http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/04/feature-01
| Жамият

Қирғизистон ҳукумати Ироқ ва Суриядаги жангариларнинг оилаларини ватанига қайтармоқчи

Мунара Боромбаева

31 август куни Бишкек марказида Мустақиллик кунини нишонлаётган қирғизистонликлар. Расмий статистикага кўра, Сурия ва Ироқда 850 нафар Қирғизистон фуқароси, жумладан аёллар ва болалар бор. Қирғизистон ҳукумати сентябрь ойида Ироқдаги қирғиз фуқароларининг фарзандларини ватанига қайтариш бўйича операцияни амалга оширмоқчи. (Мелисовский)

БИШКЕК – Қирғизистон ҳукумати Сурия ва Ироқда қўлга олинган ёки ўлдирилган радикал фуқароларнинг оилаларини ватанига қайтариш бўйича иш олиб бормоқда.

Ушбу операция бош вазир ўринбосари Жениш Разаков раҳбарлигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан мувофиқлаштирилмоқда, дейилади ҳукуматнинг расмий баёнотида.

Ишчи гуруҳ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Ички ишлар ва ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Давлат рўйхатга олиш хизмати вакилларидан таркиб топган.

Хабарларга кўра, делегация сентябрь ойида Бағдодга йўл олиши кутилмоқда. Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига Ироқ визаси берилган ва Қирғизистондан Ироққа чартер рейси ташкил этилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Қирғизистон Ироқда ота-онасиз қолган ва мамлакатнинг виза тартибини бузган деб топилган болалар учун жарима тўлашни ҳам режалаштирмоқда. Қирғизистон ҳукумати ҳозирда бунинг учун зарур маблағ ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Расмий статистик маълумотларга кўра, Сурия ва Ироқдаги уруш ҳудудларида 850 нафар Қирғизистон фуқароси, шу жумладан аёллар ва болалар бор.

«Қирғиз фуқароларини Суриядаги курд жамлоғидан қайтариш масаласига келсак, Қирғизистоннинг Туркиядаги дипломатик корпуси ва консуллик хизмати орқали халқаро ташкилотлар ресурсларидан фойдаланган ҳолда курд жамлоғига кириш ва қирғиз фуқароларининг турган жойини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда», дейилади ҳукумат баёнотида.

«Экстремистик мафкурага барҳам бериш»

Қирғиз аёллари ва болаларини ватанига қайтаришдан олдин, ҳукумат ўз фуқароларини олиб келиш ва реабилитация қилиш бўйича пухта режага эга бўлиши керак, деди Дин ишлари бўйича давлат агентлигининг собиқ директори Ўрозбек Молдалиев.

«Биз Ўзбекистон ва Қозоғистон билан тенглашиб, болаларимизни олиб келмоқчимиз. Олиб келамиз ҳам, аммо кейин уларга ким қарайди?» дейди Молдалиев.

«Шуни ҳисобга олишимиз керакки, бу болаларнинг оналари онгли равишда «халифалик» ғояларига берилган эрларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг ортидан мамлакатни тарк этганлар», деди у. «Уларга экстремистик ғоялар сингдирилган. Қандай қилиб улар ўз фарзандларидан воз кечишга рози бўладилар? Уларни радикализмдан халос қилиш қилиш учун бизга экстремистик ғояларни фош қиладиган кучли экспертлар ва мутахассислар керак.»

Ҳукумат болаларни ватанига қайтариб тўғри иш қиляпти, дейди бишкеклик диний хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Иқбол Мирсаитов.

«Бизнинг ҳукумат ва жамоатчилик бу болаларга нисбатан инсоний муносабатда бўлишни истайди, чунки уларда гуноҳ йўқ, уларни ота-оналари ўзи билан олиб кетган», деди у. «Бу биринчидан. Иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, уруш ҳудудларидаги болалар оғир аҳволда қолишган.»

Бу болаларнинг кўпчилиги касал ва даволанишга муҳтож, айримлари жуда кичик ёшда ота-онасиз қолишган, деб қўшимча қилди у.

«Менимча, ҳукумат тўғри инсонпарварлик чораларини кўрмоқда», деди Мирсаитов. «Алданганлар орасида катта ёшдагилар ҳам бор. Биз жамиятга уларнинг тавба қилганини кўрсатишимиз керак.»

Реабилитация ва мослаштириш

Қайтиб келганларни реабилитация қилиш ва уларни жамиятга мослаштириш энг асосий масаладир, деди Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Азиза Султонбекова.

«Уларнинг қайтарилиши – ишнинг 20 фоизини ташкил этади, энг асосий иш улар бу ерга келганларидан кейин бошланади», деди Султонбекова «Новые лица» газетасига берган интервьюсида.

«Қайтарилганларни реабилитация қилиш бўйича махсус протокол мавжуд, лекин айни дамда биз операциянинг хавфсизлик ва нозик томонларини ҳисобга олиб, барча тафсилотларни очиқлай олмаймиз», деди у. «Болалар Қирғизистонга қайтарилганида кўп нарса ойдинлашади.»

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-09-04

Баракалла! Қозоғистон сиз билан!

Жавоб бериш