Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Cунъий йўлдош антенналарининг тақиқланиши ортидан Туркманистон аҳолиси Россия телевидениеси ва мафкураси таъсиридан четда қолди

Жумагули Аннаев

Тошҳовуздаги кўп қаватли бинода ўрнатилган сунъий йўлдош антенналари, сентябрь ойи. (Жумагули Аннаев)

Тошҳовуздаги кўп қаватли бинода ўрнатилган сунъий йўлдош антенналари, сентябрь ойи. (Жумагули Аннаев)

АШХОБОД – Рақамли узатишга ўтиш билан кўплаб туркманлар Кремль мафкурасини тарғиб қилишда қўлланилган Россия телеканалларини томоша қилиш имкониятидан маҳрум бўлмоқдалар.

Кўп қаватли биноларда яшовчи аҳоли ҳокимият талабига кўра сунъий йўлдош антенналаридан фойдаланмай қўйган. Маҳаллий ҳукуматга кўра, антенналар Туркманистон шаҳарларининг кўркини бузади, дейди «Туркмантелеком» компаниясининг техник қўллаб-қувватлаш менежери.

«Уйларнинг томлари ва деворларига ўрнатилган сунъий йўлдош антенналарининг саноғи йўқ», дейди аноним қолишни истаб ўзини Азамат деб танитган менежер.

«Ҳар бир одам уларни истаганича ўрнатган, шу боис улар шаҳарнинг архитектура кўринишини бузган», деб қўшимча қилди у.

Тошҳовуздаги ҳовлида ўрнатилган сунъий йўлдош антеннаси, 2018 йилнинг июль ойи. (Жумагули Аннаев)

Тошҳовуздаги ҳовлида ўрнатилган сунъий йўлдош антеннаси, 2018 йилнинг июль ойи. (Жумагули Аннаев)

Россия каналлари рақамли узатишга ўтар экан, Туркманистон фуқароларининг 50 фоизидан кўпини ташкил қилувчи қишлоқ аҳолиси Россия телеканалларини томоша қилиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.

Айрим туркманистонликларнинг сўзларига кўра, Россия телеканаллари ретрансляцияси октябр ойининг охирги 10 кунлигидан тўхтатилган.

Туркманистон шимолидаги Кўҳна Урганч туманида яшовчи Байрамгелди Аразнепесов бу ҳудудда Россия телеканалларини умуман томоша қилиб бўлмаслигини тасдиқлади.

«Сунъий йўлдошларимиз «1-Канал» ва «Россия 1» каналлари сигналини қабул қилмаяпти», деди у.

Азатнинг сўзларига кўра, айни дамда сунъий йўлдош антенналари орқали фақат маҳаллий туркман каналлари, баъзи ўзбек ва турк каналларини томоша қилиш мумкин.

Ташвиқот кўринишлари

Баъзи туркманистонликлар сунъий йўлдош антенналари орқали Россия телеканаллари ва дастурлари узатилмай қолганидан мамнун.

Жанубдаги Байрамали шаҳрида яшовчи Сона Омарова Россия сиёсий ток-шоуларининг бошловчиларини назарда тутар экан, экранда «Кремль тарғиботчиларининг афтини» кўрмаслигидан хурсанд эканлиги айтади.

«Биз Украина ва унинг муаммоларига бағишланган дастурлар намойиши вақтидаги нохолислик ва очиқ адоватдан чарчаганмиз, гўёки Россиянинг ўзида муаммолар йўқдек», дейди у.

«Менимча, ҳар куни уларнинг юзини кўргандан ва битта нарсани қайта-қайта эшитгандан кўра, ахборот вакуумида қолган маъқулроқ», деб қўшимча қилди у.

Бошқаларга кўра, ҳаддан ташқари кўп зўравонлик намойиш этилиши сабаб, Россия телеканаллари эътибордан четда қолмайди.

Шундай бўлса-да, айрим туркман фуқаролари ТВ-каналларнинг йўқолганидан афсусда.

Аразнепесов энди айрим телевизион фильмларни, жумладан, Европа футбол чемпионати саралаш босқичи ўйинларини томоша қила олмаслигидан хафа эканлигини айтади. Шунингдек, у каналлар ишламай қолгани туфайли Туркманистондан ташқаридаги янгиликларга кириш чекланганидан хавотирда.

«Биз ахборот олиш имкониятидан деярли маҳрум бўлиб қолдик», деди у.

Кабель телевидениесига ўтиш

«Туркментелеком» менежери Азат сунъий йўлдош ликопчаларини йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларни юқори баҳолади.

«Дунёнинг ҳеч бир жойида биздаги каби кўп сунъий йўлдош ликопчалари йўқ», дейди у.

90-йилларнинг ўрталарида мамлакатда хорижий телеканалларни ретрансляция қилиш тўхтатилганидан сўнг аҳоли оммавий равишда қабул қилувчи қурилмаларни сотиб олиш ва ўрнатишни бошлаган эди.

Мамлакатдаги аксарият оилаларда камида иккита «ликопчали» антенна бор – бири Россиянинг «Ямал», иккинчиси эса Европанинг «HotBird» сунъий йўлдоши сигналларини ушлаш учун, деди Азат.

Улар ёрдамида туркманлар дунё бўйлаб юзлаб теле ва радиоканалларни бепул кўрар, жумладан Озод Европа/Озодлик радиосининг туркман хизмати эшиттиришларни тинглар эдилар.

Сунъий йўлдош антенналарига қарши кураш 2007 йилда президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятга келганидан кейин бошланган. Уларни йўқ қилиш кампанияси пойтахтда бошланган ва бугунги кунда барча вилоятлар марказларида ўз ниҳоясига етказилмоқда.

«Биздаги «Туркмантелеком» бепул сунъий йўлдош телевидениеси ўрнига аҳолига пуллик кабель телеканалларини таклиф этмоқда, улар орасида ўзбек ва турк каналлари ҳам бор. Одамлар бажонидил пул тўлаб, кабелга уланмоқдалар», деди Азат.

Кабель телевидениесига уланиш 50 манат (14,25 АҚШ доллари), ойлик обуна эса 10 манатга (2,85 АҚШ доллари) тенг, дейди Байрамали шаҳрида яшовчи Омарова.

«Нархлар аҳолининг катта қисми учун жуда ҳамёнбоп», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500