Карвонсарой
Хавфсизлик

«Вагнер» Беларус билан чегарадаги машғулотларга қўшилди, Полша ва Литва хавфсизликни кучайтирмоқда

Ольга Чепил

Беловеса шаҳри яқинидаги Польша-Беларус чегара девори бўйлаб қўриқчилик қилаётган поляк чегарачилари, 29 май. [Войтек Радвански/AFP]

Беловеса шаҳри яқинидаги Польша-Беларус чегара девори бўйлаб қўриқчилик қилаётган поляк чегарачилари, 29 май. [Войтек Радвански/AFP]

КИЕВ – Сўнгги ҳафталарда Польша ва Литвани Белоруссиядан ажратиб турувчи чегарада кескинлик кучаймоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, «Вагнер» гуруҳи бу ерда Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари учун мислсиз хавф туғдирмоқда.

Россия ёлланма гуруҳи жангчилари Польша билан чегарадан бор-йўғи 13 км узоқликдаги Брест полигонида Беларус махсус қўшинлари билан қўшма машғулотлар ўтказмоқда.

Сешанба (1 август) куни Каменец туманидаги Беловеж аграр ҳудуди аҳолиси билан учрашувда ушбу машғулотлар ҳақида сўзлаган Беларус раҳбари Александр Лукашенко Полшанинг хавотирлари «асоссиз» эканлигини айтди.

Вагнер гуруҳи жангчилари ҳеч қандай хавф туғдирмайди, деди у.

2022 йилнинг 7 июл куни Польша ва Литва президентларининг матбуот анжумани вақтида Беларус ва Калининград (Россия) ўртасида жойлашган Польша-Литва чегарасининг Сувалки йўлагида турган полшалик аскарлар. [Войтек Радвански/AFP]

2022 йилнинг 7 июл куни Польша ва Литва президентларининг матбуот анжумани вақтида Беларус ва Калининград (Россия) ўртасида жойлашган Польша-Литва чегарасининг Сувалки йўлагида турган полшалик аскарлар. [Войтек Радвански/AFP]

Польша бош вазири Матеуш Моравецки 29 июл куни Гливицедаги матбуот анжуманида Вагнер гуруҳи жангчиларининг Сувалки йўлаги томон ҳаракатланишини «Польшага қарши гибрид ҳужум сари қадам» деб атаган.

Сувалки йўлаги Польша-Литва чегараси бўйлаб ўтади ва Беларусни Россиянинг Калининград вилояти билан боғлайди, бу – Россия қўшинлари Калининградга йўл очиш мақсадида зарба бериши мумкин бўлган асосий ҳудудлардан биридир.

«Вагнер» ёлланма аскарларидан хавотирга тушган Литва ўтган жума куни Беларус билан чегарадаги олтита ўтиш пунктидан иккитасини ёпишини эълон қилди.

«Биз иккита назорат-ўтказиш пунктини ёпиш тўғрисида қарор тайёрлаяпмиз», деди Литва ички ишлар вазири ўринбосари Арнольдас Абрамавичус AFPга Сумско ва Тверецяус пунктларини ёпилишини маълум қилиб.

Беларусда 4000 ёлланма аскар бор

Литва ва Польша раҳбарлари ўтган ҳафтада Беларусда 4000га яқин ёлланма аскар жойлаштирилганини айтган эди.

Вагнер жангчилари мигрантлар қиёфасида чегарани кесиб ўтишга уриниши ёки бошқа провокацион ҳаракатларни амалга ошириши мумкинлиги сабаб иккала мамлакат ҳам Беларус билан чегарани бутунлай ёпиш тўғрисидаги қўшма қарорни муҳокама қилмоқда.

Абрамавичуснинг айтишича, икки назорат пунктига оид қарор Литва «исталган пайт чегарани бутунлай ёпишга тайёр бўлиши» кераклиги сабабли қабул қилинмоқда.

Польша ҳам, Литва ҳам Минск ва Москвани 27 мамлакатдан иборат иттифоқни беқарорлаштириш мақсадида ЕИ мигрантлар оқимини уюштиришда айблаб, Беларус ва Россия билан чегарада девор барпо қилган.

Беларусда жойлаштирилган Вагнер гуруҳи жангчилари мамлакат мунтазам армияси ва ички қўшинлари орасида тақсимлангани айтилади.

Аммо уларнинг сони Сувалки йўлагини ёриб ўтиш учун етарли эмас, дейди таҳлилчилар.

«Сувалки йўлагига ҳеч қандай таҳдид йўқлигини аниқ айта оламан», деди собиқ беларуслик ҳарбий, «Belarus 2.0: Робимо Разом» нодавлат ташкилоти раҳбари, Киевда яшовчи Сергей Булба.

