Карвонсарой

Афғонистонда қолган сўнгги тожикистонлик маҳбуслар ватанига қайтарилди

Карвонсарой

КОБУЛ – Афғонистон ҳукумати афғон қамоқхоналарида қолаётган сўнгги саккиз нафар тожикистонлик маҳбусни ватанига топширди, деб хабар берди Озод Европа/Озодлик (RFE/RL) радиосининг тожик хизмати сешанба (2 июль) куни.

Тожикистон сўнгги саккиз маҳбусни ўтган ҳафта қабул қилиб олди, деди Тожикистоннинг Афғонистондаги элчиси Шарофиддин Имомов. Уларнинг қандай жиноят содир этганликлари ҳақида хабар берилмаган.

«Афғонистондаги қамоқхоналарда ватандошларимиз қолмади», деб айтган у RFE/RL радиосига.

Бунга жавобан Тожикистон ўз ҳудудидаги қамоқхоналарда сақланаётган 80 та афғонистонлик маҳбусни қайтаришга розилик берган, деди Имомов. Уларни «қай тарзда Афғонистонга етказиш масаласи» ягона муаммо бўлиб турибди.

Тожикистон террорчилар ва тожик чегарачиларга ўқ узган наркофурушлар каби жиддий жиноятлар содир этган афғонистонликлар қўйиб юборилмаслигини билдирган.

Душанбеда май ойида ўтказилган учрашувда Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тожикистондаги 90 дан ортиқ афғонистонлик маҳбусдан 80 тасини озод қилишга келишиб олганлар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500