| Технология

Қирғизистон «ҳимоясиз» қатлам бўлган ёшларни турли хил ташвиқотлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда

Улан Назаров


Қорқиз кийимидаги ёш аёллар Бишкек шаҳрида 2015 йил 31 декабр куни Янги йил арафасида ўтказилган парад вақтида мобил телефонларига тикилиб турибдилар. Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, экстремизм даъватчилари сўнгги йилларда Telegram ва Whatsapp каби смартфон иловаларидан фаол фойдаланишни бошлаганлар. (Вячеслав Оселедко/AFP)

Қорқиз кийимидаги ёш аёллар Бишкек шаҳрида 2015 йил 31 декабр куни Янги йил арафасида ўтказилган парад вақтида мобил телефонларига тикилиб турибдилар. Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, экстремизм даъватчилари сўнгги йилларда Telegram ва Whatsapp каби смартфон иловаларидан фаол фойдаланишни бошлаганлар. (Вячеслав Оселедко/AFP)

БИШКЕК – Ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланишларига қарамасдан, қирғиз ёшлари онлайн экстремистик ташвиқотни ажрата олмайдилар, деб огоҳлантирмоқда мутахассислар.

Марказий Осиёнинг барча давлатларида фаолият юритувчи Марказий Осиёда Тинчликни сақлаш ва медиа технологиялари мактаби нодавлат ташкилотига кўра, Қирғизистондаги ёшлар экстремистик ташкилотларнинг ноқонуний фаолияти ҳақида жуда кам маълумотга эга.

Қирғизистонда ўтган йили ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 61 фоиз ёшлар «ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган ахборотларга ишонишини», сўралганларнинг 31 фоизи эса бу каби хабарларни гоҳида ўқишини билдирган, 8 фоиз респондентлар ижтимоий тармоқлардаги турли хабарларга қанчалик ишониш мумкин эканига аниқ жавоб беришга қийналган.


Парламент аъзоси Евгения Строкова (ўнгда) Бишкекда бўлиб ўтган 2016 йилги сессиядаги иштироки чоғида. «Мактаб ва университетларда таълим сифатини оширишга эътиборни қаратиш жуда муҳим», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. (Қирғизистон парламенти)

Парламент аъзоси Евгения Строкова (ўнгда) Бишкекда бўлиб ўтган 2016 йилги сессиядаги иштироки чоғида. «Мактаб ва университетларда таълим сифатини оширишга эътиборни қаратиш жуда муҳим», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. (Қирғизистон парламенти)

«Бизнинг ёшларимиз ўта ҳимоясиз», деди парламент аъзоси Евгения Строкова Карвонсаройга. «Мактаб ва университетларда таълим сифатини оширишга эътиборни кучайтириш жуда муҳим. Биз ёшлар орасида сўнгги йилларда юзага келган маданий бўшлиқларни, улар ноқонуний ташкилотлар вакиллари томонидан тўлдирилмасидан аввал, ўзимиз тўлдиришимиз лозим».

Онлайн экстремистик ҳаракатларни аниқлаш

600 минг қирғиз фуқароси ижтимоий тармоқларга аъзо бўлган ва улардан 400 мингдан ортиғи ўз аккаунтларга кириш учун смартфон ва планшетлардан фойдаланади, деб хабар беради Бишкек шаҳридаги Интернет сиёсати бўйича фуқаролик ташаббуси гуруҳи. Интернетдан фойдаланувчиларнинг аксарияти 18-35 ёшлар орасидаги инсонлардир.

Ҳукумат расмийларининг билдиришича, экстремистик унсурлар Марказий Осиё ва Россияда машҳур бўлган Одноклассники каби сайтларда анчайин фаол даражада ноқонуний фаолият юритмоқдалар. Сўнгги йилларда экстремизм даъватчилари Telegram ва Whatsapp каби хабар алмашиш хизматларидан фаол фойдаланишни бошлаганлар.