Бундай эҳтимол «воқеликдан йироқ», деди у. «Вагнер жангчиларида ҳеч қандай оғир қуроллар йўқ».

«Очиғини айтганда, уларга ҳеч ким кўмаклаша олмайди, чунки бир йил аввал мавжуд бўлган Калининград бўлинмаси ҳозирда деярли ҳеч бир иш қилмай, Украинада қора тупроқни ўғитлаб ётибди», деб қўшимча қилди у.

Польша хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда

Ўтган сешанба куни чегара яқинида ўтказилган ҳарбий машғулотлар вақтида Беларуснинг икки вертолёти Польша ҳаво ҳудудига ўтган.

Ушбу ҳодисага жавобан Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчак чегарадаги аскарлар сонини ошириш, қўшимча куч ва ресурслар, жумладан жанговар вертолётлар ажратишни буюрган.

Польша ушбу ҳодиса ҳақида НАТОга хабар берган.

Июл ойи охирида Польша ўз қуролли кучлари сонини деярли икки баравар оширишни режалаётганини эълон қилган, ҳозирда уларнинг сони 172 мингдан аскардан ошади.

«Польша ўз чегарасида хавфсизликни кучайтирган», дейди Илько Кучерив демократик ташаббуслар жамғармасининг халқаро хавфсизлик бўйича таҳлилчиси, сиёсатшунос Тарас Жовтенко.

У «имкон қадар тезроқ жавоб чорасини кўриш учун» алоҳида ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларни чегара томонга силжитган.

«Шунингдек, НАТО ушбу янги гибрид таҳдидларни инобатга олиб, иттифоқчи бўлинмалар, биринчи навбатда АҚШ ҳарбийлари ҳисобига Польшанинг мудофаасини кучайтирди», деб қўшимча қилди Жовтенко.

Таҳдидлардан ҳимоя

АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, Америка миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби ўтган сешанба куни «Вагнер» гуруҳи жангарилари НАТО учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, деб айтган.

«Биз Вагнер тарафидан Польшага ёки НАТОдаги иттифоқчиларимизга қандай таҳдид борлигини билмаймиз. Буни диққат билан кузатиб боряпмиз», деди у.

Шу билан бирга, таҳлилчиларнинг айтишича, Вагнер Беларусда бевосита ҳарбий амалиётлар эмас, балки фақат гибрид операциялар ўтказиш салоҳиятига эга.

«Польша ўз мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлаш билан тўғри иш қиляпти», дейди Украинанинг келажак институти таҳлилчиси, Украина хавфсизлик хизматининг (СБУ) собиқ зобити Иван Ступак.

«Кремл исталган сценарийни амалга ошириши мумкин: саботаж, польшалик чегарачиларни ўғирлаш, чегарадаги деворни бузишга уриниш ва Польшага мигрантлари оқимини йўналтириш», деди у.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, «Вагнер» жангарилари Ғарб қуроллари Украинага етказиладиган йўлларга ҳам зарба бериши мумкин.

«Бир ой аввал Польша контрразведкаси Украинага Ғарб давлатларининг қуроллари етказиб бериладиган транспорт ва логистика йўналишларига зарба беришни режалаган россиялик агентлар тармоғини қўлга олди», дейди Жовтенко.

«Вагнер жангчилари ҳам шундай вазифаларни амалга ошириши мумкин.»

Ўтган жума куни Польша расмийлари Михаил А. исмли беларуслик ҳибсга олинганини эълон қилди. У ҳарбий объектлар ва портларни кузатиш билан шуғулланган.

Польша чегарасига яқин эканлигидан ташқари, Беларусдаги Вагнер гуруҳи жангарилари ва Беларус армияси Украина чегарасидан бор-йўғи 40 км узоқликда жойлашган. Аммо таҳлилчиларга кўра, Беларуснинг Украинага ҳужум қилиш эҳтимоли кам.

«Беларус билан чегарада доимий тарзда Украинанинг 15-18 минг аскари жойлаштирилган» деб айтган «Belarus 2.0» лойиҳаси раҳбари Булба.

«У ердаги ҳудуд аллақачон истеҳкомга айланган», деб айтган у. «Уни бузиб ўтиш учун ҳозиргидан камида уч-тўрт баробар кўпроқ аскар керак бўлади, аммо беларуслар ва Вагнерда бунча одам йўқ.»

Польша ёки Украинага ҳужум қилиш учун қурол керак, деб айтган у.

Аммо, жангари гуруҳ аскарлари июн ойи охиридаги қисқа муддатли исёндан сўнг икки мингга яқин оғир техника ва жиҳозларни, жумладан, зирҳли автомобиллар, зенит-артиллерия мажмуаларини Россияда ташлаб кетишган.

