2018-02-12 | Хавфсизлик

Ўзбекистон ва Афғонистон қўшма комиссиясининг илк рамзий мажлиси бўлиб ўтди

Карвонсарой

Икки мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизлик кучлари экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқдилар.

Афғонистон ва Ўзбекистон вакиллари 10 февраль, шанба куни Тошкентда қўшма комиссиянинг хавфсизлик масалалари бўйича биринчи давра учрашувини ўтказдилар. (ЎзА)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ва Афғонистон 10 февраль, шанба куни Тошкент шаҳрида ўтказилган ўзбек-афғон қўшма комиссиясининг хавфсизлик масалалари бўйича илк мажлиси орқали ҳамкорликни кучайтириш томон яна бир қадам ташлади.

Икки мамлакат вакиллари экстремизмга қарши курашиш, гиёҳванд моддалар савдоси, қуроллар контрабандаси ва бошқа трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишда Ўзбекистон ва Афғонистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик органлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) хабарига кўра, «Ўзбекистон-Афғонистон хавфсизлиги масалалари бўйича қўшма комиссиянинг биринчи сессиясида эришилган натижалар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, хавфсизликни таъминлашга ва стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқишга ёрдам беради», дейди Афғонистоннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар.

Икки ва кўп томонлама алоқаларни кучайтириш

Қўшма саъй-ҳаракатлар божхона ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш ва мамлакат чегараларининг хавфсизлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади, деб қайд этди томонлар учрашув чоғида.

Комиссия аъзолари минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қўшма маданий, иқтисодий, энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнини қўллаб-қувватлаш, жумладан Мозори Шариф – Ҳирот темир йўли ва Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линияси барпо этилиши муҳимлигини таъкидладилар.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар чуқурлашиб бораётганини қайд этаркан, Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Бунда ўтган йил декабр ойида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган сиёсий, савдо-сотиқ, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги шартномаларни ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Ўтган йил декабрь ойида Ғани ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган учрашув икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайишига ёрдам берди, деди Атмар сессия чоғида.

Икки давлат раҳбарларининг Тошкентда бўлиб ўтган учрашувларида эришилган келишувлар юзасидан фикр алмашиш жараёнида комиссия аъзолари икки томонлама ва кўп томонлама хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидладилар, дейди Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлил маркази раҳбари Аҳмад Мансуров ЎзАга.

Ўзбекистон дипломатик ролини кучайтириш ниятида

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида барча соҳаларда яқин ҳамкорлик Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга ёрдам беради ва минтақада узоқ муддатли барқарорликни кафолатлайди, дейди комиссия аъзолари ва мутахассислар.

«Ушбу комиссия фаолияти Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсатининг яққол ютуғидир», дейди тошкентлик собиқ дипломат Фаррух Назимов Карвонсарой нашрига. «Ўзбекистон Марказий Осиёда «юмшоқ дипломатия», яъни гуманитар ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш орқали етакчи рол ўйнамоқчи.»

«Агар Тошкентда март ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган Афғонистондаги тинчлик бўйича конференция жиддий ютуқларга эришса, Мирзиёев бир неча ўн йиллардан буён давом этаётган можарони ҳал қилган инсон сифатида тарихда қолади», дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Валерий Хон Карвонсарой нашрига.

«Ўзбекистон муросага келтирувчи томон сифатида, барча томонлар учун қизиқарли ва манфаатли деди у. «У ташқи сиёсатига путур етмаган, нейтрал ва дўстона давлат.»

(Мақолага Тошкентдан Максим Енисеев ўз ҳиссасини қўшди.)

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 0

Фикрлар

* Мажбурий
Captcha
Асосий мақола
2018-02-07 | Энергия

CASA-1000 минтақавий электр узатиш тармоғининг қурилиши шу йил бошланиши кутилмоқда

Лойиҳанинг мақсади ёз ойлари давомида Қирғизистон ва Тожикистоннинг ортиқча электр энергиясини Афғонистон ва Покистонга етказиб беришдир.

Сўровнома

АҚШнинг мамлакатингиз иқтисодиётига ёрдам беришга оид саъй-ҳаракатлари қанчалик самарали?

Натижаларни кўриш