Карвонсарой
Жамият

Қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядаги хавфли меҳнат шароитларидан норози

Канат Алтинбаев

25 июнь куни Бишкекда 200дан ортиқ қирғизистонлик иштирокида Россиядаги меҳнат муҳожирларига нисбатан ёмон муносабатга қарши норозилик акцияси ўтказилди. (НТС телерадиокомпанияси лавҳасидан олинган кадр)

25 июнь куни Бишкекда 200дан ортиқ қирғизистонлик иштирокида Россиядаги меҳнат муҳожирларига нисбатан ёмон муносабатга қарши норозилик акцияси ўтказилди. (НТС телерадиокомпанияси лавҳасидан олинган кадр)

БИШКЕК – 25 июнь куни 200га яқин меҳнат муҳожири Бишкекда тўпланиб, Россиядаги хавфли меҳнат шароитлари ва мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг босимига норозилик сифатида «флешмоб» акциясини ўтказдилар.

«Мигрантлар овози» деб номланган ноодатий акция иштирокчилари «Биз Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг учдан биримиз», «Миграция оиламни барбод қилди» ва «Оиламни боқиш учун мигрант бўлдим» деган сўзлар битилган плакатларни кўтариб чиқдилар, деб хабар беради Akipress.

Ватандаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар қирғизистонликларни Россияга бориб ишлашга мажбур қилмоқда. Уларнинг кўпчилиги уйига пул жўнатиш ва қариндошларини едириб-кийдириш учун ўз оилаларини ташлаб кетадилар.

Қирғизистон Миллий банки маълумотларига кўра, 2019 йилнинг дастлабки икки ойида мамлакатга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 344,6 млн. АҚШ долларини (23 млрд. қирғиз сўми) ташкил этган. 2018 йилда қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари уйларига 2,7 млрд. АҚШ доллари (188 млрд. қирғиз сўми) жўнатганлар.

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Қирғизистондаги «Инсан-Лейлек» ноҳукумат ташкилоти ходимлари февраль ойида Чуй вилоятининг Тўққизбулоқ қишлоғи аҳолиси учун миграция хавфсизлиги бўйича тренинг ўтказдилар. (Инсан-Лейлек/Facebook)

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Қирғизистондаги «Инсан-Лейлек» ноҳукумат ташкилоти ходимлари февраль ойида Чуй вилоятининг Тўққизбулоқ қишлоғи аҳолиси учун миграция хавфсизлиги бўйича тренинг ўтказдилар. (Инсан-Лейлек/Facebook)

Бу рақам Қирғизистон иқтисодиётининг сезиларли қисмини ташкил қилади. 2018 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8 млрд. АҚШ долларига (559 млрд. қирғиз сўми) тенг бўлган эди.

Қирғизистон ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, 2018 йилда Россияда 640 минг қирғиз фуқароси меҳнат қилган. Қирғизистон аҳолисининг умумий сони эса 6,3 млн. кишига тенг экани айтилади.

Инсон ҳуқуқларининг «кенг кўламли» бузилиши

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан хорижий меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг поймол қилиниши ҳолатлари кўпайган, деди Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси вице-президенти, бишкеклик Толекан Исмаилова.

«Гап Россияда фундаментал инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кенг миқёсда бузилиши ҳақида бормоқда», деди Исмаилова.

Россияда яшаётган қирғизлар ҳуқуқларининг поймол қилиниши оддий ҳолат бўлиб қолган, дейди Чуй вилоятининг Тўқмоқ шаҳридан келган мигрант Болот Орозов.

«Биз ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилинмайдиган биноларда ишлаймиз. Иш бошқарувчилар қурилиш майдончаларида жиддий хавфсизлик чораларини кўрмайдилар», деди у.

Ўтган йили Россияда ис газидан заҳарланиш туфайли фарзандидан айрилган бишкеклик 86 яшар Гулипа Абдиева қизининг жасадини Қирғизистонга олиб келиш имкони бўлмаганини айтган. Қиз даставвал Россияда дафн қилинган эди.

«Ўтган йили баъзи жонкуяр фуқаролар қизимизни ватанимизда дафн қилиш учун молиявий ёрдам кўрсатдилар», деди Абдиева Бишкекдаги НТС телеканалига берган интервьюсида.

Россиядаги мигрантлар меҳнат хавфсизлигининг сустлиги билан бир қаторда, нославян кўринишдагиларни излайдиган «скинхедлар» ёки неонацистлар ҳужумига ҳам учраб турадилар, деди Орозов.

«Терисининг ранги, кўзининг шакли бошқача экани учунгина уриб ўлдирилган одамлар ҳам бор», деб қўшимча қилди у.

Қирғизистон ҳукумат статистикасига кўра, Россияда 2016 йилда 184 та, 2017 йилда эса 136 та меҳнат мигранти ҳаётдан кўз юмган.

Меҳнат мигрантлари учун ҳаёт суғуртаси

Бишкекда намойишга чиққан мигрантлардан бири, меҳнат шароитларининг оғирлиги сабаб Россиядаги ишчилар ҳаётини суғурталаш кераклигини айтди.

Улар ҳар бир меҳнат муҳожири кичик ҳажмда маблағ киритадиган махсус жамғарма ташкил этишни таклиф қилганлар. Бу маблағ қариндошларга ҳалок бўлганларнинг жасадини Россиядан Қирғизистонга олиб келиш имконини беради.

Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб қирқ минг фуқаро имзолаган мактуб Қирғизистон парламентига топширилган.

Парламент йил охирида ўз фаолиятига қайтганидан сўнг, бу масалани биринчи галда ҳал қилиши керак, деди депутат Алмамбет Шикмаматов НТСга берган интервьюсида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳаммасига эсипаст ҳукуматимиз айбдор. Фуқароларимиз учун муносиб иш ўринлари яратиб беролмайди, улар шундай таҳқирланишларга чидаб, чет элга бориб ишлашга мажбур. Жонга тегдиларинг, фақат ўзларингни ўйлайсанлар.

Жавоб бериш

Кўпчилик руслар секин-аста фашистларга айланиб бормоқда.

Жавоб бериш

Россияда ҳар йили юзлаб мигрантлар ўлдирилади.

Жавоб бериш

Йигитлар, аввал ўз уйингизда хорижликларни ўлдиришни бас қилинг. Нигериялик эсингиздан чиқдими?

Жавоб бериш

Россия уларни қулдек ишлатиб устидан кулмоқда, аслида замонавий Россиянинг ярми улар тарафидан барпо этилган.

Жавоб бериш

Россияга келманг. Бориб АҚШда ишланг.

Жавоб бериш

Нега руслар Қирғизистонда тинч яшайди?

Жавоб бериш