«Уларда фақат 10 та зирҳли машина қолган, уларни Чекан деб аташади», деб айтган Булба. «Умуман олганда, уларда деярли ҳеч нарса қолгани йўқ.»

Ўғирланган машиналар ва дўконларни ўмариш

31 июлда олинган сунъий йўлдош тасвирларига кўра, ўтган чоршанба куни Озод Европа/Озодлик радиоси чоп этган суратларда Вагнер гуруҳи жангарилари Беларусдаги Репише полигонида истеҳком қураётганини кўриш мумкин.

Суратларда қурилиш ишлари, катта эҳтимол билан ертўла уйлар, миниавтобусга ўхшаган транспорт воситалари, бульдозерлар, шунингдек вагнерчилар Украинадан ҳайдаб келган енгил автомашиналарни кўриш мумкин.

«Вагнерчи жангари билан суҳбатлашган журналистларга кўра, жангарилар «ўлжа қилиб олинган машиналарни чегарадан олиб ўтиб, уларни рўйхатдан ўтказмоқда», деб айтган Булба украиналикларнинг машиналарини ўғирлаган вагнерчиларни назарда тутиб.

Беларусларнинг айтишича, вагнерчилар дўконларда ўғрилик қилишни бошлаган, деб қўшимча қилди у.

«Осиповичда дўконларни ўмаришаётгани ҳақида хабарлар келмоқда, Вагнер жангчилари шунга одатланган бўлса керак», деб айтган Булба Беларусдаги шаҳарчани назарда тутиб.

Беларус ҳукумати вагнерчилар ва уларнинг жойлашуви ҳақида лом-мим демаяпти, уларни суратга туширган ёки видеога олган фуқароларни ҳибсга олмоқда.

«Ҳатто бир ҳафта аввал Осиповичда Вагнер жангчилари колоннасини телефонга тасвирга туширган эркакни қўлга олишган», деб айтган Булба. «У ҳозир ҳибсда ва тўрт йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.»

Махфийликка қарамай, гуруҳ фаолиятини кузатиб борувчи «All Eyes on Wagner!» ташкилоти мутахассислари унинг Беларусдаги етакчисини аниқлашга муваффақ бўлишган.

Код-тахаллуси «Пионер» бўлган Сергей Чубко Вагнер гуруҳи етакчиси Евгений Пригожинга бўйсунади.

У асли Украинанинг Чернивци шаҳридан бўлиб, Россияга 1990-йилларнинг бошларида кўчиб ўтган ва 2017 йилда Вагнер сафига қўшилган, Сурияда жанг қилган, Марказий Африка республикасида хизмат қилган, деб хабар беради кузатувчи ташкилот.

Таҳлилчиларнинг айтишича, улар Вагнер гуруҳининг Белоруссиядаги фаолиятини кузатишда давом этадилар, чунки гуруҳ томонидан юзага келадиган хавфни паст баҳоламаслик керак.

«Вагнернинг бу қолдиқлари мукаммал гибрид воситасига айланди, чунки энди Россия президенти Владимир Путиннинг режими улардан истаганича фойдаланиши ва уларнинг Беларусда эканлиги боис, Москва билан қарийб ҳеч қандай алоқаси йўқ дейиши мумкин», деб айтган Жовтенко.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳа, Беларус чегарасида навбатдаги «тинчликсевар» машқларни кузатиш нақадар завқли. Ахир Шарқий Европа мамлакатлари учун чегарадан атиги 13 километр нарида Вагнер ёлланма аскарлари машғулотлар ўтказаётганини кўришдан тинчлантирувчироқ манзара бўлмаса керак. Лукашенконинг таъкидлашича, Польшанинг хавотирлари «асоссиз» ва вагнерчилар ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Албатта, Беларусдаги 4000 та ёлланма аскар шунчаки экскурсияга келган сайёҳлар, улар минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш режасининг бир қисми эмас. Россия ва Беларус мигрантларга ҳақидаги шунчалик қайғурадики, улар сунъий тарзда Европа Иттифоқига мигрантлар оқимини йўналтиради. Шубҳасиз, бу босим ва манипуляция уриниши эмас, балки инсонпарварликнинг энг юқори даражаси ва бошқаларга ғамхўрликдир. Шарқий Европа мамлакатларига ўз чегараларини мустаҳкамлашга, ҳарбийлари сонини оширишга ва доимий равишда «тинч» ниятларингизга эътибор қаратишга ёрдам бераётганингиз учун ташаккур. Сизнинг «нореал» таҳдидингиз ва «гибрид» усулларингиз шундоқ ҳам мураккаб дунёмизга янада кўпроқ ишонч ва хотиржамлик олиб келмоқда.

Жавоб бериш