Экстремистик материаллар жойланган веб-сайтлар ва аккаунтларни аниқлаш учун 2015 йилда мамлакат Бош прокуратураси бир нечта давлат органлари вакиллари ва ёш фаоллардан иборат ишчи гуруҳни ташкил этди. Уларнинг вазифаларига керакли давлат органлари чора кўришлари учун шу каби онлайн материалларни Интернетда, айниқса ижтимоий тармоқларда қидириш кабилар киради.

2017 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари диний ва этник тоқатсизликни тарғиб қилиш учун фойдаланилган бир нечта аккаунтларни фош этди.Ушбу онлайн аккаунтларга алоқадор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтган йили Қирғизистонда ман этилган ташкилотлар ва ҳаракатларнинг ғояларини ёйган 20 дан ортиқ аккаунт ва саҳифаларни аниқлади. Амалиёт якунларига кўра, веб-мутахассислар нафрат ва тоқатсизликни тарғиб қилувчи 60 дан ортиқ фото ва 20 та видеони ўчириб ташлаганлар.

Расмийлар ягона стратегиядан фойдаланишга чақирмоқда

Террорчилик ва экстремизмга қарши курашда умумий ахборот стратегиясини ишлаб чиқиш жуда муҳим, деди Қирғизистон Президенти Сооронбай Жеенбеков 4 декабр кунги нутқида.

У Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига (ДМХҚ) радикал ҳаракатлар аъзоларига нисбатан профилактик чоралар кўришни кучайтириш, бунда айниқса, ижтимоий тармоқларда экстремистик ғоялар ёйилишининг олдини олишга катта эътибор қаратиш вазифасини юклади.

«Ўтган ҳафта биз университетимизда экстремизмга қарши кураш бўйича машғулот ўтказдик», деди ўзининг ўқиш жойини сир сақлаган Бишкеклик талаба қиз Айнагул Қодирова Карвонсарой билан суҳбатда.

«Биз янги қонунлар ҳақида ва экстремистлар ижтимоий тармоқлардан қандай фойдаланишлари ҳақида билиб олдик», деди у. «Бу маълумотлар мен учун янгилик бўлди. Мен дўстларим билан жуда кўп вақтимни ижтимоий тармоқларда ўтказаман ва экстремистик оқимларнинг таъсирига тушиб қолишим мумкинлигини ҳеч ўйламаганман».

«Энди эса маълумотлар билан қуролланганман, демак - ҳимояланганман», деди у.

Қонунчилик хавфсизлик самарадорлигини кучайтирмоқда

2016 йилда Қирғизистон экстремизм ва террорчиликнинг олдини олишдаги курашда давлат ролини кучайтирувчи бир неча қонунларни қабул қилди. Масалан, парламент хавфсизлик хизматларига суд қарорисиз 3-5 кун ичида экстремистик материаллар жойланган веб-сайтларни блоклашга рухсат берувчи қонунни қабул қилди.

Шунингдек, 2016 йилда, ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев халқаро терроризм ва экстремизмга алоқадор жиноятларни содир этганлик учун бериладиган жазоларни кучайтиришни назарда тутувчи қонунларни имзолади.

Қонунчиликдаги асосий янгиликлардан бири - экстремистик ва террорчилик фаолиятини очиқчасига маъқуллаганлик учун жарималар ва омма олдида террорчиликка чақирув ёки уни оқлаганлик учун жиноий жазоларнинг киритилиши бўлди.

Ушбу қонунларнинг қабул қилинишига 2016 йил июнь ойида юз берган воқеа туртки бўлди -ўшанда Қорасув шаҳри расмийлари ўша вақтда 21 ёшда бўлган Абдуллоҳ Нурматовниижтимоий тармоқларда экстремистик фаолиятни маъқуллагани ва экстремистик материалларни сақлагани учун қамоққа олишган эди. У 1 йиллик синов муддатига ҳукм қилинган эди.

Ўша йилнинг ўзида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва ДМХҚ судларга экстремистик ва террорчилик ғояларини ташвиқ қилган веб-сайтларни блоклаш бўйича 13 та сўровнома юборди. 2016 йилда, умумий ҳисобда, судлар Қирғизистондаги 86 та веб-сайтга киришга тақиқ қўйди.

Сизга мақола ёқдими?

23
18
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha