2017-12-07 | Атроф-муҳит

Move Green ёшлар гуруҳи қирғизларга табиий офатларга тайёр туришда ёрдам беради

Аскер Султанов

АҚШ кўмагида ташкил этилган ёшлар экологик ҳаракати Қирғизистонда табиий офатлардан келиб чиқадиган хатарлар хавфини камайтириш устида ишламоқда.

Move Green (Яшиллик сари) гуруҳи 28-30 июн кунлари Ўш вилоятининг Қизил-Су қишлоғида ўқув машғулотларини ўтказди. [Move Green]

БИШКЕК -- Қирғизистон ёшларидан иборат Move Green экологик ҳаракати табиий офатларга ва бошқа фавқулодда ҳолатларга қарши яхшироқ курашишда аҳолига ёрдам бермоқда.

Ўқув машғулотларидан иборат дастурлар ва ҳушёрликни орттиришга қаратилган лойиҳалар Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонасининг ўзаро ҳамкорлиги маҳсулидир.

Жорий йил Қирғизистонда табиий офатлар натижасида қайд этилган ўлимлар сони рекорд натижани қайд этган. Вазирлик берган маълумотга кўра, инсон фаолияти сабабли юзага келган ва табиий офатлар натижасида 2017 йилнинг дастлабки 9 ойида 113 киши ҳаётдан кўз юмган.

Кўп миқдорда қор ва ёмғир ёғиши натижасида келиб чиққан нохуш ҳодисаларнинг асосий қисми мамлакатнинг жанубий ҳудудларида – 142 та ҳодиса Жалолобод вилоятида ва 89 та ҳодиса Ўш вилоятида юз берди, – деб хабар берди Карвонсарой билан суҳбатда вазирлик матбуот котиби Элмира Шерипова.

Қайд этилган 318 та фавқулодда ҳодиса 104 та қор кўчиши ва 67 та сел келиши каби ҳолатларни ўз ичига олди.

Табиий офатлардан келиб чиқадиган хатарларни бошқариш

АҚШ элчихонаси томонидан бир йил аввал ташкил этилган ва молиялаштириладиган Move Green гуруҳи табиий офатлар хатарини бошқариш тизимларини яхшилаш ва Қирғизистондаги қишлоқ аҳолисининг табиий офатларга тайёр туриш ҳамда уларга қарши курашиш салоҳиятини кенгайтиришни мақсад қилган, деди Move Green гуруҳи раҳбари Мария Колесникова.

Гуруҳ табиий офатлар кўп юз берадиган Ўш вилоятининг Қора-Су туманидаги қишлоқларда шу йил ёзда ўқув машғулотларини ўтказди, деди у.

"Қатнашчилар ўз қишлоқлари учун хавфли ва хавфсиз жойларни белгилаган ҳолда, хатарли нуқталар харитасини ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан бирга табиий офатлар вақтида қандай йўл тутиш кераклиги борасида ҳаракат режасини туздилар", – деди Карвонсарой билан суҳбатда Колесникова.

Мутахассислар 5-11 синфларда ўқийдиган 200 нафар ўқувчи ва 80 дан ортиқ катталарга, жумладан туман ҳокимияти ва маҳаллий кенгаш вакиллари, фуқаролар йиғинлари аъзолари, қишлоқ оқсоқоллари, вилоят ҳокимияти вакиллари ва шифокорлар учун ўқув машғулоти ўтказдилар, деди у.

Лойиҳа ташкилотчилари, шунингдек, қандай қилиб биринчи ёрдам кўрсатишни ва ярадорларни замбилда қай йўсинда ташиш кераклигини намойиш этиб бердилар, деди у. Қутқарувчилар гуруҳидаги ҳар бир кўнгиллига табиий офатларга тайёргарлик кўриш бўйича ўқув қўлланмаси тарқатилди.

"Биз қишлоқ туманлари ва маҳаллий мактаблар учун табиий офатлар вақтида нималар зарурлигини баҳолаган ҳолда, энг зарур тиббий анжомларни ажратдик", – деди Колесникова.

Ўқитувчиларни тайёрлаш

Move Green гуруҳи шунингдек Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бишкек шаҳри, Чуй ва Ўш вилоятларидаги ходимлари учун замонавий алоқа технологиялари бўйича ўқув машғулотлари ва "ўқитувчиларни тайёрлаш" машғулотларини ҳам ташкиллаштирди.

"Move Green ёшлар экологик ҳаракати аъзолари ўқитувчиларимизнинг салоҳиятини янада оширдилар", деди Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқароларни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва профессионал ривожлантириш марказида мутахассис бўлиб ишлайдиган Чинара Жумақодирова.

Move Green гуруҳи бизларнинг фаолиятимизни кузатди ва натижаларни таҳлил қилган ҳолда камчилик ва ютуқларимизни кўрсатиб берди", деди у Карвонсарой билан суҳбатда.

"Ундан ташқари, Move Green фуқаро муҳофазаси бўйича босма материаллар ва плакатларни тайёрлаб берди ва биз уларни мактаблар ва аҳоли ўртасида тарқатаяпмиз", деди у.

Move Green кўмагида биз қор кўчиши, зилзила ва сел хавфи мавжуд бўлган ёз ойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мавзусида тўртта видео лавҳа яратдик", деди Шерипова.

"Ушбу видеоларда одамлар фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракат қилишлари, қаерга қўнғироқ қилишлари кераклиги ҳақида гапирилади ва уларда одамлар бажариши керак бўлган ҳаракатлар батафсил кўрсатилган", деди у.

Ёшларнинг хабардорлигини ошириш

Move Green гуруҳи ташкилотчилари, шунингдек, 22-23 апрел кунлари Бишкек шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган икки кунлик экологик дебатлардан иборат "Яшил кубок" турнирини ўтказдилар ва унда Қирғизистоннинг турли университетлари ва Давлат ҳуқуқ академиясининг 84 нафар талабаси қатнашди.

Муҳокамалар марказидан ёшлар орасида хабардорликни оширишга кўмак берувчи ҳамда атроф муҳитга тегишлича муносабатни шакллантирувчи экологик мавзулар ўрин олди, деди Колесникова.

Шунингдек, Move Green гуруҳи ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари 15 апрел куни Бишкекдаги 21-сонли умумтаълим мактабида ҳам машғулотлар ўтказдилар.

"Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари террорчилик ҳужумларининг олдини олиш, зилзилаларга тайёргарлик кўриш ва ёнғин хавфсизлиги бўйича маърузалар ўқидилар", деди у.

Move Green ҳаракати ишчилари ва аъзолари турли хил ясама ҳолатларни юзага келтирдилар, ҳар бир ўқувчидан эса кўрсатилган қор кўчиши, зилзила, ёнғин, ярадорлик ва ҳ.к. ҳолатлардан келиб чиқиб, керакли ҳаракатларни бажариш талаб этилди", деди Колесникова.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 0

Фикрлар

* Мажбурий
Captcha
Асосий мақола
2017-11-24 | Хавфсизлик

Сурия ва Ироқдан қайтаётган Қозоғистонликларни қийинчиликлар кутмоқда

«Ислом давлати» мағлубият арафасида турган бир пайтда, гуруҳга аъзо бўлган Қозоғистонликлар ўз уйларига қайтадиган кўринади, уларни ватанларида аксил-террор чоралар кутмоқда.

Сўровнома

Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги исломий исёнларнинг Марказий Осиёда қўллаб-қувватланиши сустлашмоқда.

Натижаларни кўриш