг иттифоқдоши Хитой томонга интилиш яхшиликка олиб келмаслигини билдириб қўймоқчидек», дейди Қодиров.

Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонни бу даражада таҳқирлай олмайди, аммо унга буткул қарам Тожикистонга зўравонлик қилиб, уни ўрнак сифатида кўрсатиши мумкин, деб айтган Қодиров.

«Тушунишимча, оммавий калтаклаш ЕОИИ учрашуви арафасида юз берган», деди тожикистонлик сиёсатшунос Бахтиёр Шеров Тожикистон ҳамон аъзо бўлмаган Россия етакчилигидаги блокни назарда тутиб.

Сўнгги кунлардаги тожикларга қарши зўравонликлар «мигрантларнинг чиқариб юборилиши ва тожикистонлик ёшларнинг университетда ўқиши тақиқланиши натижасида мамлакатда юз бериши мумкин бўлган вазият ҳақида яна бир эслатмадир», деб қўшимча қилган у.

Марказий Осиё давлатлари Россияга қарамликдан халос бўлиши керак, деб айтган Қодиров. «Бунинг учун ўзаро интеграция жараёнини кучайтириш ва янги меҳнат бозорларини топиш зарур.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Шарқ одамлари меҳмондўст, аммо афсуски, Марказий Осиёнинг барча минтақалари деярли бутунлай Россияга қарам. Бироқ, аста-секин ҳаммаси ўз ҳолига қайтади. Биз тожикистонликлар Божхона иттифоқига аъзо бўлмасдан, барча талабаларимиз ва мигрантларимизни ватанимизга чақиришни истардим. Россия бизга дўст эмас ва бу исботланган. Улар билан африкаликлар ишласин.

Жавоб бериш