Карвонсарой
Хавфсизлик

Вагнер раҳбари Москвани Украинанинг қарши ҳужумдаги муваффақиятларини яшираётганликда айблади

AFP ва Карвонсарой

Донецк вилоятининг яқинда озод қилинган Сторожево қишлоғида вайрон қилинган машина ёнидан ўтиб кетаётган украиналик ҳарбий хизматчи, 21 июн. [Женя Савилов/AFP]

Донецк вилоятининг яқинда озод қилинган Сторожево қишлоғида вайрон қилинган машина ёнидан ўтиб кетаётган украиналик ҳарбий хизматчи, 21 июн. [Женя Савилов/AFP]

Чоршанба (21 июн) куни «Вагнер» ёлланма гуруҳи раҳбари Москванинг олий ҳарбий раҳбариятини Украина ҳужумининг бориши ҳақида россияликларга ёлғон маълумот бераётганликда айблаб, Киевнинг жанг майдонидаги муваффақиятларини зикр қилди.

Шу ой бошида Киев ҳарбийлари ўтган йилдан бери бой берилган ҳудудларни қайтариб олиш мақсадида Ғарб қўлловида мамлакат шарқи ва жанубида қарши ҳужумларни бошлади.

Россия президенти Владимир Путин Украинанинг ҳужуми муваффақиятсизликка учраганини бир неча бор такрорлаган.

Аммо ёлланма аскарлари бир неча ой давомида Украина шарқидаги шаҳарлар, жумладан Бахмутга ҳужум уюштирган «Вагнер» бошлиғи Евгений Пригожин Россия мудофаа вазирлигини ҳақиқатни яширишда ва Украина қўшинларига ҳудудларни бой бераётганликда айблади.

«Улар Россия халқига ёлғон гапирмоқда», деди у ўз вакили томонидан тарқатилган аудиомурожаатда.

«[Мудофаа вазири Сергей] Шойгу ва [Бош штаб бошлиғи генерал Валерий] Герасимовнинг ёндашуви оддий: ёлғон даҳшатли даражада катта бўлиши керак, шунда [руслар] унга ишонишади. Улар айнан шундай қилишяпти», деди у.

Бир қатор қишлоқлар, жумладан, Пятихатки ҳам бой берилган, деди Пригожин қурол ва ўқ-дорилар етишмовчилигига ишора қилиб.

«Улкан ҳудудлар душманга бой берилди», деди у Украина қўшинлари Днепр дарёсини, яъни фронт чизиғидаги табиий чегарани кесиб ўтишга аллақачон уриниб кўрганини қўшимча қилиб.

«Буларнинг барини ҳаммадан яширишмоқда», деди 62 ёшли эркак.

«Бир кун келиб Россия уйғонганида, Қрим украиналиклар қўлига ўтиб кетган бўлади», деди у.

Киев Россиянинг мустаҳкам позицияларига қарши курашнинг дастлабки эҳтиёткор босқичларида саккиз аҳоли пунктини қайтариб олиб, камтарона ютуқларга эришгани ҳақида хабар берди.

Чоршанба куни Путин Украина қўшинлари «жиддий йўқотишлар»га учраганини яна бир бор таъкидлар экан, фронтга «маълум бир сукунат» чўкканини айтди.

Давом этаётган адоват

Бу орада Россиянинг мунтазам армияси ва уни хоинликда айблаган «Вагнер» ёлланма жангарилар гуруҳи ўртасидаги зиддият кучайиб бормоқда.

Гуруҳ Москванинг Украина шарқидаги Бахмут шаҳри томон юришига бошчилик қилган ва май ойи охирида қайноқ нуқтани эгаллаб олганини даъво қилганидан сўнг, Кремл билан очиқдан-очиқ келиша олмай қолган эди.

Пригожин, шунингдек, Мудофаа вазирлигини гуруҳнинг Бахмутдаги жанговар ҳаракатларига хоинлик қилгани учун қоралар экан, Россия армиясини гуруҳга бир неча бор ва атайин етарлича артиллерия снарядлари бермаганликда айблади.

Вагнер гуруҳи ва унинг жанговар қанотларини кучайтириш учун ваъда қилинган «ўн минглаб» қўшинлар ўрнига, армия бир неча ўнта қўшин юборди холос, деб қўшимча қилди у.

4 май кунги асабий видеомурожаатида Пригожин шунингдек, Украинада «ўн минглаб» россиялик жангчиларнинг ўлиши ва яраланишида Россия армияси бошлиқларини айблади.

Ушбу улкан талафотларда «бизга ўқ-дори бермай қўйганлар, яъни мудофаа вазири (Сергей) Шойгу ва бош штаб бошлиғи (Валерий) Герасимовлар айбдор», деди у.

«Улар ўн минглаб ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг оналари ва фарзандлари олдида жавоб берадилар. Мен бунга эришаман», деб айтган у.

Путиннинг 9 май Ғалаба кунидаги нутқи билан бир вақтда эълон қилган мурожаатда Пригожин Россия қўшинларини Бахмут яқинидаги позицияларини ташлаб қочишда айблаган.

«Уларнинг бари фронтни ташлаб қочиб кетди», деди у ва аскарлар «жиноий буйруқларни» берган Россия армияси қўмондонларининг «аҳмоқлиги» туфайли қочиб кетганини айтди.

«Аскарлар ўз раҳбариятининг аҳмоқлиги туфайли қурбон бўлмаслиги керак.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияда фуқаролар урушининг бошланиши!

Жавоб бериш

Тизим бузилди.

Жавоб бериш