| Энергия

Европа банки Ўзбекистондаги электростанцияни янгилашга кўмаклашади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки


Таллимаржон иссиқлик электр станцияси, санасиз сурат. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) мазкур иншоотни модернизация қилишга ёрдам беради. [ЕТТБ]

Таллимаржон иссиқлик электр станцияси, санасиз сурат. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) мазкур иншоотни модернизация қилишга ёрдам беради. [ЕТТБ]

ТОШКЕНТ – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) 14 январь куни маълум қилишича, Таллимаржон ИЭСда қўшимча энергоблокларнинг ўрнатилиши эвазига Ўзбекистон жанубида электр энергияси таъминоти сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда.

Лойиҳа ЕТТБнинг «Ўзбекенерго«га тақдим этган 240 млн. АҚШ долларига (2 трлн. сўм) тенг кафолатли кредити ҳисобидан молиялаштирилмоқда ва бу ҳозирги кунга қадар ЕТТБ томонидан Ўзбекистонга киритилган энг йирик сармоя ҳисобланади.

Лойиҳа Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда молиялаштирилади.

Мазкур кредит мамлакатда электр энергия ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашга масъул бўлган «Ўзбекенерго» давлат корхонасига тегишли инфратузилма ва умумий қуввати 900 МВт бўлган буғ-газ турбиналарини ўрнатиш имконини беради.

ЕТТБ лойиҳанинг тугалланиш муддати ва ўрнатиладиган буғ-газ турбиналари сонига аниқлик киритмаган.

Ишончли ва самарали энергия манбаига бўлган талаб

Инвестициялар минтақанинг асосий муаммоси, аниқроғи, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун узлуксиз ва барқарор энергия таъминоти муаммосини ҳал этишга йўналтирилади.

Янги лойиҳа Ўзбекистонда энергия таъминотининг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш ва ҳукуматнинг мамлакат бўйлаб янги, замонавий энергия манбаларини барпо этиш мақсадларига кўмаклашади.

Бу мақсад Ўзбекистон учун айниқса муҳим, сабаби бу ерда ишончсиз энергия манбалари ва эскирган иншоотлар сабабли энергия таъминотидаги йўқотишлар 20 фоизгача етади.

Янги юқори самарали буғ-газ турбиналари ишланмаси углерод зичлигининг Ўзбекистон энергетика саноатидаги ўртача кўрсаткичини қарийб икки баравар пасайтиришга имкон беради. Бунинг натижасида углерод чиқиндисини сезиларли даражада камайтиришга эришилади.

Шу кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 70 та лойиҳа доирасида 1,3 миллиард евро (12,4 триллион сўм) инвестиция киритган.

Сизга мақола ёқдими?

34
5
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат Captcha
| 2019-04-03

Таъсирли

Жавоб бериш
| 2019-01-25

Бунга тендер эълон қилиб кейин қурилса мени фикрим яхши бўларди. Кейин қуёш энергиясини ишлаб чиқариш яхши натижа беради.

Жавоб бериш